ЎзА Ўзбек

03.05.2018 16:11 Чоп этиш версияси

4 сотих ердан 25-30 миллион сўм даромад

4 сотих ердан 25-30 миллион сўм даромад Томорқа – хазина, деб бежиз айтилмаган. Бугунги кунда 5-6 сотихли ихчамгина томорқадан миллион-миллион сўм даромад олиб, бозорларимиз тўкинлигига ҳисса қўшаётган юртдошларимиз фаолияти бунга яққол мисол.

Қашқадарё вилоятининг Шаҳрисабз тумани "Қўрғонтепа" маҳалла фуқаролар йиғинига қарашли Чорқи қишлоғи аҳолиси ҳам томорқачиликда ўзига хос мактаб яратган.

3.jpg

– Қишлоқ ерлари жуда унумдор, оддий чўп қадасангиз ҳам илдиз отиб кетади, – дейди "Қўрғонтепа" маҳалла фуқаролар йиғини раиси Ғ.Қурбонов. – Бундай ерни бўш қўйиб, бирор нарса экмасликнинг ўзи гуноҳ. Буни яхши билган қишлоғимиз аҳли бир парча ердан ҳам унумли фойдаланади. Масалан, Чорқи қишлоғида 699 оила истиқомат қилади. 50 дан зиёд хонадонда иссиқхона ташкил этилган. Улар йил давомида энди узилган зироатларни бозорга чиқаради. Шунинг ортидан оиласи фаровон, дастурхони тўкин.

Дарҳақиқат, қишлоқнинг қайси бир кўчасига кирманг, мўъжазгина иссиқхоналарга кўзингиз тушади. Абдуҳалим Шарипов ана шундай миришкорлардан.

– Аслида оилавий ҳунармандчилик билан шуғулланамиз, – дейди А.Шарипов. – Бу ота-боболардан мерос касб. Ўғлим билан иккимиз ёғочдан ўймакор буюмлар ясаймиз. Томорқага келсак, уни ҳам бўш қўйганимиз йўқ. 4 сотих майдонда иссиқхона ташкил этганмиз. Эрта баҳорда помидор, булғор қалампири, бақлажон каби сабзавот кўчатлари етиштириб, улгуржи сотамиз. Кўчатлар сотиб бўлингач, ўрнига бодринг экамиз. Ундан сўнг қишки кўкатлар экилади. Шу йўсинда йилига уч марта ҳосил оламиз. Келинлар, набиралар ҳаммамиз бирдек меҳнат қиламиз. Даромадимиз яхши. Йилига 25-30 миллион сўм фойда оламиз.

Маҳалла одамлари деҳқончиликда бир-биридан қолишмайди. Абдуҳалим ака билан суҳбатимизни тинглаб турган қўшниси Шомил Раҳимов ҳам суҳбатга қўшилиб, “Бизнинг томорқани ҳам бир кўринг, иссиқхонада картошка етиштирганман. 20 кун бўлди сотаяпман”, деб қолди.

Шомил аканинг томорқасига ўтдик. Ростдан, чамаси 2 сотихли иссиқхонанинг бир четига экилган картошка ковлаб олинмоқда. Ҳосил мўл. Бунда уй бекаси Мавжуда опанинг хизматлари катта, негаки иссиқхонадаги экинлар парваришига опа масъул экан.

– Иссиқхонага картошка билан бир вақтда редиска ҳам эккан эдик, – дейди М.Холова. – Редискани сотиб бўлдик. Ҳозир ўрнига помидор билан булғор қалампири экканмиз. Картошкани ҳам йиғиштириб олгач, ўрнига бодринг экамиз. Акангиз доим иш билан кўчада. Мен уйда, бекорман. Илгари ҳовлида мевали дарахтдан бошқа ҳеч нарса йўқ эди. Бир боғ пиёзни ҳам бозордан сотиб олардик. Иссиқхона қурганимиздан буён ҳамма сабзавотларни ўзимиз етиштирамиз. Ортгани бозорга сотилади. Рости, томорқачиликда ҳикмат кўп экан. Даромади яхши, меҳнати унчалик оғир эмас. Сув эса, ана, олдимизда. Фақат озгина эътибор ва меҳнат бўлса, бас.

Маҳалла раиси гап орасида қишлоқда экспортчи тадбиркор фермерлар ҳам борлигини айтиб қолди. Масалан, “Бобоев Хайрулло” фермер хўжалиги раҳбари Хайрулло Бобоев 4 гектар ердан ҳар йили 15 минг долларлик маҳсулот экспорт қилар экан.

–Икки гектар ерга халқ орасида “қора шампан” деб аталувчи 600 туп гилос экилган, – дейди фермер. – Ҳозир дарахтларимиз олти йиллик бўлди. Ўтган йили 10 минг долларлик гилос экспорт қилдик. Бу йил ҳам гилосдан умидимиз катта. Ҳар бир дарахтдан 25-30 килограммдан сара гилос олишни мўлжаллаяпмиз. Шу кунларда агрофирмалар гилоснинг бир килограммига 16 минг сўмдан таклиф қилмоқда. Бундан ташқари, 2 гектар майдонда экспортбоп пиёз етиштиряпмиз. Барча агротехник тадбирларни меъёрида амалга оширишга эришдик. Мўлжалимиз, насиб этса, 200 тоннага яқин. Ўтган йили 160 тоннадан кўпроқ ҳосил олган эдик. Ҳосилнинг деярли барчаси экспортга йўналтирилади.

Мухтасар айтганда, Чорқи қишлоғининг ҳар бир хонадони томорқаси обод, ҳосили мўл. Тадбиркор ва омилкор қишлоқ аҳли эса яратилаётган шароит, берилаётган имкониятлардан унумли фойдаланаётганини кўриб, ҳавасимиз келди.

Ўлмас Баротов, Жамшид Норқобилов (сурат), ЎзА
14 495