ЎзА Ўзбек

13.08.2018 16:19 Чоп этиш версияси

43 фермер хўжалиги майдонидаги ғўза уруғлик пахта тайёрлашга яроқсиз деб топилди

43 фермер хўжалиги майдонидаги ғўза уруғлик пахта тайёрлашга яроқсиз деб топилди
Жиззах вилояти Пахтакор туманидаги Юсуф Тўхташев раҳбарлик қилаётган “Бегзод-Т” фермер хўжалигида 2018 йил мавсумида уруғлик учун экилган майдонларда ғўза апробациясини ўтказиш ва сифатли уруғлик жамғармасини яратиш масаласига бағишланган вилоят кўргазмали семинари ўтказилди.

Вилоят ҳокимлиги ҳамда Инновацион ривожланиш вазирлиги ҳузуридаги “Уруғчиликни ривожлантириш маркази” давлат унитар корхонаси ҳудудий бошқармаси ҳамкорлигида ташкил этилган семинарда Ўзбекистон Фанлар академияси Қишлоқ хўжалиги ва озиқ-овқат таъминоти илмий-ишлаб чиқариш маркази, соҳага алоқадор идоралар вакиллари, уруғчилик фермер хўжаликлари раҳбарлари иштирок этди.

Келгуси йилги ҳосил тақдири кўп жиҳатдан бу йил уруғлик учун экилган пахтага, уни йиғиштириб олиш, қабул қилиш, қайта ишлаш, сақлаш ва яна кўплаб технологик жараёнларнинг тўғри бажарилишига боғлиқ. Йиғилишда айни шу масалалар атрофлича муҳокама қилинди.

Кейинги йилларда ғўза навларини илмий асосда жойлаштиришга эътибор оширилиши натижасида жаҳон бозорида харидоргир бўлган навлар салмоғи ортиб бормоқда. Мамлакатимизда ғўзанинг янги навларини синаш, сифатли уруғларни етиштириш, қайта ишлаш ва навлар бўйича оқилона жойлаштириш жараёнларини такомиллаштириш ҳамда назорат қилиш Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси томонидан белгиланган махсус тизим асосида амалга оширилмоқда.

Жорий йилда уруғлик пахта етиштириш бўйича ўтказилган танловда балл бонитети 50-60 дан кам бўлмаган, етарли даражада қишлоқ хўжалик техникаларига эга бўлган, сув билан яхши таъминланган, иқтисодий бақувват 314 фермер хўжалиги ғолиб чиқиб, уруғлик пахта етиштириш ҳуқуқини қўлга киритган эди.

Вилоят бўйича 2018 йил ҳосили учун жами 83,1 минг гектар, шу жумладан, 39,5 минг гектарга “Ан-Боёвут-2”, 14,7 минг гектарга “С-6524”, 10,6 минг гектарга “Порлоқ-1”, 9 минг гектарга “Бухоро-102”, 7,3 минг гектарга “Султон”, 1,5 минг гектарга “Пахтакор” ҳамда 407 гектар майдонга янги “Генофонд-2” пахта навлари экилган.

Уруғчилик хўжаликлари далаларида агротехник тадбирларнинг бажарилиши бўйича доимий мониторинг олиб борилмоқда. Мониторинг натижаларига кўра, агротехник тадбирлар бузилганлиги аниқланган 43 фермер хўжалиги майдонидаги ғўза уруғлик пахта тайёрлашга яроқсиз деб топилди.

10.JPG

Семинарда апробацияни юқори аниқликда сифатли ўтказиш, уруғлик фондини яратиш учун касалликлар ва зараркунандаларга чалинмаган, маҳсулдор, нав тозалиги юқори бўлган далаларни танлашга аҳамият қаратиш зарурлиги таъкидланди. Бу келгуси йил пахта майдонларини генетик соф, хўжалик сифатлари жиҳатидан энг яхши уруғлик билан таъминлашга замин яратади. “Бегзод-Т” фермер хўжалигининг уруғлик пахта етиштириш тажрибаси, айни кунларда ғўза парваришида амалга оширилаётган ишлар билан танишилди.

Хўжаликда 43 гектар майдонда “Ан-Боёвут-2” нав уруғлик пахта етиштирилмоқда. Агротехник талаблар асосида парваришланаётган ғўза ниҳоллари барча майдонларда меъёрда ва бир текис ривожланаётир.

Мутахассислар, тажрибали пахтакорлар фермер хўжалиги жамоаси амалга ошираётган ишларни, ғўзанинг бугунги ҳолатини юқори баҳолади.

– Келгуси йил деҳқонларимизни генетик соф, хўжалик сифатлари жиҳатидан энг яхши уруғлик билан таъминлаш уруғчилик фермер хўжаликлари раҳбарларининг юксак масъулият билан меҳнат қилишига боғлиқ, – дейди “Уруғчиликни ривожлантириш маркази” ДУК Жиззах вилояти ҳудудий бошқармаси бошлиғи И.Бегатов. – Бу ишнинг амалдаги натижасини бугунги семинар ўтказилган “Бегзод-Т” ва бошқа кўплаб илғор фермер хўжаликлари мисолида ҳам кўрдик. Ғўза парваришининг муҳим даврида ушбу кўргазмали семинарни ташкил этишдан мақсадимиз ҳам уруғчиликни илмий ҳамда деҳқончиликда синовдан ўтган илғор тажрибалар асосида йўлга қўйишдир.

Тошқул Бекназаров, Жамшид Ёрбеков (сурат) ЎзА
14 213