Размер шрифта: A A A
Цвет сайта: A A A A

03.05.2018 19:11 Чоп этиш версияси

3 МАЙ – ЖАҲОН МАТБУОТИ ЭРКИНЛИГИ КУНИ. Жаҳон матбуоти эркин...ми?

01.jpg

Ҳаёт ҳақиқати шуни кўрсатмоқдаки, ҳар қандай тараққиёт маҳсулидан икки хил мақсадда – эзгулик ва ёвузлик йўлида фойдаланиш мумкин. Замонавий дунёда ахборотлар шу қадар кўпки, тарқатилаётган ахборотларнинг қай бири тўғри, қай бири нотўғрилигини аниқлагунча инсон онги биринчи тарқалган хабарга мослашган бўлади. Радио ва телевидение пайдо бўлганидан кейин дунё ўзгариб кетди. Интернет пайдо бўлиши билан эса бутунлай ўзгарди. Информация озчиликнинг эмас, барчанинг мулкига айланди.

Авторучка, ёзув машинкаси, қоғозлар, оддий телефон ва халқ тилида магнитофон, радиожурналистлар тилида репартёр деб аталувчи техникалар ўрнини мобил телефонлари, компьютер, ноутбук, цифрли диктафонлар эгаллади. Журналистлар меҳнати анча енгиллашди. Журналистларнинг бир авлоди кўз ўнгида ахборотларни узатиш технологияси бутунлай, шу билан бирга тубдан ўзгариб кетди. Замонавий технолигиялар журналистикани “тош асри”дан олиб чиқди ва бу соҳани бутунлай ўзгартириб юборди. Бироқ ОАВнинг холис, тўғри ахборот тарқатиш борасидаги масъулияти ўша-ўшалигича қолиши керак эди. Аммо минг афсуски, бундай бўлмаяпти.

Рус ёзувчиси А.П.Чеховнинг “Олтинчи Палата” повести ёдингиздами? Бош шифокор мансабини эгаллаш мақсадида бош шифокор ўринбосарининг хатти-ҳаракатлари ахборот хуружини эслатмайдими? Соппа-соғ одамни жиннига чиқариб, ўзининг қабих мақсадларига эришган бош шифокор ўринбосарининг ишини ҳозир ғарб ОАВ ходимлари бажараётгандек.

Ҳозирги пайтда ер юзининг қайси чеккасида қандайдир воқеа юз бермасин, одамзот бу ҳақда дунёнинг бошқа чеккасида турган бўлишига қарамай зудлик билан хабар топиши ҳеч кимга сир эмас. Бугунги кунда замонавий ахборот майдонидаги ҳаракатлар шу қадар тиғиз, шу қадар тезкорки, энди илгаригидек, бу воқеа биздан жуда олисда юз берибди, унинг бизга алоқаси йўқ, дея бепарво қараб бўлмайди. Ҳаётмизнинг бирор бир соҳасини ахборотсиз тасаввур қилиб бўлмайди.

Бугун ахборот энг муҳим қадрият саналмоқда. Ахборот эса оммавий ахборот воситалари томонидан тарқатилади. Айрим ҳолларда матбуот одамларга салбий таъсир кўрсатишидан кўз юмиб бўлмайди. Буни биз дунёда юз бераётган ҳодисаларнинг нотўғри талқин қилинган ҳолда ёритилаётганидан кўриб билиб турибмиз. Журналистлар ва медиаходимлари нафақат иш берувчилар ва бозор олдида, балки жамият олдида ҳам масъулиятни ҳис қилишлари, демократияни ҳаддан ошиш, деб тушунмасликлари керак. Эркинликка интилиш ҳар бир журналист олдида турган вазифа аммо, чегарани билиши шарт. Медиа жамият олдида ўз зиммасига маълум бир мажбуриятларни олиши керак. Бу мажбуриятлар ахборот тарқатишда ҳалоллик ва адолатни талаб қилади.

Жамоатчилик фикрини чалғитиш айнан оммавий ахборот воситалари орқали амалга оширилмоқда. У ёки бу мамлакатни ёмонотлиқ қилиш, ўзи танлаган тараққиёт йўлидан қайтаришга бўлган уринишлар замирида тор манфаатлар ётибди.

Шу ўринда бир ҳикоятни ёдингизга соламиз.

