ЎзА Ўзбек

14.10.2019 Чоп этиш версияси

2020 йилдан бошлаб бюджет ахборотлари қонун билан тасдиқланади

2020 йилдан бошлаб бюджет ахборотлари қонун билан тасдиқланади

Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг Бюджет ва иқтисодий ислоҳотлар қўмитаси депутатлари ва ишчи гуруҳи томонидан “Бюджет жараёни такомиллаштирилиши муносабати Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси қонуни лойиҳаси биринчи ўқишга тайёрланмоқда. Бу ҳақда парламент қуйи палатаси расмий веб-сайтида маълум қилинди.

Таъкидлаш жоизки, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2018 йил 22 августдаги “Бюджет маълумотларининг очиқлигини ва бюджет жараёнида фуқароларнинг фаол иштирокини таъминлаш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори билан бюджет маълумотларининг очиқлигини ва бюджет жараёнида фуқароларнинг фаол иштирокини таъминлаш кўзда тутилган.

Хўш, бу янгилик амалда нима беради?

Аввало, 2020 йилдан бошлаб, мамлакатимизда давлат бюджети ва давлат мақсадли жамғармалари бюджетлари ахборотлари батафсил баён этилган, илғор стандартларга мувофиқ тайёрланган қонун билан тасдиқланади.
Демак, маромига етказилаётган мазкур қонун лойиҳаси билан қарор топадиган янги амалиёт бюджет маълумотларининг очиқлиги ва шаффофлигини таъминлаш, бюджет маблағларининг шаклланиши ҳамда сарфланиши устидан парламент ва жамоатчилик назоратини кучайтиришга хизмат қилади.

Қонун лойиҳасининг қабул қилиниши хорижий инвесторлар ва бошқа манфаатдор субъектларнинг бюджет жараёни, бюджет маълумотларидан фойдаланиш имкониятини оширади, бюджет жараёнига фуқароларнинг жалб этилишига, дахлдорлигини таъминлашга кўмаклашади.

1 064
ЎзА