ЎзА Ўзбек

02.12.2019 Чоп этиш версияси

2019 йилги сайловлар янги сиёсий тамойиллар асосида ўтади

2019 йилги сайловлар янги сиёсий тамойиллар асосида ўтади

Академик Акмал Саидовнинг жорий йилда мамлакатимизда қабул қилинган Сайлов кодексининг муҳим жиҳатлари таҳлилига доир мақоласи хорижий оммавий ахборот воситаларида, жумладан Болтиқбўйи минтақасида нашр этиладиган “The Baltic Course” журнали веб-сайтида ва “The Bukharian Times” (АҚШ) газетасида чоп этилди.

Мақолада демократик давлатнинг муҳим шарти – фуқаролар сайлаш ва давлат ҳокимиятининг вакиллик органларига сайланиш ҳуқуқидан фойдаланишини таъминлаш экани, шунингдек сайлов ҳуқуқининг халқаро мезонлари Ўзбекистон Республикаси Конституцияси, Сайлов кодекси ва бошқа қонун ҳужжатларидан иборат миллий сайлов қонунчилигига тўлиқ имплементация қилингани қайд этилган.

Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг 117 моддасида Президент сайлови, парламентнинг Қонунчилик палатасига ҳамда Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгесига, маҳаллий вакиллик органларига сайловлар умумий, тенг ва тўғридан-тўғри сайлов ҳуқуқи асосида яширин овоз бериш йўли билан ўтказилиши белгиланган. Ўзбекистон Республикасининг ўн саккиз ёшга тўлган фуқаролари сайлаш ҳуқуқига эга. Сайловлар ҳар беш йилда ўтказилади.

Жорий йилда қабул қилинган Ўзбекистон Республикасининг Сайлов кодекси давлат ва жамият бошқарувида фуқароларнинг иштирок этишидан иборат конституциявий ҳуқуқнинг қўлланилиши бўйича амалий механизмларни аниқ ифодалайди.


photo5416057080445512719.jpg
Мазкур Сайлов кодекси лойиҳаси “gov.uz” ҳукумат порталида ҳамда Марказий сайлов комиссиясининг сайтида эълон қилиниб, жамоатчилик муҳокамасига қўйилди. Шунингдек, Европада хавф¬сизлик ва ҳамкорлик ташкилотининг Демократик институтлар ва инсон ҳуқуқлари бўйича бюроси, Европа Кенгашининг Венеция комиссияси каби халқаро нуфузли ташкилотлар томонидан Кодекс лойиҳаси ўрганилиб, тавсиялар берилди.
Кодексни тайёрлашда нафақат миллий тажрибадан фойдаланилди, балки 30га яқин хорижий давлатнинг сайлов қонунчилиги ҳам ўрганилди.

Фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари томонидан халқ депутатлари туман (шаҳар) Кенгашларига номзодларни кўрсатиш тартиби бекор қилинди, сабаби бу миллий давлатчилик шаклланаётган ва кўп партиявий тизим ривожланмаган даврда зарур эди. Бугунги кунда ушбу институтга эҳтиёж мавжуд эмас.

Сайлов кодексининг 38-моддасига кўра, энди сайловчилар бир ёки бир нечта сиёсий партияни ёқлаб имзо қўйиш имкониятига эга.

Депутатликка номзодларнинг ишончли вакиллари сони оширилди. Бу миқдор Қонунчилик палатаси учун 10 нафар, халқ депутатлари вилоят Кенгашлари учун 5 нафар, халқ депутатлари туман ва шаҳар Кенгашлари учун 3 нафарни ташкил этади.

Сиёсий партиялар кузатувчиларининг ваколати кенгайтирилди. Энди улар сайлов натижалари тўғрисидаги ҳужжат нусхасини сайлов комиссияси овозлар сонини ҳисоблаб бўлиши биланоқ олишлари мумкин.

Шунингдек, Сенат аъзоларини сайлаш тартиби қонунчилик даражасида тартибга солинди. Илгари амалда бўлган Марказий сайлов комиссияси қарори билан тасдиқланган Олий Мажлис Сенати аъзоларини сайлаш тартиби тўғрисидаги низом бекор қилинди.

Бундан ташқари, депутатликка номзодларнинг камида 30 фоизи аёллар бўлиши кераклиги белгиланди. Сиёсий партиялар депутатликка номзод сифатида нафақат ўз партиялари аъзоларини, балки партиясиз фуқароларни ҳам кўрсатишлари мумкин.

photo5415856883429912162.jpg

Мақолада фуқароларнинг сайлаш ҳуқуқини таъминлашда Ўзбекистон кўплаб хорижий давлатларга нисбатан либерал ёндашувда экани қайд этилган. Масалан, Сайлов кодексининг 5-моддасига асосан қуйидагилар сайлаш ва сайланиш ҳуқуқига эга эмас:

биринчидан, суд томонидан муомалага лаёқатсиз деб топилган фуқаролар;

иккинчидан, оғир ва ўта оғир жиноятлар содир этганлиги учун суднинг ҳукми билан озодликдан маҳрум этиш жойларида сақланаётган шахслар. 
 
Дунёнинг кўплаб давлатларида суднинг ҳукми билан озодликдан маҳрум этиш жойларида сақланаётган шахслар сайловда овоз бериш ҳуқуқига эга эмас. Ўзбекистонда эса фақатгина оғир ва ўта оғир жиноятлар содир этган маҳбуслар сайлаш ҳуқуқига эга эмас, холос.

Мақолада таъкидланганидек, Сайлов кодексида сиёсий партиялар ва улар кўрсатган номзодлар томонидан сайловолди ташвиқоти олиб бориш турлари, шакллари ва усуллари аниқ белгиланган (45 модда). 
 
Шунингдек, сайлов бюллетенидаги бўш квадрат ичига сайловчилар томонидан номзодга ёқлаб овоз беришда бир қанча белгилар (+,√, Х) қўйиш имконияти яратилганлиги ҳам ўзига хос янгиликдир. Бу сайловчиларга янада қулайлик яратишга қаратилган амалиёт татбиқ этилганидан далолат беради.

Муддатдан олдин овоз бериш ва сайлов куни овоз бериш учун мўлжалланган сайлов бюллетенини жорий қилиш билан “сайлов варақаси” тушунчаси чиқариб ташланганлиги ва сайловчилар ягона электрон рўйхатининг амал қилиш механизми тартибга солинганлиги ҳам эътиборга молик жиҳатлардандир.

Мақола хотимасида таъкидланганидек, 2019 йилги сайловлар янги сиёсий талаблар, партиялар орасидаги кучли рақобат, ғоялар ва дастурлар кураши асосида ўтказилади. Сайлов кодекси ҳақиқий демократик сайловлар учун мустаҳкам пойдевор бўлиши шубҳасиз.

Инсон ҳуқуқлари бўйича
Ўзбекистон Республикаси
Миллий маркази
матбуот хизмати

1 458
ЎзА