ЎзА Ўзбек

06.12.2018 18:22 Чоп этиш версияси

282 миллиард сўм маблағ қаерга сарфланади?

Сурхондарё вилоятида белгиланган прогноз кўрсаткичлари ортиғи билан бажарилгани ҳисобига 282 миллиард сўм маблағ маҳаллий бюджет ихтиёрида қолдирилди. Йилнинг ўн бир ойида бюджет тушумлари 1 триллион 215 миллиард 600 миллион сўмга бажарилган.

Президентимизнинг 2018 йил 2 августдаги “Ўзбекистон Республикасида амалга оширилаётган солиқ ва божхона ислоҳотларини ҳуқуқий жиҳатдан кузатиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармони бу борадаги ишлар самарадорлигини оширишда муҳим дастуриламал бўлмоқда. 

Мазкур ҳужжатга мувофиқ, вилоятда солиқ ва божхона ислоҳотлари самарадорлигини таъминлаш бўйича солиққа тортишнинг янги тизими, қулай механизми белгиланди. Вилоят ҳокимлиги, вилоят прокуратураси, давлат солиқ ва молия бошқармаларининг “Солиқ ислоҳотларини амалга ошириш ва бюджетга қўшимча даромадлар захираларини аниқлашга оид чора-тадбирлар тўғрисида”ги қўшма қарори қабул қилинди. Вилоят эксперт ишчи гуруҳи тузилди. Туман, шаҳар ишчи гуруҳлари таркиби тасдиқланиб, жойлардаги кичик ишчи гуруҳлар намунавий таркиби шакллантирилди. Низомлари тасдиқланди. 

Бироқ, янги тузилма уч ойдан буён фаолият юритаётган бўлса-да, айрим ҳудудларда талаб даражасида иш олиб бормаётир. Вилоятда солиқ ва тўловларни ўз муддатида бюджетга ундириб олиш борасида камчиликларга йўл қўйилган. Имкониятлардан унумли фойдаланилмаган. 

Бюджетга қўшимча даромадларни жалб этиш бўйича Бош прокуратура, Ҳисоб палатаси, Молия вазирлиги ва Давлат солиқ қўмитаси мутахассислари вилоятда бўлиб, ишчи гуруҳлар фаолиятининг йўлга қўйилишини ўрганди, амалий ёрдам кўрсатди. Бу жараёнда янги йилгача яна 169 миллиард сўм қўшимча даромад тушириш имконияти мавжудлиги аниқланган. Жойларда ўтказилган хронометражларда 186 савдо ва хизмат кўрсатиш шохобчаси касса аппарати ва терминал билан таъминланмагани, айрим савдо ва хизмат кўрсатиш нуқталарида солиққа тортишдан яшириш мақсадида тушумлар камайтириб кўрсатилаётгани аён бўлган. 1 минг 245 транспорт воситаси техник кўрикдан ўтказилмагани, 216 транспорт воситаси солиқ тўловини амалга оширмай лицензиясиз хизмат кўрсатаётгани аниқланган. Ваҳоланки, янги тартибга кўра, бюджет параметрларининг ортиғи билан бажарилган қисми тўлиқ маҳаллий бюджетга қолдирилмоқда. Содда қилиб айтганда, бу маблағ ҳудудни ривожлантириш лойиҳаларини самарали амалга ошириш учун ишончли манбадир. 

Сурхондарё вилоятида солиқ ислоҳотларини амалга ошириш ва бюджетга қўшимча даромадларни кўпайтириш, уларнинг манбаларини аниқлаш, сафарбар қилиш борасида олиб борилаётган ишлар муҳокама қилинган халқ депутатлари вилоят Кенгашининг навбатдаги сессиясида Ҳисоб палатаси раиси биринчи ўринбосари О.Рустамов, Ўзбекистон Республикаси Бош прокурори ўринбосари А.Мавлонов иштирок этди. 

Йил якунигача бюджет параметрларини ортиғи билан бажариш эвазига маҳаллий бюджетга кўпроқ қўшимча даромад жалб этиш юзасидан таклиф ва тавсиялар билдирилди. Шунингдек, вилоят давлат солиқ бошқармаси бошлиғи Ш.Раҳимов ва вилоят молия бошқармаси бошлиғи Б.Худойбергановнинг ҳисоботи тингланди, тегишли қарор қабул қилинди. 

Сессияда Сурхондарё вилояти ҳокими вазифасини бажарувчи Б.Пўлатов сўзга чиқди. 



Холмўмин Маматрайимов, ЎзА
3 292