Ўзбекистон Миллий ахборот агентлиги

12.09.2018 19:13 Чоп этиш версияси

5 суткалик қамоқ жазоси тайинланди

Ижтимоий тармоқларда “Матиз” русумли автомобиль ҳайдовчиси жамоат транспорти учун мўлжалланган жойни ўз автомашинаси билан тўсиб қўйганлиги акс этган видео тарқалди.

Шунингдек, ҳайдовчи “Тоштрансдиспетчерхизмат” унитар корхонаси вакилининг эътирозига эътибор бермай, қўпол тарзда аёл кишини ҳақорат қилиб, унинг қўлидан мобиль телефонини тортиб олмоқчи бўлган. Буни эплай олмагач, унга қўл кўтарган. Ушбу факт бўйича Тошкент шаҳар ИИББ томонидан чора кўрилди. Ҳуқуқбузар Зангиота туманида яшовчи 26 ёшли Ҳ.М исмли фуқаро эканлиги аниқланди.

Тошкент шаҳар ички ишлар бош бошқармаси ахборот хизматининг маълумотларига кўра, ҳайдовчи қўлга олиниб, унга нисбатан Ўзбекистон Республикаси Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексининг тегишли моддалари асосида баённомалар тузилди.

Бундан ташқари, “Тоштрансдиспетчерхизмат” унитар корхонаси раҳбариятининг аризасига асосан Шайхонтоҳур тумани Маъмурий ишлар бўйича суди томонидан Ҳ.М Ўзбекистон Республикаси Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексининг 183-моддасида (Майда безорилик) назарда тутилган ҳуқуқбузарлик амалга оширганликда айбдор деб топилиб, унга нисбатан 5 сутка муддатига маъмурий қамоқ кўринишидаги жазо тайинланди.

ЎзА