ЎзА Ўзбек

27.08.2018 19:21 Чоп этиш версияси

32 мингдан зиёд аҳоли​ учун янги тиббиёт маскани

32 мингдан зиёд аҳоли​ учун янги тиббиёт маскани

Энг улуғ, энг азиз айём – Ўзбекистон Республикаси давлат мустақиллигининг 27 йиллик байрами арафасида Наманган шаҳрида бунёд этилган 14-оилавий поликлиника фойдаланишга топширилди.

Шу муносабат билан ташкил этилган тадбирда давлат ва жамоат ташкилотлари вакиллари, нуронийлар, тиббиёт фахрийлари, оммавий ахборот воситалари ходимлари иштирок этди.

Тиббиёт соҳасида 50 йиллик иш тажрибасига эга бўлган меҳнат фахрийси, биринчи даражали “Соғлом авлод учун” ордени соҳиби Д.Аҳмедова ва бошқалар янги фойдаланишга топширилган шифо маскани ҳар қандай киши учун ҳавас қилса арзигудек қурилгани, бундай шароитларни муҳайё этгани учун Президентимизга, маҳаллий ҳокимликларга миннатдорлик билдирди.

Икки қаватли замонавий шифо масканида “Наманган давр қурилиш” масъулияти чекланган жамияти бунёдкорлари томонидан 4 миллиард 814 миллион сўмлик қурилиш-монтаж ишлари бажарилди.

250 қатновга мўлжалланган мазкур тиббиёт муассасаси шаҳардаги Ғишткўприк, Чорсу, Маданий, Сумалак гузари ва Маданий-маориф маҳалларида истиқомат қилувчи 32 мингдан зиёд аҳолига тиббий хизмат кўрсатади. Бу ерда 21 нафар шифокор ва 56 нафар ўрта тиббиёт ходимлари фаолият олиб боради.

Янги оилавий поликлиника хоналари кенг ва шинам. Тиббий талаблардан келиб чиқиб ишланган мебеллар билан таъминланган. Энг сўнги русумдаги ахборот-коммуникация технологиялари жорий қилинган. “Электрон поликлиника” автоматлаштирилган тизимга уланган. Тиббий хизмат ва муолажалар замонавий аппаратлар воситасида бажарилади.

Поликлиникага тез кунларда “Саломатлик-3” лойиҳаси доирасида 152 минг долларлик янги асбоб-ускуналар олиб келиниши кутилмоқда.

Оқилхон Дадабоев
4 706