Ўзбекистон Миллий ахборот агентлиги

06.08.2018 00:05 Чоп этиш версияси

5 август куни 1443 нафар абитуриент тест синовларига келмаган

5 август куни 1443 нафар абитуриент тест синовларига келмаган Республика олий таълим муассасаларига кириш тест синовларининг бешинчи куни ҳам муваффақиятли ўтказилди, деб маълумот бермоқда Азиз Абдуҳакимов ўзининг Фейсбукдаги саҳифасида.

Унда қайд этилишича, 5 августдан ҳаво ҳароратининг кўтарилиши сабабли абитуриентларнинг ота-оналари учун салқин жойларда ўринлар сони кўпайтирилган ва у ерда катта ҳажмли мониторлар ёрдамида тест жараёнлари онлайн кўринишда ёритиб борилган.

Тест синовлари 18 та олий таълим муассасаларининг 98 та таълим йўналишида ўтказилди ва уларда 57 минг 728 нафар абитуриент иштирок этди. Турли сабабларга кўра 1443 нафар абитуриент тест синовларига келмаган.

Тест синовлари тартиб қоидаларини бузганлиги сабабли 292 нафар абитуриент, шундан 161 нафари ҳудудга кириш жойида уяли телефон, шпаргалкалар олиб киришга ва ўзгани ўрнига киришга уринганлиги учун, 131 нафари бино ичида шпаргалкадан фойдаланишга ва бошқа абитуриентларга ёрдам беришга уринганлиги учун тест синовларидан четлаштирилди.

Тест натижалари Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳридан Фельдегерлик хизмати томонидан махфийлиги ва дахлсизлигини таъминлаган ҳолда Давлат тест марказига 18.30 дан қайтариш бошланди. Сўнгги материаллар Фарғона водийси ҳамда Қорақалпоғистон Республикаси ва Хоразм вилоятидан кечаси 2:00да етиб келади.

Етиб келган тест натижалари бўйича дарҳол компьютер ёрдамида қайта ишлаш жараёни бошланди.

5 август тест натижалари 6 август куни куннинг иккинчи ярмида Давлат тест марказининг dtm.uz сайтида эълон қилинади.