Ота-бола сафарга чиқибди. Ота эшакка миниб олган. Бола пиёда. Бир кўчадан ўтишаётганда одамлар кулишибди: “Тентакларни қаранглар ота эшакда, бола пиёда” дея. Ўрин алмашибдилар. Бошқа кўчада: “Қаранглар ота пиёда, бола эшакда” дея яна кулишибди. Энди ота-боланинг ҳар иккиси эшакка ўтиришибди. Бошқа бир кўчада: “Қаранглар, битта эшакка икки киши миниб олибди”, деб яна кулишибди. Машҳур шоирмиз Абдулла Орипов бу ҳикоятни янгича талқин қилиб, “Орага эшак тушиб ота-бола ажрашиб кетди”, дея шеър ёзганлар. Шоиримиз гўёки, эшакка урғу берган. Аммо чуқур фалсафа ётибди. Аслида шеърда миш-миш тарқатувчилар, воқеани нотўғри талқин қилувчилар эшак сифатида кўрилади.

Яқинда Интернетда ғарб матбуотига бағишланган латифани ўқидим. Сиз ҳам унга эътибор қаратишингизни сўрардим.

Парижга келган Рим папасини аэропортда кутиб олган журналистлар, ундан “Париждаги фоҳишахоналарга муносабатингиз қандай?” дея сўрашади. Шунда у “Нима, Парижда фоҳишахоналар борми?” дея саволга савол билан жавоб беради. Эртаси куни газеталарда “Рим папаси аэропортда “Парижда фоҳишахоналар борми?” дея сўради” сарлавҳаси остида мақола босилди. Мана шу латифанинг ўзиёқ ғарб матбуотида воқеалар нотўғри талқин қилинишини, сўзлар матндан суғуриб олинишини англатади.

Шу ўринда яна бир латифа. АҚШ кўчаларида сайр қилиб юрган бир қизга ит ҳужум қилибди. Воқеага гувоҳ бўлган бир йигит қизни ҳимоя қилиш мақсадида итни ўлдирибди. Эртаси куни газеталар “Америкалик қаҳрамон йигит қизни қутқариб қолди” деган сарлавҳа остида мақола эълон қилади. Йигит: “Мен бу мамлакат фуқароси эмасман” дейди. Газеталар “Хорижлик мард йигит ватандош қизимизни қутқарди” дейишади. Шунда йигит: “Кечирасизлар мен арабистонлик мусулмонман” деб айтади. Энди газеталар “Исломий террорчи бегуноҳ кучукни уриб ўлдирди…” дея урғуни қизнинг қутқарилишига эмас, итнинг ўлдирилишига беришади.

Мана шу икки латифанинг ўзиёқ жамоатчилик фикрини чалғитишга уриниш оммавий ахборот воситалари қўли билан амалга оширилаётганини кўрсатмоқда. Латифалар ўз йўлига. Энди воқеликка қайтайлик. Ўтган йилнинг ёзида Покистонда кунлар исиб кетди, одамлар иссиқдан вафот этиши билан боғлиқ ҳодисалар учради. Ғарб матбуоти буни кенг ёритар экан, одамларнинг ўлимига Рамазон ойини ҳам қистириб ўтишди. Одамларнинг иссиқдан ўлаётганига рамазон ойи ҳам айбдордек, гўё. Худди шу каби ҳодисалар Европада ҳам бўлди, аммо у ерда бу ҳолат глобал иқлим ўзгариши сифатида талқин қилинди. Бу каби ғаразли ахборотларни тарқатиш ортида тор манфаатлар ётгани аниқ.

Одамлар онгини, дунёқарашини ёт ғоялар таъсирига бўйсундиришга интилиш холатлари айнан матбуот орқали амалга оширилаётгани ташвишлидир. Интернетдаги ижтимоий саҳифалар ҳам нафратга қаратилган даъватларга қарши курашиши лозим.

