ЎзА Ўзбек

29.08.2018 13:32 Чоп этиш версияси

2019 йилда қанча қишлоқ ободонлаштирилади?

2019 йилда қанча қишлоқ ободонлаштирилади?
Иқтисодиёт вазирлигида “Обод қишлоқ” дастурининг ижроси ва истиқболдаги вазифалар мавзусига бағишланган матбуот анжумани бўлиб ўтди.

Унда Иқтисодиёт, Молия, Уй-жой коммунал хизмат кўрсатиш, Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирликлари, Давлат автомобиль йўллари қўмитаси, "Ўзбекэнерго", "Ўзтрансгаз" акциядорлик жамиятлари, "Маҳалла" хайрия жамоат фонди масъул ходимлари иштирок этди.

“Обод қишлоқ” дастурининг ижроси илк бор Жиззах вилоятининг Дўстлик туманидаги Манас қишлоғида ўз амалий ифодасини топди. Манас бор-йўғи 45 кунда тубдан янгиланиб, файзли масканга айлантирилди. Эндиликда Манас тажрибаси асосида республикадаги барча қишлоқлар қиёфасини ўзгартириш ва иқтисодий-ижтимоий муҳитни тубдан яхшилашга эътибор қаратилмоқда.

Жорий йилда “Обод қишлоқ” дастури бўйича 416 қишлоқда ишлар жадал амалга оширилмоқда. Дастурга киритилган барча қишлоқ аҳоли пунктларининг бош режалари ишлаб чиқилди. Қишлоқлар қиёфасини ўзгартириш учун биринчи навбатда, уй-жойларни таъмирлаш ва тартибга келтириш талаб этилади. Жумладан, 263 мингта уй-жой тўлиқ хатловдан ўтказилиб, уларнинг 132,4 мингтаси таъмирталаб аҳволда эканлиги аниқланди.

Дастур доирасида аҳолининг ичимлик суви таъминотини яхшилаш учун 2 минг километр ичимлик суви тармоқлари ва 17,9 мингта оқава сув хандақларида таъмирлаш-тиклаш, электр таъминотини яхшилаш мақсадида 3 минг 971 километр паст кучланишли тармоқлар ва 2 минг 384 дона трансформатор пунктларини модернизациялаш ва реконструкция қилиш кўзда тутилмоқда.

Табиий ҳамда суюлтирилган газ таъминотини яхшилаш бўйича 417 километр газ қувурларини таъмирлаш, 374 километр газ қувурларини босим остида синаш ва 198 километр тармоқларнинг техник ҳолатини махсус ускуналар ёрдамида диагностикадан ўтказиш белгилаб олинди. Бугунги кунга қадар, ушбу тадбирлар доирасида 674 километр газ қувурлари таъмирланди, 352 километр газ қувурлари махсус приборлар ёрдамида диагностикадан ўтказилди ва 1 минг 720 дона газ тақсимлаш пунктлари техник кўрикдан ўтказилди. Бундан ташқари, суюлтирилган газ таъминотидаги қишлоқларга 48 минг дона газ баллонлар тарқатиш режалаштирилган бўлиб, бугунги кунга қадар 55 минг дона етказиб берилди.

2 минг 589 километр йўлларни таъмирлаш, жумладан, 5 километр йўлда капитал таъмирлаш ва 2 минг 584 километр йўлларда жорий таъмирлаш ишлари бажарилади. Бунда, мавжуд асфальт-бетон қопламали йўллар жорий таъмирланади ҳамда тупроқ йўллар шағал йўлларга ўтказилади. Бугунги кунга қадар ушбу тадбирлар доирасида 1 минг 469 километр автомобиль йўллари жорий таъмирланди.

Давлатимиз раҳбарининг топшириғига кўра, “Обод қишлоқ” дастурини 2019 йилда амалга ошириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисидаги қарор лойиҳаси тайёрланди. Кейинги йилда мамлакатимизнинг ҳар бир туманида 3 тадан қишлоқ танлаб олиш белгиланган. Дастлабки манзилли рўйхатга кўра, 2019 йилда 159 тумандаги 477 қишлоқда қурилиш-ободонлаштириш ишлари амалга оширилиши кўзда тутилмоқда. Ушбу қишлоқларда қурилиш-ободонлаштириш ишлари жорий йилнинг 1 октябридан бошланиши кўзда тутилмоқда ва барча зарурий ташкилий масалалар қарор билан белгиланган.

Даврон Суннатов, ЎзА
4 402