Размер шрифта: A A A
Цвет сайта: A A A A

02.05.2018 08:00 Чоп этиш версияси

5 йил совуқ ўлкаларда жанг қилган қаҳрамон

5 йил совуқ ўлкаларда жанг қилган қаҳрамон Қашқадарё вилоятининг Шаҳрисабз тумани қишлоғида яшовчи Иккинчи жаҳон уруши қатнашчиси Ғаффор бобо Сатторов бу йил 98 ёшга тўлди. Юзларидан нур ёғилиб турган отахон қўлларини дуога очар экан, мана шундай ёруғ кунларга етказганига шукрона келтирди. 

– Яратганга беҳисоб шукр, тинч-осойишта юртда яшаяпмиз, – дейди Ғаффор бобо. – Яқинда Юртбошимизнинг уруш қатнашчиларини рағбатлантириш тўғрисидаги фармонини эшитиб, ичимдан бир туғёнлар келди, хурсандчиликдан бу. Қанча-қанча ёр-биродарларимиз бу кунларни кўролмай кетди. Руҳлари шод бўлсин, илоҳим. Энди уруш сира қайтмасин. Тинчлигимиз абадий бўлсин.

Ғаффор бобо Сатторов умрининг 5 йилини ўзи учун нотаниш бўлган совуқ ўлкаларнинг ўрмонларида ўтказди, юрт тинчлиги, озодлиги учун қаҳрамонларча жанг қилди. Баъзан қаттиқ яраланди, лекин жанг майдонини ташлаб кетмади. Мард ва жасур эканини такрор-такрор исботлади. Она юртига омон қайтди. Узоқ йиллар қишлоқ хўжалик соҳасида меҳнат қилди. Уруш келтирган вайронагарчилик, очарчилик, қийинчиликларни сабот билан енгди. 8 фарзандни тарбиялаб, элга қўшди.

5.jpg

– Туманимизда 10 нафар уруш қатнашчиси яшайди, – дейди “Нуроний” жамғармаси Шаҳрисабз тумани раиси Нўъмон Узоқов. – Уларнинг ҳолидан мунтазам хабар олиб турибмиз. Уруш қатнашчиларининг ҳар бирига улар яшайдиган ҳудуддан бир нафар тиббиёт ходими бириктирилган бўлиб, доимий равишда тиббий назорат олиб борилади. Ҳар йили “Қашқадарё соҳили” санаторийсида даволанишлари учун йўлланма берилади.

Ўлмас Баротов, Жамшид Норқобилов (сурат), ЎзА
8 576