ЎзА Ўзбек

13.08.2018 19:56 Чоп этиш версияси

50 нафар хотин-қиз ишли бўлди

50 нафар хотин-қиз ишли бўлди Бухоро вилоятининг Шофиркон туманидаги “Зарчабек” маҳалла фуқаролар йиғини ҳудудида тикувчилик цехи иш бошлади.

Томёпқич плитаси ва бошқа қурилиш материаллари ишлаб чиқаришга ихтисослашган “Алибек” масъулияти чекланган жамияти қошида ташкил этилган цехда 50 нафар хотин-қиз доимий иш билан таъминланди.

Лойиҳани амалга оширишда туман хотин-қизлар қўмитаси қўллаб-қувватлаши асосида тижорат банкидан ажратилган йиллик 4 фоизли, узоқ муддатли 220 миллион сўмлик кредит қўл келди. МЧЖнинг ҳам 100 миллион сўмдан ортиқ маблағи йўналтирилди. 

2.JPG

Катта бинода жойлашган цех 50 та замонавий тикув машинаси ва бошқа зарур мебеллар билан жиҳозланган. Бу ерга “Зарчабек” МФЙ ва яқин атрофдаги ҳудудларда яшовчи кам таъминланган, ижтимоий кўмакка муҳтож оилалардан хотин-қизлар ишга қабул қилинди.

– Бир неча йил фарзандларим тарбияси билан машғул бўлдим, – дейди “Дўрмон” маҳалла фуқаролар йиғини ҳудудида яшовчи Умида Саидова. – Охирги бир йилда ўзимга мос иш қидирдим, тополмадим. Қўшни маҳаллада мана шундай замонавий тикувчилик цехи очилгани яхши имконият бўлди. 

3.JPG

Жамият раҳбарияти истиқболда цех яқинида нодавлат мактабгача таълим муассасаси қуришни режалаштирган. Демак, кичкинтой фарзандлари бўлган тикувчи аёллар, ҳудудда яшовчи аҳоли учун қўшимча қулайлик яратилади. Энг муҳими, яна ўнлаб иш ўринлари ташкил этилади.

Эркин Ёдгоров, Тоҳир Истатов (сурат) ЎзА
5 748