Одамлар дунёқарашини у ёки бу ғоялар таъсирига бўйсундиришда молпараст, шуҳратпараст ва амалпараст кучлар ўз мақсадларига эришиш, дунёни ўз хоҳиш иродаларига бўйсундиришда фойдаланмоқда. Бугунги кунда халқаро майдонда турли сиёсий кучлар ўзларининг миллий ва стратегик режаларига эришиш учун, эрамиздан аввалги 6-асрда яшаб ўтган файласуф ва ҳарбий арбоб Сунь Цзи ёзганидек, хоин ва сотқинлардан фойдаланишмоқда. У ўз саркардаларига, “Энг қабиҳ ва разил одамлар билан ҳамкорликдан фойдаланинг”, деб маслаҳат берган эди. Сиёсий кучларнинг узоқни кўзлаган асл мақсадларини ўз вақтида сезиш ва англаш катта аҳамиятга эга. Эълон қилинмаган ахборот урушларининг замирида ёлғон ахборот тарқатиш, ижтимоий онгини эгаллаш, миллий ва маданий қадриятларни йўқ қилиш, турмуш тарзимизга ёт ва бегона қадриятларни сингдириш мақсади ётгани аниқ. Бундан огоҳ бўлишимиз керак.

Ахборот хуружи ёшлигимиздан бошланган десак янглишмаган бўламиз. Масалан, эртакларда, дарсликларда айиқни асалхўр ҳайвон сифатида таърифлашарди. Катта бўлиб, билдикки бу йиртқич ҳайвон бўлиб, гўштхўр экан. Хориж телевидение кўрсатувларини кўраётганда, Интернетни титкилаётганда шу каби илк тассавурларга алданиб қолмаслигимиз, фарзандларимизга ҳам шу нарсаларни тушунтиришимиз керак.

Айрим ҳолларда ОАВ одамларга салбий таъсир кўрсатишидан кўз юмиб бўлмайди. Буни биз дунёда юз бераётган ҳодисаларнинг нотўғри талқин қилинган ҳолда ёритилаётганидан кўриб билиб турибмиз. Журналистлар ва медиаходимлари нафақат иш берувчилар ва бозор олдида, балки жамият олдида ҳам масъулиятни ҳис қилишлари, демократияни ҳаддан ошиш, деб тушунмасликлари керак. Эркинликка интилиш ҳар бир журналист олдида турган вазифа аммо, чегарани билиши шарт. Шу ўринда Францияда бўлиб ўтган Charlie Hebdo ҳажв журнали таҳририятига қилинган қуролли ҳужумни мисол сифатида келтириб ўтамиз. Бу ҳужум ва инсонларнинг ҳалок бўлганини ҳеч бир нарса билан оқлаб бўлмайди. Аммо масаланинг иккинчи томони ҳам бор. Аксарият ғарб нашрларининг бу ҳажв журналида нашр этилган ислом дунёсида, дунёнинг қарийб 2 миллиардга яқин аҳолиси сўнгги пайғамбар сифатида тан олган ва қадрлайдиган Муҳаммад (с.а.в.)нинг ҳажвий суратини қайта-қайта босиб чиқаришларини сўз эркинлигини қўллаб-қувватлаш сифатида талқин қилишлари ақлга сиғмайди. Бу билан улар динлар ва қадриятлар ўртасидаги нифоқни янада кучайтиришга рағбат берди. Энг ривожланган давлатлар нашрлари ҳам жаҳолатга қарши жаҳолат билан эмас, маърифат билан жавоб бериш ҳақида ўйлаб кўрмади. Карикатуралар Guardian ва The Times, Tagesspiegel, Berliner Zeitung, Blesk, Berlingske, El Pais, Business Insider ва Huffington Post, шунингдек, бошқа ўнлаб газеталарда чоп этилган. Улар ушбу ҳаракатларини ҳалок бўлганлар хотирасига ҳурмат сифатида ва жамиятда матбуот эркинлиги, сўз эркинлиги, санъат эркинлиги учун нашр этганлиги билан изоҳлаган.

Шунга қарамай, бир қатор ахборот агентликлари, жумладан, Associated Press, CBC News ва CNN мазкур фаолиятдан ўзларини тийган. Нима бўлганда ҳам қадриятлар, маданиятлар ва динлар ўртасидаги қарама-қаршиликлардан фойда кўрувчи томонлар ютмоқда. Улар динни террордан, маданиятни маданиятсизликдан ажрата олмайдиган, аҳлоқсизликни эркинлик, деб билувчи инсонларнинг уқувсизлигидан фойдаланмоқда.

