ЎзА Ўзбек

26.04.2018 11:01:48 Чоп этиш версияси

26 апрель куни Чернобил Атом электр станциясида жаҳондаги энг йирик техноген фожиаси юз берган эди

Чернобил атрофида истиқомат қилувчи аҳоли Хиросимада юз берган атом фожиасидан 90 баробар кўп зарар кўрган.

1986 йилнинг 26 апрель куни Чернобил Атом электр станциясида жаҳонда энг йирик дея айтиладиган техноген фожиаси юз берган эди.

Атом электр станциясининг 1983 йил фойдаланишга топширилган тўртинчи блокида юз берган фожиа оқибатида келиб чиққан ёнғин икки ҳафта давом этди. Фожиадан аввал тўртинчи блок реакторида 180–190 тоннага яқин ядро ёқилғиси (уран диоксиди) борлиги айтилади. Тахминларга қараганда, ёқилғининг 5 фоизидан 30 фоизигачаси ҳавога тарқалган. Инсонларнинг ҳалок бўлиши, зарар кўриши ва иқтисодий талофатлар бўйича мазкур фожеа атом энергетикаси тарихидаги энг йирик ҳодиса бўлгани тан олинади. Чернобил атрофида истиқомат қилувчи аҳоли Хиросимада юз берган атом фожеасидан 90 баробар кўп зарар кўргани маълум. Умумий ҳисобда 160 минг квадрат километр ҳудуд заҳарланди.

400 мингга яқин киши фожиа ҳудудларидан хавфсиз жойга кўчирилди. Уларга ҳар қандай буюмларни олиш тақиқланди. Ҳатто болалар ҳам ўз ўйинчоқ ва қўғирчоқларини олишлари мумкин эмасди. 

07.jpg

Одамлар фақат устиларидаги либосларнигина олиб, уйларни ташлаб кетишлари керак эди. Одамлар орасида ваҳима келиб чиқишига йўл қўймаслик мақсадида уч кундан кейин уйларига қайтишлари мумкинлиги айтилди. Аҳолига фожиа хавфи ҳақида аниқ маълумот ва ўзларини қандай тутишлари ҳақида тавсиялар берилмади.

05.jpg

Бироқ хорижий оммавий ахборот воситаларида одамлар ҳаёти учун катта таҳдид пайдо бўлгани тўғрисида хабарлар пайдо бўлди. Хориж телевидениеларида Марказий ва Шарқий Европа мамлакатларига ёпирилиб келаётган заҳарли булутлар оқими харитаси намойиш этила бошланди. 

02.jpg

Фожиа ҳақида расмий хабар икки кундан кейингина матбуотда пайдо бўлди. Яъни, 28 апрель куни “Чернобил атом электростанциясида фожиа юз бергани, битта атом реактори зиён кўргани, талофатларини бартараф этиш мақсадида чоралар кўрилаётгани, жабрдийдаларга ёрдам кўрсатилаётгани, ҳодисани ўрганиш мақсадида ҳукуматнинг махсус комиссияси тузилгани” ҳақида қисқа хабар пайдо бўлди.

09.jpg

Жаҳон Соғлиқни сақлаш ташкилоти 2005 йил эълон қилган маълумотларга қараганда, фожиа оқибатида 4 мингга яқин киши ҳалок бўлган бўлиши мумкин.

04.jpg

Бироқ Гринпис ва Халқаро “Шифокорлар ядро урушига қарши” ташкилоти биргина талофатни бартараф этувчилар орасидан ҳалок бўлганларнинг сони 10 минг кишини ташкил қилишини айтиб келади. 

03.jpg

Европанинг Украинага қўшни мамлакатларида 10 мингга яқин носоғлом чақалоқ туғилгани айтилади.

06.png

Ўшанда Чернобил фожиасидан хулоса чиқарган бир қатор давлатлар атом энергетикасидан воз кечишга қарор қилди. Атом электр станцияларини текширишда масъулият кучайди. 2003 йилнинг декабрь ойида БМТ Бош ассамблеяси Мустақил Давлатлар Ҳамдўстлиги раҳбарларининг 26 апрелни радиация фожиаси ва ҳалокатлари қурбонларини ёд этиш куни, деб эълон қилиниши борасидаги ташаббусини қўллаб-қувватлади.

Шарофиддин Тўлаганов