ЎзА Ўзбек

11.10.2018 19:46 Чоп этиш версияси

286 нафар фуқаро вақтинча яшаш учун хавфсиз ҳудудларга кўчирилди

286 нафар фуқаро вақтинча яшаш учун хавфсиз ҳудудларга кўчирилди Миллий матбуот марказида 13 октябрь – Табиий офатларнинг хавфини камайтириш халқаро куни муносабати билан Фавқулодда вазиятлар вазирлиги томонидан амалга оширилаётган ишлар сарҳисоб қилинди.

Унда сўз олган вазирликнинг фавқулодда вазиятлар профилактикаси бошқармаси бошлиғи Шуҳрат Дадахонов жорий йилнинг ўтган даврида аҳолини ва ҳудудларни табиий, техноген хусусиятли фавқулодда вазиятлардан муҳофаза қилиш бўйича амалга оширилган ишлар ҳақида тўхталди.

Юртимиз зилзила, тошқин, сел келиши, қор кўчиши ва бошқа табиий ҳодисаларидан холи ҳудуд эмас. Шу сабабли, фавқулодда вазиятларнинг олдини олиш ва оқибатларини бартараф этиш масалалари вазирликнинг доимий эътиборида. Бугунги кунда гидрометеорологик ва геологик хавфли ҳудудларда кўчирилиши лозим бўлган жами 77 хўжаликда 334 фуқаро яшаётгани аниқланган. Улардан 67 хўжаликдаги 286 фуқаро вақтинча яшаш учун хавфсиз ҳудудларга кўчирилди. 10 хўжаликдаги 48 фуқарога хавфсиз ҳудуддан уй-жой қуриши учун ер участкалари ажратилди ва кўчирилди.

Шунингдек, мамлакат ҳудудида жорий йил дарё, сой, ариқ ва каналлар ўзанларини тозалаш ҳамда қирғоқларини мустаҳкамлаш бўйича сел ва сув тошқинлари хавфи сақланиб қолган участкаларда жами 112 тактик-махсус ўқув машқлари ўтказилди. Ўқув машқларига 9037 шахсий таркиб, 1318 муҳандислик ва бошқа техника воситалари жалб этилиб, тупроқ, тош-шағал, бетон, ўзан тозалаш ишлари амалга оширилгани ҳақида тадбир иштирокчиларига маълумот берилди.

photo5330502315456702792.jpg

photo5330502315456702791.jpg

– Давлатимиз томонидан юртимиз аҳолиси ва ҳудудларини сел-тошқинлар ва ер кўчки ҳодисалари билан боғлиқ фавқулодда вазиятлардан муҳофаза қилиш учун махсус маблағлар ажратилмоқда, – деди вазирликнинг ахборот хизмати раҳбари Самандар Ҳикматуллаев. – Рақамларга тўхталадиган бўлсак, ушбу йўналишдаги тадбирлар учун 2017 йилда 23 миллиард 700 миллион сўм, 2018 йилда эса 38 миллиард 700 миллион сўм маблағ ажратилгани бу борадаги ишлар самарадорлигини оширишда муҳим омил бўлмоқда. Табиий офатларнинг хавфини камайтириш халқаро куни муносабати билан Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳрида “Фуқаро муҳофазаси” тадбирларининг ўтказилишидан асосий мақсад ҳам табиий офатларнинг олдини олиш бўйича аҳолига маълумот ва тушунчалар беришга қаратилган. Бу тадбирлар Халқ таълими, Соғлиқни сақлаш ва Ички ишлар вазирликлари, Қизил ярим ой жамияти, “Ўзгидромет” маркази ва бошқа тегишли идора ҳамда ташкилотлар, уларнинг ҳудудий бошқармалари ҳамкорлигида ташкил этилаётгани янада самарали бўлмоқда.



Насиба Зиёдуллаева, ЎзА
1 592