ЎзА Ўзбек

12.07.2019 18:50 Чоп этиш версияси

4 миллиард 650 миллион сўм маблағ эвазига янги боғча қурилди

4 миллиард 650 миллион сўм маблағ эвазига янги боғча қурилди

Наманган вилояти Наманган туманидаги Тепа Қиёт маҳалласида “Лазизтой” деб номланган янги нодавлат таълим муассасаси ўз фаолиятини бошлади.

Ватанимиз келажаги бугун ёш авлодга қай даражада таълим-тарбия берилишига боғлиқ. Яқин йиллар ичида мамлакатимизда уч ёшдан бошлаб ўғил-қизлар юз фоиз мактабгача таълим муассасаларига қамраб олинишини таъминлаш борасидаги саъй-ҳаракатлар замирида буюк келажагимиз йўлидаги эзгу мақсадлар мужассам. Таълим-тарбия тизимида хусусий ва давлат-хусусий шериклик шаклидаги муассасалар тизими шаклланаётгани ва улар ҳар томонлама қўллаб-қувватланаётгани баркамол авлод тарбиясида муҳим амалий қадамлардан бири бўлмоқда.

Мазкур нодавлат таълим муассасасининг фойдаланишга топширилиши туманда “Обод марказ” дастури асосида амалга оширилган кенг кўламли бунёдкорлик ишларига тадбиркор-таъсисчи Тўлқинжон Назаров томонидан қўшилган муносиб ҳисса бўлди.

photo5280694262624791219.jpg

Умумий қиймати 4 миллиард 650 миллион сўм бўлган ушбу лойиҳани амалга оширишда тадбиркор ўзининг 1 миллиард 450 миллион сўм сармояси ва банкнинг 3 миллиард 200 миллион сўмлик имтиёзли кредит маблағидан оқилона фойдаланди.

Икки қаватли кўркам бинода 140 нафар ўғил-қизга жаҳон андозалари даражасида таълим-тарбия бериш учун барча шарт-шароитлар яратилди. Усти ёпиқ сузиш ҳавзаси, спорт зали, мини-стадион, турли ўйин майдончалари кичкинтойларнинг жисмонан чиниқиб улғайишига хизмат қилади. Ётоқхоналар, машғулот хоналарида кичкинтойларнинг интеллектуал салоҳиятини ўстириш, соғлом ва маданий турмуш тарзи тамойиллари асосида тарбиялашнинг барча зарур талаблари эътиборга олинган.

– Муассасамизга ўғил-қизлар икки ёшдан бошлаб қабул қилинади, – дейди Т.Назаров. – Бу ерда уларга рус ва инглиз тиллари, бадиий гимнастика, эркин кураш каби бир қатор фан, санъат, спорт йўналишларида таълим-тарбия берилади. 21 нафар педагог-тарбиячи иш билан таъминланди.

photo5278423607904676469.jpg

– Бугунги кунда туманимиздаги 32 та мактабгача таълим муассасаси ва 5 та нодавлат, давлат-хусусий шериклик асосидаги таълим-тарбия даргоҳида 5 мингдан зиёд ўғил-қиз қамраб олинган ва бу 36 фоизни ташкил этади, – дейди туман мактабгача таълим бўлими мудири Нафиса Қобулова. – Йил якунигача яна 4 та давлат-хусусий шериклик ҳамда 8 та оилавий мактабгача таълим муассасасини ташкил қилиш ва қамров кўрсаткичини 51 фоизга етказиш режалаштирилган.

photo5280946905486044068.jpg

А.САТТОРОВ, Ҳ.МАМАДАЛИЕВ (сурат), ЎзА
3 489