ЎзА Ўзбек

08.08.2018 18:45 Чоп этиш версияси

376 иштирокчи ишли бўлди

Урганчда касб-ҳунар коллежлари битирувчилари, муддатли ҳарбий хизматдан қайтган ёшлар, жазони ўташ муассасаларидан озод қилинган шахслар, умуман, доимий иш ўрнига эга бўлмаган фуқаролар учун меҳнат ярмаркаси ташкил этилди.

Меҳнат ярмаркасида вилоятдаги 924 корхона, ташкилот ва тадбиркорлик субъектлари 5 минг бўш иш ўрни билан иштирок этди. Иш берувчи томонидан ишчи-ходимларга яратилган қулайликлар ҳақида маълумот берилди.

Ярмаркага 1 минг 700 га яқин доимий иш ўрнига эҳтиёжи бор фуқаро жалб қилиниб, уларнинг 376 нафарига ишлаш учун йўлланма берилди.

– Тадбирда вилоятдаги барча тиббиёт муассасаларидаги меҳнат шароитлари, талаблар билан танишдим, – дейди Тошкент тиббиёт академияси битирувчиси Шириной Шарипова. – Ҳазорасп тумани тиббиёт бирлашмасида ўзимга мос иш топдим. Ойлик маоши мени қониқтирди. Асосийси, ўзим истиқомат қиладиган ҳудудга яқин.

Ярмаркада ўз тадбиркорлигини бошлаш истагида бўлган касб-ҳунар коллежлари битирувчиларига имтиёзли кредит олиш учун банк муассасалари ходимлари томонидан тушунчалар берилди.

А.Шокиров, ЎзА
4 992