ЎзА Ўзбек

30.06.2020 Чоп этиш версияси

26 минг нафарга яқин уюшмаган ёшлар ишли бўлди

26 минг нафарга яқин уюшмаган ёшлар ишли бўлди
Президентимизнинг Ёшлар куни муносабати билан мамлакатимиз ёшларига йўллаган байрам табригини катта ҳаяжон билан тингладим. Очиғи, табрикни эшитиб, Давлатимиз раҳбарининг биз ёшларга кўрсатаёттган эътибор ва эътирофидан кўнглим тоғдай кўтарилди. Ёшлари ардоқланаётган шу муқаддас юртнинг фарзанди эканлигимдан фахрландим.

Бугун ёшларимизнинг аксарияти давлатимизнинг ёшлар борасидаги сиёсати самарасини, юртбошимизнинг эътиборини ҳис этиб яшамоқда. Илм-фан, тадбиркорлик, спорт, санъат, қўйингки барча соҳаларда ёшлар учун яратиб берилаётган кенг имкониятлар уларга ўз салоҳиятларини тўлақонли юзага чиқариш, юксак марраларга эришиш эшикларини очиб бермоқда. Қолаверса, ёшларни қийнаётган кўплаб муаммоларни бартараф этилишига ёрдам бермоқда.

Президентимиз ўз табригида: “Ҳар бир ёшга – бир гектар” лойиҳаси бўйича барча ҳудудларимизда 65 мингга яқин ёш деҳқонларга 54 минг 232 гектардан зиёд ер ажратилди. Ана шундай муҳим чора-тадбирлар туфайли сўнгги уч йилда 560 минг 200 нафарга яқин ёш фуқаро иш билан таъминланди” деди.

Ҳақиқатдан ҳам кейинги йилларда Президентимиз ташаббуси билан айниқса, уюшмаган ёшларга, уларнинг муаммоларини бартараф этиш, бандлигини таъминлаш масалаларига алоҳида эътибор қаратилмоқда. Буни Андижон вилоятида амалга оширилаётган ишлар мисолида ҳам кўриш мумкин.

Бугун Андижон вилояти аҳолисининг қарийб 1 миллион нафари 14 дан 30 ёшгача бўлган ёшлардан иборат бўлса, шундан 43 минг нафардан зиёди уюшмаган, яъни бирор жойда ўқимайдиган, ишламайдиганлардир. Уларни қўллаб-қувватлаш, бандлигини таъминлаш, жамиятдаги жараёнларнинг фаол иштирокчисига айланишларига кўмаклашиш борасида кенг кўламли ишлар олиб борилмоқда. Жумладан, жорий йилнинг бошида 4 минг 877 нафар уюшмаган ёшлар вакилларига боғ қилиш учун 15 сотихдан 50 сотихгача, жами 658,5 гектар ер майдони ажратиб берилди. Ҳозирда ушбу ерларга турли мевали кўчатлар экилиб, боғлар барпо этилди. Боғ ораларига эса қишлоқ хўжалиги экинлари экилиб, деҳқончилик қилинмоқда.

Бундан ташқари, буғдойдан бўшаган ерлардан 12 минг 680 нафар ёшларга деҳқончилик қилиш учун 20 сотихдан, жами 2 минг 283 гектар ер майдони ажратиб берилди. Деҳқончиликка жалб этиш орқали қарийиб 18 минг нафар уюшмаган ёшларнинг бандлиги таъмиланган бўлса, яна 8 минг нафар ёшлар бошқа йўналишларда меҳнат қилиб, даромад топмоқда.

Амалга оширилаётган бу ишлар ёшлар бандлигини таъминлаш, қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари етиштириш хажмини ҳамда ёшларимиз даромадини, ёш оилалар турмуш фаровонлигини юксалтиришга хизмат қилмоқда.

Ҳаётимизнинг барча соҳаларида кўрсатилаётган юқоридаги каби эътибор, берилаётган кенг имкониятларга жавобан биз ёшлар сидқидилдан меҳнат қилишимиз, юртимиз ривожи йўлида янада фидойи бўлишимиз керак.

Мансуржон МАТИСАЕВ,
Ўзбекистон Ёшлар иттифоқи Андижон вилояти кенгаши раисининг биринчи ўринбосари.



2 017
ЎзА​