Размер шрифта: A A A
Цвет сайта: A A A A

17.04.2018 12:03 Чоп этиш версияси

21 ёшли Ситора туғилганлик ҳақида гувоҳнома оладиган бўлди

Ҳужжати йўқ одамнинг ўз-ўзидан ҳуқуқлари ҳам чекланади. Баъзида бирор идорага кириш учун ёнингизда шахсингизни тасдиқловчи ҳужжат бўлиши талаб этилади.

Паспорти олиб қўйилган одамларнинг ўз-ўзидан қулликка маҳкум бўлаётгани ёки фуқароликка қабул қилиниб, қўлига паспорт олаётганларнинг қувонч кўз ёшларини тасаввур қилиб кўрсак, паспортнинг инсон учун қанчалик муҳим аҳамиятга эга экани англашилади.

Аммо 21 ёшга қадам қўйган Ситорада паспорт тугул, туғилганлик ҳақидаги гувоҳнома ҳам бўлмаганини қандай изоҳлаш мумкин? Наманган вилояти Учқўрғон туманидаги “Намуна” маҳалла фуқаролар йиғинида онаси билан истиқомат қилиб келаётган бу қизнинг ҳужжати бўлмаганига нега ҳеч ким эътибор бермаган?

Бироқ у бошқа болалар қатори боғчага, мактабга қатнаган. Бу муассасаларга қабул қилишдан олдин туғилганлик гувоҳнома сўралиши жоиз эмасмиди? Афсуски, бу масалага панжа орасидан қаралгани боис қизалоқ ҳужжатсиз юраверган.

Фақат Ситора Ғафуржонова ҳужжатсиз ишга кира олмагани учун бу масалани ҳал қилишга унинг ўзи киришган. Бу борада у туман фуқаролик ҳолати далолатномаларини ёзиш (ФҲДЁ) бўлимига мурожаат қилган. Бу ерда мурожаати рад этилгач у Учқўрғон тумани маъмурий судига шикоят аризаси йўллаган.

Маълум бўлишича, Ситора ота-онаси ажрашиб кетгач дунёга келган. ФҲДЁ бўлими унинг аризасини туғилганлик ҳақидаги гувоҳномани бериш учун етарли ҳужжатлари мавжуд эмаслиги сабабли рад этган.

– Суд жараёнида тарафлар ва гувоҳларнинг кўрсатмалари эшитилди ҳамда ишга қўшилган ҳужжатларни атрофлича муҳокама қилинди, – дейди Олий суд матбуот котиби  Азиз Обидов. – Аниқлаган ҳолатларга кўра, ФҲДЁ бўлими С.Ғафуржонованинг важларини тўлиқ ўрганмаган. У тақдим қилган ҳужжатлар орасида Фарғона вилояти Қўқон шаҳар туғруқ мажмуаси томонидан Ситоранинг онаси Ш.Ғофиржонова номига берилган маълумотнома мавжуд бўлган. Унда аёлнинг 1997 йил 22 ноябрда қиз фарзанд туққани баён этилган. Ушбу тиббий маълумотнома ФҲДЁ томонидан асоссиз равишда инобатга олмаган.

Ушбу сабабларга асосан суд С.Ғофуржонованинг шикоят аризасини қаноатлантирди. ФҲДЁ бўлими зиммасига Ситорага туғилганлик ҳақида гувоҳнома ёзиб бериш мажбурияти юкланди. Бу ҳужжатни олгач у паспорт олиши мумкин бўлади.

Норгул Абдураимова, ЎзА
3 807