ЎзА Ўзбек

17.01.2020 Чоп этиш версияси

2020 йилда ўтказиладиган педагог кадрлар аттестацияси бошланди

2020 йилда ўтказиладиган педагог кадрлар аттестацияси бошланди

2020 йилда ўтказиладиган педагог кадрлар аттестациясига тайёргарлик ишлари бошланганлиги тўғрисида хабар берган эдик.

Вазирликлар ва идоралар томонидан тақдим этилган БУЮРТМАЛАР асосида Мактабгача, умумий ўрта, ўрта махсус, касб-ҳунар ва мактабдан ташқари давлат таълим муассасалари педагог кадрлари аттестациясини ўтказиш ЖАДВАЛИ ишлаб чиқилиб, Давлат инспекцияси бошлиғи томонидан тасдиқланди.

Бу йилги педагог кадрлар аттестациясининг ўзига хос (аҳамиятли) томони шундаки, педагоглар учун навбатдаги (мажбурий) ва ўз аризаларига кўра муддатидан илгари қатнашаётган педагог кадрлар аттестацияси бир вақтда, яъни жорий йилнинг март-июнь ойларида ўтказилиши белгиланди.

Педагог кадрлар аттестациясини белгиланган муддатларда юқори савияда ўтказиш мақсадида қуйидаги ишлар амалга оширилиши мақсадга мувофиқ:

Давлат инспекцияси ҳамда тасарруфида таълим муассасалари мавжуд бўлган вазирлик ва идоралар томонидан:

Мактабгача таълим, халқ таълими, маданият, жисмоний тарбия ва спорт, касбий таълимни ривожлантириш ва мувофиқлаштириш ҳудудий бошқармалари ҳамда олий таълим муассасалари аттестация комиссиялари, туман (шаҳар) ва муассасалар аттестация комиссиялари, тизимида таълим муассасалари бўлган вазирликлар ва идоралар аттестация комиссияларини тузиш;

Педагог кадрларни аттестациядан ўтказиш тартиби ва аттестация натижаларини баҳолаш мезонлари билан таништириш мақсадида педагоглар ва аттестация комиссиялари учун ўқув семинарлари, вебинарлар ташкил этиш.

Таълим муассасалари раҳбарлари томонидан:

Аттестация муддатини эълон қилиш ва аттестациядан ўтказиш тартиби, унинг натижаларини баҳолаш мезонлари билан ёзма таништириш;

Аттестациядан ўтувчиларнинг ҳар бири учун алоҳида ҳужжатлар йиғмажилди тайёрлаш ва ҳужжатлар йиғмажилдида аттестациядан ўтувчининг паспорти, дипломи, аттестациядан ўтганлиги тўғрисида олган ва амалда фойдаланаётган сертификати (агар мавжуд бўлса), малака оширганлиги ҳақидаги сертификати нусхалари, маълумотнома-таржимаи ҳол, сўнгги бир йил давомида ўтган дарсларининг таҳлиллари, очиқ дарслар ўтганлиги ҳақидаги маълумотлар, таълим олувчилари рейтинги ва эришган ютуқлари (агар мавжуд бўлса) тўғрисидаги маълумотлар мавжудлигига алоҳида эътибор қаратиш;

Аттестациядан ўтувчи педагог кадрларнинг малака тавсифларида ва баҳолаш мезонларида белгиланган талабларни бажарганликлари ҳақидаги тавсияларни тайёрлаш учун таълим муассасаларида эксперт гуруҳлари тузиш.

Аттестациядан ўтаётган педагог кадрлар томонидан:

Аттестация жараёнларига масъулият билан ёндашиш, аттестация жараёнларининг асосини ташкил қиладиган норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар (Низом, Баҳолаш мезонлари)ни мукаммал ўрганиб чиқиш;

Аттестация комиссиялари ва эксперт гуруҳларига ўзлари тўғрисидаги ҳаққоний, асосланган маълумотларни тақдим этиш, аттестация жараёнлари билан боғлиқ ҳужжатларни сохталаштиришга ҳаракат қилмаслик;

Ижтимоий тармоқларда малака (тест) синовлари саволлари ёки назорат материаллари сифатида тарқатилаётган ҳар хил кўринишдаги манбаларга ишониб қолмасдан, фақатгина ваколатли органлар, яъни Давлат инспекцияси томонидан ўтказиладиган онлайн-репетициядан самарали фойдаланиш;

Аттестация жараёнлари жорий йилнинг март ойида бошланишини ҳисобга олган ҳолда 25 февралга қадар аттестациядан ўтказганлик учун норматив-ҳуқуқий ҳужжатларда белгиланган (базавий ҳисоблаш миқдорининг юз фоизи, яъни 223 000 (икки юз йигирма уч минг)) миқдорда тўловларни амалга ошириш (биринчи ва олий малака тоифали, етакчи ва бош ўқитувчи лавозимидаги ҳамда ушбу малака тоифалари ва лавозимларга талабгор педагог кадрлар учун).

Педагоглар аттестация жараёнига боғлиқ бўлган саволлар билан Таълим инспекциясининг 71-231-07-53 (ички рақам 1023,1032) телефони ёки инспекциянинг телеграм боти (@uztdibot) орқали мурожаат қилишлари мумкин. 

1 606
ЎзА