ЎзА Ўзбек

02.06.2020 Чоп этиш версияси

481 километр узунликдаги йўллар таъмирланади

481 километр узунликдаги йўллар таъмирланади

Йўллар ҳар қандай мамлакатнинг иқтисодий фаровонлиги ва тараққиётини белгилашда муҳим аҳамиятга эга. Шунинг учун юксак тараққиётни кўзлайдиган давлатлар барча тоифадаги йўлларни жаҳон андозалари даражасида бўлишига интилади.

Мамлакатимизнинг барча жойларида бўлганидек, Фарғона вилоятида ҳам улкан бунёдкорлик ишларига аввало, йўллар қурилиши, реконструкциясига алоҳида эътибор қаратилмоқда.

Вилоятда 19 минг 952,5 километр автомобиль йўллари мавжуд бўлиб, унинг 4 минг 31 километри умумий фойдаланишдаги, 15 минг 921,5 километри ички хўжаликлараро автомобиль йўллари, шаҳарлар ва қишлоқ аҳоли пунктлари кўчаларини ташкил қилади.

Автомобиль йўлларини қуриш, реконструкция қилиш, таъмирлаш ва улардан фойдаланиш борасидаги ишлар Фарғона вилояти автомобиль йўллари ҳудудий бош бошқармаси томонидан олиб борилмоқда. Автомобиль йўллари тармоғини ривожлантириш, аҳоли ва йўл ҳаракати иштирокчилари учун қулайликлар яратиш, йўл-транспорт ҳодисаларининг олдини олиш борасидаги кенг кўламли тадбирларни амалга оширишда манзилли, инвестицион ва тегишли давлат дастурлари муҳим аҳамият касб этаётир. Ушбу вазифаларнинг амалга оширилиши иқтисодиёт ривожи, шаҳар ва қишлоқларнинг янада обод бўлиши, халқимизнинг ҳаёт даражаси ва сифатини юксалтиришга хизмат қилаётгани ҳар жабҳада сезилиб турибди.

Ўтган йилда вилоятда 786,2 километр узунликдаги йўлларда умумий қиймати 296,9 миллиард сўмлик бунёдкорлик ишлари амалга оширилган. Шунингдек, белгиланган чора-тадбирлар доирасида ички хўжалик йўлларида 17,1 миллиард сўмлик ва шаҳар кўчаларида 44,9 миллиард сўмлик ишлар бажарилиб, 138,8 километр йўллар тартибга келтирилган.

photo_2020-06-02_20-09-05.jpg

«Обод қишлоқ» ва «Обод маҳалла» дастурлари бўйича 454,3 километр автомобиль йўлларининг таъмирланиши учун 72,9 миллиард сўм сарфланган бўлса, эркин иқтисодий зоналарида мақсадли йўналишда 6,5 миллиард сўмлик ишлар бажарилган.

– Белгиланган ишларни ўз вақтида ва сифатли амалга ошириш учун илғор тажриба, янги техника, технология ва самарали йўл-қурилиш материалларидан фойдаланилмоқда, – дейди Фарғона вилояти Автомобиллар йўллари ҳудудий бош бошқармаси бўлим бошлиғи Жамшид Асқаров. – Ҳозирда тасарруфимиздаги замонавий техникалар ёрдамида режалаштирилган объектларда йўл қурилиши ишлари тизимли олиб борилмоқда. 

Коронавирус пандемияси туфайли фаолиятимизда оз муддат тўхталиш вужудга келган бўлсада, эндиликда бор имкониятларимиздан тўлиқ фойдаланмоқдамиз. Ишчи-хизматчиларимиз айрим объектларда икки сменада меҳнат қилмоқда.

Йўлсозлар Фарғона шаҳрида ташкил этилган Ўзбекистон-Корея Республикаси халқаро университетининг янги биноси қурилишида ғайрат билан ишлаяпти. Улар ўқув маскани қад ростлаган Алишер Навоий кўчасида реконструкция ишларини якунлаб, пиёдалар йўлакларига плитка ётқизмоқда.

Риштон тумани марказини қайта қуриш, шу жумладан, давлат аҳамиятидаги 4Р-112 «Фарғона ҳалқа йўли» инфратузилмасини яхшилаш борасидаги кенг кўламли ишлар авж олган. Кенг, текис, халқаро талабларга жавоб берадиган автомобиль йўллари ҳар қандай инсон ҳавасини келтиради. Бу йўлларни қуриш ва мукаммал таъмирлаш учун йўлсозлар кечаю кундуз тиним билмади. 

photo_2020-06-02_20-09-02.jpg

Замонавий қиёфа касб этган йўллар бўйида тунги чироқлар ўрнатилди, пиёдалар йўлаклари қурилди, ободонлаштирилди, суғориш тизими, маҳаллий йўл ва йўлаклар барпо этиш ишлари амалга оширилди. Мазкур йўлнинг 263-268 километр оралиқларида йўл қурилиши ишлари давом этмоқда.

Йўл қурувчиларнинг қайноқ объектларидан бири давлат аҳамиятидаги Фарғона-Қўқон автомобиль йўлидир. Ҳозирда йўлнинг жорий сақлов ишларига Фарғона кўприклардан фойдаланиш унитар корхонаси, Фарғона йўллардан мунтазам фойдаланиш унитар корхонаси, Олтиариқ, Риштон, Бағдод, Учкўприк туманлари йўллардан фойдаланиш унитар корхоналарининг тажрибали мутахассис-ишчилари, махсус техникалар жалб этилган бўлиб, икки сменада иш олиб борилмоқда. Асосийси, барча ишлар карантин қоидаларига амал қилган ҳолда ташкил қилинмоқда. Бугунги кунда объектнинг 5 километр қисмида асфальтбетон қопламаси ётқизилди.

– Замон тараққий этиб, машиналар оғирлиги ва кўпайиши йўлларнинг таъмирталаб бўлиб қолишига олиб келяпти, – дейди участка бригадири Дилмуроджон Солиев. Шунинг учун ҳозирги йўл лойиҳа-сметаларида мазкур жиҳатларга алоҳида эътибор қаратилган ва назоратга олинган. Ишончим комилки, халқаро талабларга жавоб берадиган йўлларимиз узоқ йиллар халқимизга хизмат қилади,

Вилоятда жорий йилда 481 километр узунликдаги йўлларда 348,8 миллиард сўмлик ишлар амалга оширилиши белгиланган. Январь-апрель ойларида 166,1 километр йўлларда сифатли ишлар бажарилди. Жаҳон банки маблағлари ҳисобидан 38 километрлик умумфойдаланувдаги маҳаллий аҳамиятдаги автомобиль йўлларини тўла таъмирлаш учун йиллик режада кўзда тутилганидек 80 миллиард сўмлик ишлар бажарилади.

Фарғонада замонавий халқаро талабларга жавоб берадиган автомобиль йўллари тармоғини янада ривожлантириш, транспорт коммуникациялари тизимининг халқаро транспорт коридорларига кенг интеграциялашувини таъминлаш, транспорт харажатларини қисқартириш, умумий фойдаланадиган автомобиль йўлларини лойиҳалаштириш, қуриш, таъмирлаш ва маблағ билан таъминлаш бўйича режалаштирилган ишлар босқичма-босқич давом этмоқда.

3 673
М.СУЛАЙМОНОВ, М.ҚОДИРОВ (сурат), ЎзА