ЎзА Ўзбек

14.02.2020 Чоп этиш версияси

338 ўзбекистонлик қаҳрамондан бири

unnamed.jpg      
Буюк Ғалабанинг 75 йиллигига

Иккинчи жаҳон урушида бир ярим миллион ўзбекистонлик жангчи қатнашди. 120 минг жангчи жанговар орден ва медаллар билан тақдирланди. Улардан 338 нафари Совет Иттифоқи Қаҳрамони унвонига сазовор бўлди. Уруш қатнашчилари орасида самарқандлик жасоратли разведкачи-жангчи Боис ака Эргашев бор эди.

...57-60 ёшлардаги, сал тўладан келган, лекин чаққон, ҳарбийларга хос аниқ хатти-ҳаракатдаги бу кишини мен кўпинча Шароф Рашидов ёнида кўрар эдим. У ўз ихтиёри билан мулоқотга киришавермасди. Бир гал тасвирга тушириш гуруҳимиз билан Андижонга тадбир бошлангандан кейин етиб келдик. Қарасам йиғилиш бошланиб кетган, таниш раҳбарлардан эса ҳеч ким йўқ эди. Шунда мен у кишининг олдига бориб ўзимни таништирдим-да: 

– Танаффус пайтида Шароф акага “Время” гуруҳи келибди, тадбирни ёритмоқчи экан деб, айтсангиз, – дедим. У бошини қимирлатди-да ичкарига кириб кетди. 

...Сўнгра у киши билан биз турли йирик тадбирларда, кўпинча саноат корхоналарида, қурилиш объектларида, пахта далаларида учрашиб турар эдик. Бир гал тасвирга туширишдан аввал операторимиз менга қараб бармоғи билан негадир ўзининг кўзини кўрсата бошлади. Мен Шароф акага қарасам, қора кўзойнак тақиб олган экан. 

Шунда мен ўша ёрдамчиси бўлса керак, деб юрган кишининг олдига бориб қулоғига аста: 

– Шароф аканинг кўзларида қора кўзойнак экан, “Время”да қандай бўлар экан, шундай тасвирга туширсак, – деб маслаҳат қилгандек бўлдим. У киши менга ҳеч нарса демасдан секин Шароф аканинг ёнига бориб, нималардир деб қулоғига шивирлади. Шундан сўнг Шароф ака секингина қўзойнагини ечиб қўлига олди ва хўжалик раҳбари билан суҳбатини давом эттирди. 

Кейин маълум бўлишича, бу киши собиқ иттифоқ хавфсизлик қўмитасининг ходими, Совет Иттифоқи Қаҳрамони, Шароф Рашидовнинг тансоқчиси, полковник Боис Ҳамидович Эргашев экан.
1482739374_3.jpg

Иккинчи жаҳон уруши қаҳрамони Боис Эргашев ажойиб ҳаёт йўлини босиб ўтди. Самарқандда туғилган Боис ака ўрта мактабни битиргандан кейин Самарқанд драма театрида ишлади. 1942 йилнинг январь ойида армия сафига чақирилди. 

1942 йилнинг боши Иккинчи жаҳон урушининг энг оғир, қалтис палласи эди. Боис ака 3-Украина фронтининг 12-армиясига қарашли 60-гвардиячи-ўқчи дивизиясининг 132-гвардиячи артиллерия полкида барча мураккаб топшириқларни бажарадиган разведкачи бўлиб хизмат қилди. Совет армиясининг Жанубий-Ғарб, Сталинград, Дон, 3-Украина фронти йўналишларидаги жангларда жон олиб, жон берди, деса бўлади. 1942 йил Харьков остонасида бўлган қирғинбаротда, Сталинград мудофаасида, Ворошиловград, Изюм-Барвенков, Донбасс, Запорожье операцияларида қатнашди. Днепр учун бўлган жангда алоҳида жасорат кўрсатди.

hqdefault.jpg
1943 йили совет армиясининг 81-ўқчи-дивизия 467-ўқчи полкининг Боис Эргашев хизмат қилаётган 3-ўқчи батальони жангчилари Днепр дарёсига чиқишади. 

“Вақтни қўлдан бой бермаслик керак эди. Бизнинг орқамиздан келиб улгурмаган санитарларимиз шприц, бинт, пахта, йод олиб келишини кутиб ўтирмадик, деб эслайди Боис Эргашев хизмат қилган рота командири, капитан А.П.Шилин. Шу заҳоти 3 та қайиқ топиб, дарёни сузиб нариги қирғоққа ўта бошладик. Ва Днепр дарёсининг бурилиш жойида пайдо бўлган Святое ва Линное кўллари оралиғидаги кичик бир ўрмончада пистирмада жойлашиб олдик. Қанча эҳтиёткорлик қилсак ҳам душман разведкаси биз яширинган жойдан хабар топибди. Тўсатдан қаердандир немис самолётлари устимиздан учиб, пулемётларидан ота бошлади. Яхшиямки, кўп талафот кўрганимиз йўқ“.

