ЎзА Ўзбек

30.08.2018 10:46 Чоп этиш версияси

30 август – «Меҳнат шуҳрати» ордени таъсис этилган кун. Юксак эътироф ва чексиз ифтихор рамзи

30 август – «Меҳнат шуҳрати» ордени таъсис этилган кун. Юксак эътироф ва чексиз ифтихор рамзи

Мамлакатимизда юртга садоқат билан хизмат қилаётган инсонларни улуғлаш, ўз салоҳияти, истеъдоди билан Ватанимиз равнақига, унинг халқаро майдондаги обрў-эътибори юксалишига катта ҳисса қўшаётган юртдошларимизнинг меҳнатига муносиб баҳо бериш доимий эътиборда.

1995 йил 30 августда таъсис этилган “Меҳнат шуҳрати” ордени ана шундай эзгу ва улуғ ишлар – Ватанимизнинг нуфузини янада ошириш йўлида тинимсиз меҳнат қилиб келаётган юртдошларимиз самарали ва баракали меҳнатининг амалдаги эътирофи бўлиб хизмат қилаётир. 

“Меҳнат шуҳрати” ордени билан Ўзбекистон Республикаси фуқаролари иқтисодиёт ва маданият юксалишига, халқ фаровонлиги ошишига, тинчлик ва барқарорлик сақланишига хизмат қиладиган улкан ишлари учун мукофотланадилар. Давлатимиз раҳбари Шавкат Мирзиёев раҳбарлигида амалга оширилаётган тараққиётнинг янги босқичида бундай инсонлар сафи янада кенгайди.

Орден 0,25 микрон қалинликда тилла қопланган 925 пробали кумушдан тайёрланган. Орден марказ қисмидан нурлар таралиб турган яшил дафна новдалари билан ўралган бўртма нотўғри эллипс шаклидадир. Унинг баландлиги 46 миллиметр, кенглиги 41 миллиметр ҳисобланади. Орденнинг юқори қисмида Ўзбекистон Республикаси давлат байроғи мағрур ҳилпираб турибди. Орденнинг марказий қисмида 16 миллиметрлик доира ичида кумушранг Тошкент шаҳридаги “Халқлар дўстлиги” санъат саройи тасвирланган. Доира пахта шаклидаги қутичалар билан ўралган. Қутичалар оқ эмаль билан тўлдирилган. Пастки қисмда 2 миллиметр ўлчамдаги кумуш ҳарфлар билан қизил фонда “MEHNAT SHUHRATI” деб ёзилган.

Ҳозиргача турли соҳаларда самарали меҳнат қилган бир қатор юртдошларимиз ушбу орден билан тақдирланган.

Элни суйган элда азиз, дейди халқимиз. Азалдан ота-боболаримиз эл-юрти учун жон койитган, унинг юксалишига улуш қўшган, озодлик, тинчлик учун курашган инсонларни алоҳида эъзозлаб, қадрлаб келган. Орамизда шундай инсонлар борки, улар қалбида Ватанни севиш ҳисси янада чуқур акс этган. Бундай одамлар юрт ғамини еб, эл дарди-ташвиши билан яшайди. Улар хоҳ ўқитувчи, хоҳ шифокор, хоҳ оддий ишчи, хоҳ ижодкор бўлсин бетиним меҳнат қилмоқда, мамлакатимиз равнақи йўлида бор кучи, иқтидорини сарфламоқда.

«Шарқ» нашриёт-матбаа акциядорлик компанияси касаба уюшмаси қўмитаси раиси, “Меҳнат шуҳрати” ордени соҳиби Ғуломжон Ҳакимов саховатпеша ва жамоа манфаати йўлида жонкуярлиги билан кўпчиликнинг эътирофига сазовор бўлган фидойилардан. Ғ.Ҳакимов меҳнат фаолиятини 1984 йилда “Ўзбекистон овози” газетасида бошлаган. Шундан сўнг турли лавозимларда ишлаб келди. Қаҳрамонимиз фаоллиги, жамоатчилик билан ишлаш қобилияти сабаб, 2002 йилда «Шарқ» нашриёт-матбаа акциядорлик компанияси касаба уюшмаси қўмитаси раиси этиб сайланди. Ҳозиргача соҳада самарали фаолият юритиб келмоқда. Давлатимиз мустақиллигининг 25 йиллиги арафасида Ғуломжон Ҳакимовнинг компания тизимида қилган ишлари муносиб эътироф этилиб “Меҳнат шуҳрати” ордени билан тақдирланди.

– Дарахт бир жойда кўкаради, деган нақл бор халқимизда, – дейди у. – Бир неча йиллардан буён шу соҳада фаолият юритяпман. Танлаган касбимдан барака топяпман. Оилам хотиржам, устим бут, энг асосийси, юртимиз тинч ва фаровон. Бундан ортиқ бахт йўқ менга. Бу юксак мукофот нафақат менга, балки компания жамоасига берилган эътироф деб биламан. Чунки жамоадошларим билан елкама-елка туриб меҳнат қилиб, билмаганимни сўраб, билганимни ўргатиб шу даражага етдим. Давлатимизнинг порлоқ келажагига бор куч-ғайратим ва тажрибам билан ҳисса қўшиш энг олий мақсадим.

Н. Насриев, ЎзА
4 813