ЎзА Ўзбек

09.08.2018 12:47 Чоп этиш версияси

30 фоиздан 50 фоизгача чегирма

30 фоиздан 50 фоизгача чегирма

Бош прокуратура ҳузуридаги Мажбурий ижро бюроси Тошкент вилояти бошқармаси томонидан 30 фоиздан 50 фоизгача арзонлаштирилган савдо ярмаркаси ташкил этилди.

“Бек барака“ савдо мажмуасида ўтказилган ярмаркада Бюронинг туман ва шаҳар бўлимлари иш юритувидаги мол-мулклар, хусусан, кийим-кечак ва бошқа турдаги маҳсулотлар 50 фоизгача чегирма билан сотувга қўйилди.

– Бозорлардаги кийим-кечаклар савдоси айни авжига чиққан пайт, – дейди МИБ вилоят бошқармасининг жамоатчилик билан алоқалар ва ҳуқуқий ахборот шўъбаси инспектори Гулшода Қурбонова. – Табиийки, бундай пайтларда уларнинг нархи сунъий равишда ошади. Ушбу ярмаркада эса нархларнинг бозордан кескин пастлиги харидорларга манзур бўлмоқда.

Маълумотларга кўра, Вазирлар Маҳкамасининг 2009 йил 15 июлдаги "Давлат даромадига ўтказиладиган мол-мулкни олиб қўйиш, сотиш ёки йўқ қилиб ташлаш тўғрисида"ги қарорига мувофиқ, Бюронинг туман ва шаҳар бўлимлари иш юритувига 27 миллиард 382 миллион сўмлик мол-мулк келиб тушган. Айни пайтга қадар 4 миллиард 216 миллион сўм қийматидаги мол-мулк сотилган. Шунингдек, 1 миллиард 397 миллион сўмлик қисми тегишли тартибда йўқ қилиниб, 590 миллион сўмлик мол-мулк эгаларига қайтарилган. 925 миллион сўмлик турли турдаги мол-мулклар эса тегишли ташкилотларга текинга берилган.

А.Худойқулов, ЎзА
11 019