Янги босиб олган жойимизда телефон алоқаси йўқ эди. Командир А.Шилин зудлик билан алоқани тиклашни буюради. Шунда катта сержант Петров билан разведкачи Боис Эргашев буйруқни эшитишлари биланоқ югурганларича уни бажаришга кетишади. Улар бундай мудҳиш, қалтис вазиятда ниҳоятда тез ва аниқ ҳаракат қилиб чапдастлик кўрсатадилар. Улар барабан топишиб, унга сақич суртилган алоқа кабелини ўрай бошладилар. Сўнгра ҳаммасини қайиққа жойлаб нариги қирғоққа қараб сузиб кетишади. Боис ака йўл-йўлакай кабелни ўрамдан чиқариб, унга оғир тош-юкларни боғлаб, эҳтиёткорлик билан сув остига ташлаб, жойлаб кетар эди. 

Шундай қилиб, икки қирғоқ, айниқса, у ердаги командир пункти билан алоқа боғланди. Ана шундан кейинги буйруқлар асосида зарб билан отилган снарядлар манзилга аниқ етар эди. 

25-дан 26-октябрга ўтар кечаси Боис ака таркибида бўлган десант гуруҳи ўқ, снарядлар ёғилиб турган пайтда Запорожье районидаги Днепр дарёсидан ўтиб, Хортица оролидаги манзилни эгаллайди. У пехота аскарлари турган жойдан дарё устидан телефон алоқа симини тортиб ўтиб, полк командири штабига келтиради. Ва телефон симини бомба, снарядлар портлаб узилган жойларини зудлик билан улаб, узлуксиз алоқани таъминлаб турди. Айни бир пайтда, агар шундай дейиш жоиз бўлса, Боис ака бир қўли билан алоқа симларини улар, иккинчи қўли билан эса немислар ҳужумини қайтарар эди. Бир пайт кутилмаганда Боис ака қуршовда қолганлигини сезди. 22 ёшдаги шерюрак, бақувват ўзбек йигити тўсатдан ёнида пайдо бўлган фашист жангчилари билан ханжар, қўл жангига киришади. Боис Эргашев бир нечта фашист аскарини ер билан яксон қилади, уларнинг пулемётини эгаллаб, бостириб келаётган душманга қарата ўзларининг қуролидан ўт очади.

720_440_80_88e75d75e7bae612ad3a8f6d5963456f.jpg

Бир маҳал: – Алоқа ўрнатилди, – деб мен батальон командири гвардия капитани Колесниковга рапорт бердим. Бу хушхабар жангчилар орасида яшин тезлигида тарқалиб кетди, деб эслайди командир А.Шилин. 

Боис Эргашев озгина мизғиб олиб, эрталабки жангга тайёргарлик кўради. Тонг ота бошлаётган эди. Душман эса ҳужумга тайёрланаётгани кўриниб турарди. Фашистлар ҳужум бошлаганда командир чап қирғоқдаги артиллерияга ўт очишга буйруқ беради. Телефон алоқаси билан корректировка қилинаётганлиги сабабли снарядлар айни нишонга тега бошлайди. Фашистлар саросимага тушиб қолишади. Шунда гитлерчилар резерв кучини ташлайди. 3 та танк важоҳат билан кела бошлайди. 1-танк снаряд билан уриб ишдан чиқарилади. Бир неча дақиқадан сўнг 2-танкка ҳам снаряд тегиб ёнади. Буни кўрган 3-танк ҳайдовчиси уни орқага буриб қоча бошлайди. У ҳам йўқ қилинади. 

Днепр дарёсининг ўнг томонидаги қирғоқни эгаллаш учун қаттиқ жанг борарди. Гитлерчилар уни эгаллашга 13 марта ҳаракат қилади. Улар тез ҳаракат қилиб, мудофаа пунктига етай деб қолганда командир: 

