ЎзА Ўзбек

18.01.2019 14:37:04 Чоп этиш версияси

2018 йил — Ўзбекистон тарихида энг кўп туғилиш қайд этилган йил бўлди


400,9 минг нафар ўғил, 367,4 минг нафар қизалоқ

Дастлабки маълумотларга кўра, жорий йилнинг 1 январь ҳолатида мамлакатимиз аҳолиси сони 33 миллион 254 минг 130 кишига етди. 2018 йил давомида аҳоли 597,4 минг кишига ёки 2017 йилга нисбатан 1,8 фоизга кўпайган.

Шунга кўра, ўтган йили Ўзбекистон тарихида туғилиш энг юқори кўрсаткични ташкил этгани айтилмоқда. 

– Тўғри, ўтган йилда ФҲДЁ органларида 768,3 минг нафардан кўпроқ туғилганлик қайд этилди ва бу энг кўп кўрсаткич бўлиб турибди, – дейди Ўзбекистон Республикаси Давлат статистика қўмитаси бошқарма бошлиғи Беҳзод Шодиев. – Уларнинг 400,9 минг нафари ўғил болалар ва 367,4 минг нафари қизалоқлар.

Энг муҳими, аҳоли ўсиши табиий ҳаракат ҳисобига таъминланган. Яъни аҳоли орасида туғилганлар сони вафот этганлар сонидан анча кўплиги кузатилди. 2018 йилда туғилиш 768,3 минг нафар бўлса, вафот этганлар сони 154,7 минг нафарни ташкил этди. Натижада, аҳолининг табиий ўсиши 613,6 минг нафарга етди.

2019 йилда аҳолиси 3 миллиондан ошган ҳудудлар қаторига тўртта вилоятни айтиш мумкин. Самарқанд вилояти – 3,8 миллион, Фарғона – 3,7 миллион, Қашқадарё – 3,2 миллион, Андижон – 3,1 миллион нафар аҳоли истиқомат қилмоқда.

Аҳолиси кам вилоятларга келадиган бўлсак, айни вақтда Сирдарё вилоятида 829,7 минг, Навоий вилоятида 974,3 минг нафардан кўпроқ юртдошларимиз яшамоқда.
2019 йил 1 январь ҳолатида аҳоли зичлиги бир километр квадратга 74,1 киши тўғри келмоқда.