ЎзА Ўзбек

28.08.2018 19:44 Чоп этиш версияси

Ёш оилалар байрамни янги уйда нишонлайди

Ёш оилалар байрамни янги уйда нишонлайди Мамлакатимиз мустақиллигининг 27 йиллиги арафасида Жиззах шаҳрида 32 та хонадонга мўлжалланган 4 қаватли Ёшлар уйи фойдаланишга топширилди.

Жиззах шаҳрининг "Иттифоқ" маҳалласида барпо этилган уйнинг қурилишига 4 миллиард 700 миллион сўм маблағ сарфланган.

Ҳокимлик ва кенг жамоатчилик вакиллари, ёшларнинг ота-оналари иштирок этган тадбирда мамлакатимизда ёшларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш, уларга кенг имкониятлар яратиш давлатимиз сиёсатининг устувор йўналишларидан бири эканлиги таъкидланди.

7.JPG

Ёшлар уйи мамлакатимиз ижтимоий ҳаётида фаол иштирок этаётган, фаолияти давомида тенгдошларига ўрнак бўлган, ўз соҳасида юксак натижаларга эришган, уй-жойга эҳтиёжи бўлган ёшларга берилди.

– Уй-жойли бўлиш инсон ҳаётидаги энг муҳим ва унутилмас воқеалардан бири, – дейди Элёр Норпўлатов. – Мен бугун оилам билан ана шу бахтга эришдим. Давлатимизнинг бу ғамхўрлиги мени ватанимиз равнақи учун астойдил меҳнат қилишга, янада фаол бўлишга ундайди.

Вилоятда “Yоshlаr – kеlаjаgimiz” Давлат дастурига асосан ёшларнинг ижтимоий фаоллигини ошириш, уларни тадбиркорлик фаолиятига кенг жалб қилиш, ёш тадбиркорларнинг истиқболли ғоя ва лойиҳаларини рўёбга чиқаришга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Жумладан, тадбиркорлик фаолияти билан шуғулланиш истагини билдирган 714 нафар ёшнинг манзилли рўйхати шакллантирилиб, уларнинг 32 миллиард 402 миллион сўмлик бизнес лойиҳалари республика жамғармасига тақдим этилган. 

9.JPG

Бу ишда чекка ҳудудлардаги ёшлар бандлигини таъминлашга алоҳида эътибор қаратилаётир. Зомин, Зарбдор ва Янгиобод туманларида 9 нафар ёшга тадбиркорлик фаолияти билан шуғулланиш учун бўш турган бинолар ажратиб берилди.

Арнасой, Дўстлик, Шароф Рашидов, Зарбдор, Пахтакор, Фориш ҳамда Янгиобод туманларида “Yosh tadbirkorlar” коворкинг марказлари ташкил этилмоқда. Дўстлик, Пахтакор ҳамда Фориш туманларида “Yosh tadbirkorlar” коворкинг марказлари учун бинолар ажратилиб, марказлар ўз фаолиятини бошлаш арафасида турибди. Ғаллаорол, Шароф Рашидов, Зафаробод, Пахтакор, Мирзачўл ва Янгиобод туманларида “Yoshlar mehnat guzari” мажмуалари қурилиши давом этаётир.

Бу каби ғамхўрликлар тизимида ёш оилаларнинг янги уй-жойлар билан таъминланиши уларнинг орзу мақсадларини амалга оширишга имкониятлар яратиб, эртанги кунга ишончини янада мустаҳкамламоқда, куч-ғайрати, билими ва шижоатини эл-юрт фаровонлиги йўлида сарфлашга ундамоқда.

Тошқул Бекназаров, Жамшид Ёрбеков (сурат) ЎзА
4 326