ЎзА Ўзбек

20.08.2018 14:43 Чоп этиш версияси

5 миллион сўмлик китоблар совға қилинди

5 миллион сўмлик китоблар совға қилинди
Асрлар давомида ўз бағрида олам-олам сирларни яшириб келаётган виқорли тоғлар, бепоён дала-ю даштлар, кўркам боғ-роғлар, зилол чашмалар, инсон руҳиятига ором берувчи дилбар табиат – Сўх туманининг ўзига хос "ташриф қоғози" бўлиб келмоқда. 

Гарчи пойтахтдан олисда жойлашган бўлса-да, кўп миллатли сўхликларнинг кенгфеъли, самимий меҳмондўстлиги, меҳнаткаш ва тантилиги уларга бўлган ҳурмат ва эҳтиромни доимо оширади. Бугун бу ерда ўзаро тотувлик, миллатлараро дўстлик ва аҳиллик муҳитида 76 мингдан зиёд аҳоли осуда ва тинч ҳаёт кечиришмоқда. 

Истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш туман жамияти фаолияти билан яқиндан танишиш ва уларга зарур шарт-шароитлар яратиш, аҳолининг юксак истеъмол маданиятини ошириш бўйича қилинаётган кўламли ишларни ўрганиш мақсадида Федерация раиси Ж.Саримсоқов Фарғона вилоятининг Сўх туманида бўлди.

Федерация раҳбари маҳаллаларда бўлиб, туман аҳолиси билан мулоқотлар ўтказди. Туман ҳокими Фаррух Усаров билан учрашув чоғида истеъмолчилар билан ҳамкорлик борасида бажарилган ишлар, келгусида бу йўналишда ҳал қилиниши керак бўлган долзарб вазифалар ва режалар муҳокама қилинди. 

Уйма-уй юриш асносида аҳоли муаммоларини самарали ўрганиш, уларни тизимли ечиш механизмларини ҳаётга татбиқ этиш, давлат ва нодавлат ташкилотлари ўртасида ўзаро алоқаларни янада фаоллаштириш ҳақида атрофлича фикр алмашилди. 

Хонадонларига кирилиб, нуроний отахонлар ва мунис онахонларнинг ислоҳотлар жараёнлари ҳақидаги дилдан айтилган фикр-мулоҳаза ва таклифларига қулоқ солинди, оддий инсонларни ўйлантираётган муҳим масалалар ва муаммолар ўрганилди, камчиликлар ечими бўйича амалий кўмак кўрсатиш юзасидан Фарғона вилояти ва туман жамиятларига тегишли кўрсатмалар берилди. 

Ж.Саримсоқов жамият ходимлари томонидан аҳоли мурожаатлари билан ишлашда талабчанлик ва қатъийликни ҳар қачонгидан ошириш, уйма-уй юриш асосида халқ билан тўғридан-тўғри, юзма-юз мулоқот тизимига ўтиш, ҳеч бир аризани эътибордан четда қолдирмаслик, соҳага оид қонун ва ҳукумат қарорларини ижро этишда жамоатчилик назоратини оғишмасдан амалга ошириш, аҳолини иш билан таъминлашга муносиб ҳисса қўшиш масаласига жиддий урғу берди.

Хусусан, “Равон” маҳалласида истиқомат қилувчи, кам таъминланган ва ногиронлиги бор, моддий ёрдамга муҳтож, якка-ёлғиз Малика Мўминова хонадонига кирилди ҳамда унга моддий ва маънавий ёрдам кўрсатилди. 

Ижтимоий соҳа объектлари, жумладан 26-умумтаълим мактабида бўлиб, мактаб кутубхонасига 5 миллион сўмлик юздан ортиқ китоблар, жумладан, дарслик ва қўлланмалар, бадиий ва болалар адабиётлари, илмий-оммабоп асарлар тақдим этилди.

ЎзА
5 896