ЎзА Ўзбек

15.02.2020 Чоп этиш версияси

35 йилдан кейинги дийдорлашув

35 йилдан кейинги дийдорлашув

Афғонистондан собиқ иттифоқ аскарлари олиб чиқилганига 31 йил тўлди. Ушбу урушда Қорақалпоғистон Республикасидан 3669 нафар навқирон йигит иштирок этди. Улардан 89 нафари она юртига қайтиб келмади.

Нукуслик Нурсултон Шарипов кўпчилик қатори 1983 йилда Ватан олдидаги муқаддас бурчини бажариш учун ҳарбий хизматга чақирилди. Туркманистондаги ҳарбий қисмлардан бирида тайёргарлик кўриб, Термиз шаҳри орқали Афғонистонга отланди. Нурсултон иттифоқ аскарлари таркибида 682-Рухинск мотоўқчилар полкининг 1 батальонида хизматни бошлади. У чаққонлиги, берилган ҳар қандай топшириқни сўзсиз бажариши билан кўзга тушди. Натижада сафдорликдан взвод командирининг ўринбосари даражасигача кўтарилиб, бир қатор орден ва медаллар билан тақдирланди.

photo_2020-02-15_15-52-37.jpg

1984 йилнинг 29 апрели. 1-батальон навбатдаги ҳарбий топшириқни олиб, Панджшер водийсидаги Ҳазар тоғ дараси томон йўл олди. Кечга томон бир тепаликка етиб келишди. Батальон командири Королёв (командирнинг ўлимидан сўнг батальон “Королёв батальони” деб номланди) 1 рота аскарларига дарё орқали тоққа чап томондан, 2-ротага эса ўнг томондан кўтарилиш ҳақида буйруқ берди.

–Дарёнинг оқими кучли, суви эса совуқ эди, – дейди собиқ жангчи Нурсултон Шарипов. – Сув оқизиб кетмаслиги учун ўн нафардан бўлиндик. Тун ярмида кимлардир ўтгандек бўлди. Эрталаб пастга тушишга буйруқ келди. Батальон командири қўмондонга алоқага чиқиб, қўшимча кучларсиз пастга тушиш хавфли эканини билдирди. Лекин, унинг талаби бажарилмади.

Тонги соат 8.00.да йўлимизда давом этдик. Олдимизда сапёрлар. Тоғнинг пастки кенг дарасига келганимизда кутилмаганда барча тарафдан ҳужум бошланди. Дастлаб ҳеч нарсага тушунмадик. Капитан Королёв қарши ҳужумга ўтишга буйруқ берди. Отишма узоқ давом этди. Катта тайёргарлик кўрган террористларнинг ҳужумини қайтариш осон бўлмади. Бизнинг 126 нафар аскардан 25 нафари, ўзбекистонлик 11 нафар аскардан фақат 4 нафари тирик қолди. Ҳамюртим, Қорақалпоғистон Республикасининг Беруний туманидан Қўзибой Ешимбетов ҳам ушбу жангда икки оёғидан жароҳат олди. Бу Афғонистон уруши тарихидаги катта воқеалардан бири бўлди. Бу ҳақда турли мамлакатларнинг кинематографистлари томонидан 8 та ҳужжатли ва қисқа метражли фильмлар суратга олинган. Уларнинг айримларини бугун интернет тармоқлари орқали томоша қилиш мумкин.

photo_2020-02-15_15-52-38.jpg

Шу ерда яна бир воқеани эсга олмоқчиман. Ҳазар тоғ дарасида отишмалар бошланмасдан олдин лейтенантлар Александров ва Жарников ўзларини дарёга ташлаб, бизни тарк этишганди. Эртасига қайтиб келсак, улар иккаласи бизнинг аскарлар орасида турибди. Улар аскарлардан кечирим сўрашарди. Қийин пайтда аскарларни ташлаб кетишса ҳам, улар кечирилди.

Яқинда интернет тармоқлари орқали ушбу воқеалар асосида туширилган бир ҳужжатли фильмни кўриб қолдим. 2-батальон сержанти, Севастопол шаҳрининг собиқ губернатори ташаббуси билан туширилган мазкур фильмда ўша қочқинлардан бири Александров гўёки асосий қаҳрамон сифатида кўрсатилган эди. Ҳатто у Россия Қаҳрамони унвонига тавсия этилибди. Дарҳол ўша воқеа бўйича хотираларимни собиқ МДҲ мамлакатларидаги қуролдошларимга, қазо топган аскарларнинг ота-оналарига, таниш-билишларимга жўнатдим. Ўшандан бери “қаҳрамон” Александровдан дарак йўқ.

Ҳарбий хизмат давридан бир блокнотим сақланиб қолган. Берунийлик Қўзибой Ешимбетов билан тез-тез учрашиб турсак-да, Панджшердаги олишувда тирик қолган икки қуролдош дўстимни тополмай юрган эдим. Ўзбекистон “Veteran” жангчи-фахрий ва ногиронлари бирлашмаси Қорақалпоғистон бўлими кенгаши раиси Бобур Таджимовга ушбу дўстларимни топиб беришда ёрдам сўрадим. Вилоят кенгаши билан боғланиб, яқинда уларни топиб берди. Наманган вилоятидан Расул Мамаджанов ва Хоразм вилоятидан Мақсуд Юсуповлар билан телефон орқали боғланиб, Тошкент шаҳрида учрашишга келишдик. Яқинда 35 йилдан сўнг Тошкентда тўрталамиз дийдорлашдик. Уч кун бирга бўлиб, ҳарбийдаги суронли давримизни эсладик. Мустақиллик майдонидаги Мотамсаро она ҳайкали пойига гул қўйиб, ҳалок бўлганлар хотирасига эҳтиром кўрсатдик. Жорий йил 30 апрелда Нукус шаҳрида учрашишга келишиб олдик.

Бугунги кунда собиқ иттифоқ республикаларидаги жангчи қуролдошларимиз, уларнинг ота-оналари билан алоқа қилиб турамиз. Масалан, хизмат вазифасини бажариш пайтида ҳалок бўлган, Украинанинг Днепр шаҳридан Вячеслав Бугаранинг онаси Мария Ивановна Бугара билан интернет орқали алоқадамиз. Яқинда Афғонистонда ҳалок бўлган жангчиларга бағишланган китоб ҳамда жорий йилнинг 30 апрелида бўладиган тадбирга таклифнома юборибди. Ҳазар тоғ дарасидаги воқеада ҳалок бўлган лейтенантлар Александр Кирсанов ва Сергей Курдюклар Тошкент шаҳридаги Боткин қабристонига дафн қилинган. Улардан бирининг Россияга кўчиб кетган оила аъзолари илтимосига кўра ҳар сафар Тошкентга борганимда қуролдош дўстларимнинг қабрларини зиёрат қиламан.

Бугунги кунда Афғон уруши қатнашчилари соғлиғини тиклаш, ҳалок бўлган жангчилар оила аъзоларини ижтимоий ва ҳуқуқий жиҳатдан ҳимоялаш борасида катта ишлар қилинмоқда. Ўтган йили давлатимиз раҳбари ташаббуси билан Ўзбекистон “Veteran” жангчи-фахрий ва ногиронлари бирлашмаси ташкил этилганининг 25 йиллиги мамлакатимизда кенг нишонланди. Афғон уруши воқеалари биздан қанча узоқлашса ҳам бир-биримизга бўлган меҳр-муҳаббат кўнгилларимизни яқинлаштириб тураверади.

2 250
Довуд АБИБУЛЛАЕВ, ЎзА