Медиа жамият олдида ўз зиммасига маълум бир мажбуриятларни олиши керак. Бу мажбуриятлар ахборот тарқатишда ҳалоллик ва адолатни талаб қилади. Медиа жиноятчиликни, зўравонликларни, тарғиб қилмаслиги, фуқароларнинг ҳуқуқларини камситмаслиги зарур. Бу матбуот эркинлигини чеклашни англатмайди. Шу ўринда “эркинлик истаб” йўл транспорт қоидаларини бузган ҳайдовчи келтирган нохуш ҳодисани мисол сифатида келтириш мумкин. Демократия экан, деб журналистика этикасини бузганлар ҳам жамиятга жуда катта зиён келтиришини англаб етиш керак. Айрим мамлакатларда “тўртинчи ҳокимият” “биринчи ҳокимият”га интилувчи матбуотнинг борлигидан кўз юмиб бўлмайди. Улар – олигархлар, молиявий гуруҳ, маҳаллий “барон”ларнинг қўлидаги бир ўйинчоқ эканлигини ёддан чиқариш керак эмас. “Тўртинчи хокимият”, деб юритилаётган бўлишига қарамай ОАВни ҳукумат ёки тижорат структураси, деб эмас, балки том маънодаги фуқаролик жамияти институти сифатида кўриш керак.

Айтишларича финларда “Дераза ойнасини журналистлар синдиради, уни ҳукумат қайта ўрнатади” деган гап бор экан. Истардикки, ҳамкасбларимиз мана шу ойнани – тўғрироғи инсонларнинг кўнгил ойнасини синдирмасинлар. Кўнгил ойнасини қайта тузатиш ҳеч кимнинг қўлидан келмайди.

Ҳар йили дунёнинг энг хавфли ҳудудларидан репортаж тайёрлаш жараёнида ўнлаб журналистлар ҳалок бўлади. Таъкидланишича, сўнгги йилларда жаҳонда матбуот ходимларини ўғирлаш ва ўлдириш ҳоллари кўпайган. Сўнгги 10 йилда 700 нафар матбуот ходими профессионал фаолияти пайтида ёки касбини деб ўлдирилган. Таҳлилчиларнинг фикрича, журналистика жаҳондаги энг хавфли касблардан бирига айланиб қолди. Статистика маълумотларига кўра, бугунги кунда бир ҳафтада икки журналист ўлдирилмоқда. Ҳар йили жаҳонда турли сабабларга кўра юзлаб журналистлар хизмат вазифасини бажараётган бир пайтда ҳалок бўлмоқда.

Журналистлар учун энг хавфли минтақалар сифатида Осиё, Лотин Америкаси, Яқин Шарқ, Хорватия ва Африка мамлакатлари кўрилади. Хизмат вазифасини бажараётган оммавий ахборот воситалари ходимларининг ўлимидан ташқари уларнинг жароҳат олиши, ўғирланиши ва ҳибсга олиниши билан боғлиқ ҳодисаларни ҳам инкор этиб бўлмайди. Бу каби ҳодисалар Афғонистон, Сомали, Конго, ва Мексикада тез-тез учраб туради. Журналистлар танлаган касблари боис ҳалок бўлмоқда. Кўп ҳолларда журналистларнинг қотиллари жавобгарликка тортилмайди. “Қайноқ нуқта” ва беқарор мамлакатларда ҳалок бўлган журналистларнинг 10 фоизи террор ҳодисалари натижасида ҳаётдан кўз юмади.

ЮНЕСКО маълумотларига кўра, журналистика хавфлилиги бўйича яқин-яқингача учинчи ўринда турар эди, кейинчалик иккинчи ўринга чиқди. Эндиликда биринчи ўринни эгаллаб турибди. Чунки жаҳонда можаролар кўпаймоқда. Журналистлар бу можароларнинг олдинги сафида бўлиб, уларни кенг ёритишни касб тақозоси сифатида кўришади.

Хулоса ўрнида шуни айтиш жоизки, кўзни каттароқ очиб, ён атрофимизда бўлаётган воқеа-ҳодисаларни теранроқ англасак айни муддао бўлар эди. Биз бугун қандай шиддат билан ўзгараётган ва ривож топаётган, илгари учрамаган, ечими ўта оғир ва мураккаб бўлган турли-турли муаммоларни туғдираётган ХХI асрда яшаётганимизни ҳеч эсимиздан чиқармаслигимизни истардим.

Шарофиддин Тўлаганов

7 654