Юртимиз аҳолиси маълум сабаблар билан хориж мамлакатларига кетишади.
Юртимиз аҳолиси маълум сабаблар билан хориж мамлакатларига кетишади. Кимдир таълим олиш, яна кимдир ишлаш, кимлардир яшаш, яна кимдир саёҳат қилиш мақсадида хорижга отланади. Статистик маълумотларга кўра, доимий яшаш учун Ўзбекистон Республикасидан хорижий мамлакатларга кўчиб кетганлар 2019 йилда 13246 кишини ташкил қилган. Ушбу рўйхатда ер майдони жиҳатдан дунёда 9 ўринда турувчи Қозоғистон Республикаси биринчи ўринни, Россия Федерацияси эса иккинчи ўринни эгаллаган.
Англаганингиздек, 2019 йилда доимий яшаш мақсадида хорижга кетган ўзбекистонликларнинг аксарияти Қозоғистон Республикасига кўчиб кетган. Сўнги маълумотларга кўра, бир йилда Ўзбекистондан Қозоғистонга 7615 киши кўчиб кетган. 2018 йилги статистик маълумотларга асосан, ушбу йилда доимий яшаш мақсадида хорижга кўчиб кетганларнинг аксарияти Россия давлатига кўчиб кетишган. Бу кўрсаткич 2019 йилда янгиланиб ҳамюртларимизнинг кўпчилиги бу сафар Қозоғистон давлатига йўл олишган.
Бир неча кун аввал пойтахтимиз Тошкент яшаш учун дунёнинг энг арзон шаҳри деб эълон қилинган бўлса, бу хабарга ҳеч қанча бўлмай CeoWorld Magazine нашри томонидан Ўзбекистон яшаш учун энг арзон давлат дея эълон қилинди.
Биргина 2019 йилнинг ўзида Ўзбекистонга кўчиб келганлар 2527 кишини ташкил қилган бўлса, бунда ҳам пешқадамликни Қозоғистон Республикаси эгаллаб турибди. Иккинчи ўринда эса Россия.
Ўтган йил Қозоғистондан Ўзбекистонга 839, Россиядан 588 киши кўчиб келган. Юқорида айтиб ўтганимиздек, доимий яшаш мақсадида кўчиб келганлардан КЎЧИБ КЕТГАНЛАР сони кўпчиликни ташкил қилади. 2018 йилда бу кўрсаткич бироз бошқача бўлган, яъни ушбу йилда Тожикистондан Ўзбекистонга кўчиб келганлар 28,1 фоиз кўрсаткич билан ифодаланган. 2019 йилда Тожикистондан Ўзбекистонга кўчиб келганлар 21,4 фоизни (541 та) ташкил қилган бўлса, кўрсаткичлар бўйича Қирғизистондан кўчиб келганлар сони 307 та бўлган. Доимий яшаш мақсадида бошқа давлатлардан келган фуқаролар 252 тани ташкил қилган.
Нилуфар Муродова