ЎзА Ўзбек

11.09.2019 Чоп этиш версияси

22 кунда кавлаб олинган 180 йиллик чинор илдиздан стол ясалди

22 кунда кавлаб олинган 180 йиллик чинор илдиздан стол ясалди

Дарахт илдизидан санъат асари яратиш топшириғи берилса, кўз олдингизга нималарни келтирасиз? Агар ундан стол ясаш буюрилса, нима қиласиз?

Қўқон шаҳрида ўтаётган Биринчи Халқаро ҳунармандчилик фестивалида кўпчиликни ҳайратга солган маҳсулотлар жуда кўп. 

Улардан бири 550 килограмм оғирликдаги стол бўлиб, чинор илдизидан ясалган. Кўтариб, кўчириб юришга қулай бўлиши учун илдизнинг тескари тарафига ролик ўрнатилган. 

Устига буюртма асосида ишланган ойна унинг ҳажмига мос келади. Ишлов берилган мазкур ойнани ечиб олиш, устига 180 килограммгача юк қўйиш мумкин.

Замонавий столнинг энг қизиқ жойи унга ўрнатилган 250 севитадиод, 6 овоз кучайтиргич ва иккита ток узатгич. Агар телефонни унга улаб, мусиқани боссангиз, унинг жаранги оламни тутади. 

Чироқлар эса турфа рангда товланади. Фестивал иштирокчилари бу стол ёнидан кетгиси келмай, айланиб юришибди. 

Снимок.JPG

Ушбу санъат асари муаллифи, ёғочсоз уста Беҳзод Мадраимовга илдиздан стол ясаш ғояси қандай келди? Ундан ҳам қизиғи, “Бу илдизни қачон ва қаердан олдингиз?” каби саволлар билан мурожаат қилдик.

– Азалдан ноёб буюмлар ва қизиқарли нарсаларни қидириб топишни ёқтираман, – дейди Б. Мадраимов. – Оиламиз билан Паркет тоғлари тарафга дам олишга борганимизда, эски тўнкани кўриб қолдим. Илдизининг аҳволини билиш учун атрофдаги 12 одам билан уни тошлар орасидан 22 кунда кавлаб олдик. Чиримаган, жуда яхши сақланган экан. 

Катта зил машинасида бир амаллаб, Янгийўл туманига олиб келдик. Сўнгра ўзимиз қизиқиб, эксперт чақирдик. Бу 180 йиллик чинор илдизи экан. 

Аслида чинор дарахтининг танаси мурт бўлгани билан илдизи жуда мустаҳкам бўлади. Бир вақтлар чет элда ўқиганимда бу ҳақида таълим олган эдим. Ана шу малакам туфайли, уни кавлаб олдим. 

Бу Ўзбекистонда кераксиз илдиздан яратилган биринчи санъат асари. Тўғри, бизда кичикроқ илдизлардан яратилган ёғочсозлик буюмлари бор, лекин бундай йирик масштабдаги иш бажарилмаган. 

photo5460759937580903228.jpg

Бунга ишлов бериш осон бўлгани йўқ, оиламиз аъзолари билан биргаликда уни тиш чўткаси билан тозалаб ювган вақтимиз ҳам бўлди.

“Дарахт ва яшил оламни асрашда иштирок этувчи экологлар бунга қандай муносабат билдиришдими?” деган саволимизга ҳунарманд ўзига хос тарзда жавоб берди.

– Улар раҳмат айтишди. Бу илдизнинг ичида тошлар бўлгани учун ўтинга ишлатиб бўлмайди. Йўл қурилишида тоғларда учраб қолса, чиқиндига ташлаб, ёқиб юборилади. Тутуни эса экологияга зарар келтиради. Биз уни кавлаб олиб, ҳудудни тозалаб бераяпмиз. Ҳудуддаги қарияларнинг айтишига қараганда 20 йиллар олдин танаси кесиб кетилган экан, – дейди Б. Мадраимов.

“Бундай йирик столни қандай ва қаерда ишлатиш мумкин?” дея қизиқаётганларга унинг харидори жуда кўплигини айтгимиз келди. 

Туризмни ривожлантиришга қаратилган эътибор туфайли айни вақтда юртимизда меҳмонхоналар сони ортмоқда. Бундай санъат асарлари хориждан катта маблағлар эвазига олиб келинмоқда. 

Аслида мусиқа янграб, турли рангдаги чироқлар ял-ял ёниб турган, устига истаганча буюм қўйиш мумкин бўлган ноёб асарни кўрган ҳар қандай хорижлик меҳмон “ваҳ” деб юборса керак.

5 695
Сайёра ШОЕВА, Муқимжон ҚОДИРОВ, ЎзА