ЎзА Ўзбек

13.01.2020 Чоп этиш версияси

5 та ташаббус доирасида 2,9 миллион нафар ўқувчи тўгаракларга жалб этилди

5 та ташаббус доирасида 2,9 миллион нафар ўқувчи тўгаракларга жалб этилди

Президентимиз томонидан илгари сурилган 5 та муҳим ташаббус доирасида умумтаълим мактабларида турли тўгараклар фаолияти йўлга қўйилди.

Биринчи ташаббус ёшларнинг мусиқа, рассомлик, адабиёт, театр ва санъатнинг бошқа турларига қизиқишларини оширишга, истеъдодини юзага чиқаришга хизмат қилади.

Иккинчи ташаббус ёшларни жисмоний чиниқтириш, уларнинг спорт соҳасида қобилиятини намоён қилишлари учун зарур шароитлар яратишга йўналтирилган.

Учинчи ташаббус аҳоли ва ёшлар ўртасида компьютер технологиялари ва интернетдан самарали фойдаланишни ташкил этишга қаратилган.

Тўртинчи ташаббус ёшлар маънавиятини юксалтириш, улар ўртасида китобхонликни кенг тарғиб қилиш бўйича тизимли ишларни ташкил этишга йўналтирилган.

Бешинчи ташаббус хотин-қизларни иш билан таъминлаш масалаларини назарда тутади.

Халқ таълими вазирлиги маълумотига кўра, айни вақтда бешта муҳим ташаббус бўйича юртимиз умумтаълим мактабларида турли тўгараклар намунали фаолият олиб бормоқда.

Хусусан, маданият ва санъат йўналишидаги тўгаракларга 779 минг, жисмоний тарбия ва спорт бўйича 1,1 миллион, ахборот технологиялари йўналишига 444 минг, китобхонликка 264 минг нафар ўқувчи ҳамда 377 минг нафар қизлар ижтимоий фаол ҳаётга жалб этилди. Жами 2,9 миллион нафар ўқувчи тўгаракларга жалб этилиб, умумий кўрсаткич 47,5 фоизни ташкил этди.

Эслатиб ўтамиз, 2019 йилнинг 19 март куни Президентимиз илгари сурган 5 та муҳим ташаббус юртимизнинг барча ҳудудларида жорий этилиши бўйича вазифалар белгилаб берилган.

2 143
ЎзА