ЎзА Ўзбек

16.01.2020 Чоп этиш версияси

2019 йилда чиқиндиларни белгиланган жойларга ташламаган 14 мингга яқин фуқаро жаримага тортилди

2019 йилда чиқиндиларни белгиланган жойларга ташламаган 14 мингга яқин фуқаро жаримага тортилди

Тошкент вилоятида жойлашган “Амирсой” тоғ-чанғи курортида Халқаро пресс-клубнинг саёҳат ва оммавий дам олиш масканларидан фойдаланиш маданияти, мазкур масалага жамоатчилик вакиллари муносабати муҳокамасига бағишланган навбатдаги сайёр сессияси бўлиб ўтди.

Унда экология, туризм каби соҳалар мутасаддилари, жамоатчилик вакиллари, журналистлар иштирок этди. Халқаро пресс-клуб раҳбари Шерзодхон Қудратхўжаевнинг таъкидлашича, сессия мавзуси кўрсатув ижодкорларининг ҳаётий кузатишларидан келиб чиқиб танланган.

c1c646da-dbdd-4dfd-ab00-4bc0278d197e.jpg

Сессияда иштирокчилар оммавий дам олиш масканларидаги тартибсиз ҳолат, дам олувчиларнинг чиқиндиларини истаган ерга ташлаб кетиши каби ҳолатларни жиддий танқид қилди.

– Бўстонлиқ туманини ободонлаштиришда 20 га яқин техника, 50 га яқин одам ишлайди, туманда 160 мингдан кўп аҳоли истиқомат қилади, – дейди Давлат экология қўмитаси раиси ўринбосари Ибратжон Каримов. – Мавсум пайтида 300 мингдан ортиқ дам олувчилар келади. Биз 20-30 та техника ёки 60 нафар одамимиз билан ҳамма ҳудудни тозалай олмаймиз. 2020 йилдан йўл бўйларида билбордлар, чиқинди ташлаш мумкин бўлган ерларга махсус йўл белгилари ўрнатишни бошладик. Шу ўринда яна бир статистикани айтиб ўтишим лозим, ўтган 2019 йилда маиший чиқиндиларни белгиланган жойларга ташламаган 13 874 нафар фуқарога турли миқдордаги жарима қўлланди, 2 миллиард 700 миллион сўм маблағ давлат бюджетига ундирилган.

Сессияда иштирок этган Туризмни ривожлантириш давлат қўмитаси бошқарма бошлиғи Темур Мирзаев чиқиндилар билан боғлиқ муаммонинг юзага келиши, оқибатлари ҳақида тўхталиб ўтди. У экологик маданиятни шакллантиришни болаликдан бошлаш лозимлигини таъкидлади ва таълимнинг креатив йўлларини қўллаш мақсадга мувофиқлигини билдирди.

2a6b83e9-823a-4d5c-a962-b18fbf00f34a.jpg

“Биз “Сайёҳликнинг 10 та содда қоидаси“ни тузиб визуал, креатив шаклда болаларга саёҳат қоидаларини ўргатишимиз керак” – деди Темур Мирзаев.

БМТ Тараққиёт дастурининг Тоғ тизмаларини асраш бўйича эксперти Индира Акрамова биз учун арзимас бўлиб кўринган чиқинди қолдиқларининг аянчли оқибатлари ҳақида гапирди. “Оддий тамаки қолдиғини табиатда чириши учун 15 йил давр талаб қилади. Бу вақт орасида қуш, балиқлар ёки бошқа жониворлар бу қолдиқларни истеъмол қилиши уларнинг нобуд бўлишига олиб келади. Ўзбек оилаларида уйни тоза тутиш, озодалик ўргатилади, лекин жамоат жойларида бунга амал қилинмайди“, – деди Индира Акрамова.

Афсуски, дам олувчилар орасида чиқиндилар, тозалик, тартиб-интизом масалаларига қўл силкийдиганлар ҳам кўп топилади.

“Биз ахлат ташлаган ватандошларимизни жаримага тортяпмиз, – дейди Хавфсиз туризмни таъминлаш бошқармаси ходими Сарвар Рустамов. – Лекин, айрим пули кўп дам олувчиларимиз: “Майли, шу жаримангни тўлайман, лекин ахлат ҳам ташлайман“ деб жаҳл билан қоидаларни бузаётган ҳолатлар ҳам мавжуд. Жарима миқдорини оширсак, муаммога ечим топган бўлар эдик.

Сессия якунида иштирокчилар томонидан дам олиш жойларида тозалик, тартиб-интизом қоидалари назоратини кучайтириш, ижтимоий реклама ва акциялар ёрдамида аҳоли эътиборини экологик муаммоларга қаратиш, йўлларда экологияни асрашга чақирувчи кўргазмали баннерларни ўрнатиш, ёшлар иштирокидаги акцияларни кўпроқ ўтказиш, жамоатчилик назоратини кучайтириш каби бир қанча таклифлар билдириб ўтилди.

2 943
Инобат АҲАТОВА, ЎзА