– Биз турган координатга қараб пушкалардан ўқ ёғдиринглар, – деб буйруқ беради. Шу заҳоти пушкалардан отилган снарядлар еру кўкни ларзага солиб портлай бошлайди. Улгурганимиз яшириндик, улгурмаганимиз йўқ. Тупроқ остидан бош кўтариб қарасам, бостириб келаётган немисларнинг кўпчилиги ер тишлаб ётибди. Бу тадбир амалга ошмагач, немислар захирадаги бошқа қисмини бизга қарши ташладилар. Шу пайтда ёнимда Боис Эргашев бор эди, – деб эслайди А.Шилин. – Билардим, унда иккитагина ўқ қолганди, биттаси тўсатдан рўбарў келган душманга бўлса, иккинчисини ўзига асраб қолган эди. Бир пайт икки немис аскари дарёдан ўтиб келаётган аскарларимизга қарата пулемётдан ўт очиб қолади. Шунда жисмонан бақувват бўлган разведкачи Боис Эргашев эҳтиёткорлик билан уларнинг орқасидан ўтиб, иккаласини ҳам ер билан яксон қилади. Ундан кейин ҳам у ўз хатти-ҳаракатларини аниқ мақсадга йўналтирар эди. У чаққонлик билан эгасиз қолган душман пулемётига ўзини ташлайди ва бостириб келаётган душманга қаратиб жон-жаҳди билан ўқ уза бошлайди. Немислар тутдек тўкилди, деса бўлади. Бу жасорат тўсатдан, саноқли дақиқаларда рўй беради. Шундай қилиб, Боис анча совет жангчилари жонини сақлаб қолади. 

– Бу жанг учун мукофотга тақдим этилганлар орасида Петров, Шурихин, Берёзкин, Эргашев, Колесников, Ёқубов, Соколов, Солиев, Киотолар бор эди, – деб эслайди шу пайтдаги жангни бошқарган командир, генерал-майор унвонидаги Иккинчи жаҳон уруши қатнашчиси А.П.Шилин. 

Европа дарёларидан жуда кўп ўтилган. Немислар истеҳкомларни бир эгалласа, бир қўлдан бой берарди. Боис Эргашев Разумовка қишлоғи ёнидан ўтадиган Днепр дарёсидан бирмас, икки марта ўтади. Боис Эргашев Днепрдан сўнг яна бир – Ингулец дарёсидан ўтишига тўғри келади. Қаердан ўтмасин, Боис Эргашев урушда стратегик аҳамиятга эга, ҳаёт-мамот воситаси бўлган телефон алоқасини узлуксиз таъминлаб турган. 

Боис Эргашев 1944 йили 23 ёшида Совет Иттифоқи Қаҳрамони унвони билан демобилизация қилиниб, Самарқандга, ота-онасининг ёнига қайтади. Кўп азоб чеккан бўлса ҳам у ҳали ёш, урушда чиниққан, бардам-бақувват йигит эди.

unnamed (1).jpg
Урушдан кейин Боис ака Самарқанд вилояти комсомол қўмитасининг котиби, “Ўзбекистон сурх” газетасида бўлим бошлиғи бўлиб ишлади. 1947 йили Ўзкомпартия Марказий Қўмитаси қошидаги Олий партия мактабини битирди. 1952 йили Тошкент юридик институтини тамомлади. 1952-1956 йиллар Ўзбекистон Компартияси Марказий Қўмитасининг инструктори, сўнгра Ижтимоий таъминот вазирлигида бўлим мудири бўлиб фаолият кўрсатди. 1968 йилдан иттифоқ Давлат хавфсизлик қўмитасида хизмат қилди ва 1986 йили полковник унвонида истеъфога чиқди. 

Боис ака билан мен яна бир бор 1984 йили Ялтадаги “Ўзбекистон” санаторийсида учрашдим. У ҳамон аввалгидек бардам-бақувват, хушчақчақ, аския, ҳазилни хуш кўрадиган инсон эди. Биз овқатлангани бирга борардик, кинофильмлар томоша қилар эдик. Санаторийда ошхонага кириш олдида Қрим бияларининг қимизини ичишга қўйилар эди. Биз овқатдан олдин қимиз ичишни одат қилиб олдик. Бу охирги учрашувимиз эди. 

Боис Эргашев Ўзбекистонда хизмат кўрсатган юрист, I-даражали Ватан уруши, III-даражали “Шуҳрат ордени”, бир қатор медаллар билан мукофотланган. 

СССР Олий Совети Президиумининг 1944 йил 22 февралдаги Фармони билан Боис Эргашев Совет Иттифоқи Қаҳрамони олий унвонига сазовор бўлди. Унга Ленин ордени билан “Олтин юлдуз” медали топширилди.

Без названия.jpg
Кўп йиллар Ўзбекистон раҳбарининг тансоқчиси бўлиб ишлаган Иккинчи жаҳон уруши қатнашчиси Боис Ҳамидович Эргашев айни уруш бошланган 21 июнь – Уруш хотираси куни (2000 й.) 79 ёшида оламдан ўтди. Бу воқеада бирон рамзий маъно-мазмун бор-йўқлигини билмайман, лекин бу инсон Иккинчи жаҳон урушида катта жасорат кўрсатган, дунёни фашизм асоратидан сақлашда бевосита хизмат қилган 338 нафар ўзбекистонлик қаҳрамондан бири эди.

2 241
И.АБДУХОЛИҚОВ. ЎзА