ЎзА Ўзбек

02.08.2018 21:18 Чоп этиш версияси

2018 йил биринчи ярмида «Ўзбекинвест» компанияси томонидан 112 миллиард сўм ҳажмда суғурта мукофотлари йиғилди

2018 йил биринчи ярмида «Ўзбекинвест» компанияси томонидан 112 миллиард сўм ҳажмда суғурта мукофотлари йиғилди
Бугун жамиятимизда жадал ислоҳотлар шароитида суғурта бозорининг ўрни ва нуфузи сезиларли даражада ошиб бормоқда. Мазкур соҳада дадил силжиш ва ўзгаришларнинг кузатилаётгани, табиийки, инвестицион иқлимнинг яхшиланиши, хусусий тадбиркорликнинг ривожланиши ва аҳоли турмуш фаровонлиги ошишига хизмат қилади.

Суғурта бозорининг такомиллашуви жараёнларида «Ўзбекинвест» миллий суғурта компанияси ҳам фаол иштирок этмоқда. Айтиш мумкинки, ушбу компания ҳозирга келиб ишончли, кафолатли ва сифатли хизматлари билан мижозларни кенг жалб этаяпти. Буни жорий биринчи ярмида компания эришган салмоқли ютуқлар мисолида ҳам кўриш мумкин. 

Хусусан, ҳудудлар ва агентлик тармоғини ривожлантириш, янги, долзарб суғурта маҳсулотларини жорий этиш ҳамда жисмоний ва юридик шахслар кесимида фаол суғурта фаолиятини юритиш натижасида 112 млрд. сўм ҳажмда суғурта мукофотлари йиғилди ва бу кўрсаткич ўтган йилнинг шу даврига нисбатан 3 баробар ортиқ бўлди. Мижозлар билан тузилган суғурта шартномалари бўйича олинган суғурта мажбуриятлари ҳажми 69 трлн. сўмни ёки 8,9 млрд. АҚШ доллари эквивалентини ташкил этди. Эътиборлиси, Россия Федерацияси, Япония, Корея, АҚШ, Швейцария ва бошқа мамлакатлар хорижий инвесторлари ва пудратчилари томонидан Ўзбекистонда амалга оширилаётган лойиҳалар бўйича компаниянинг хорижий суғурта компанияларга қайта суғуртага берилган жорий суғурта мажбуриятлар ҳажми 21,7 млрд. АҚШ долларига етгани халқаро ҳмкорлик қамрови кенгайиб бораётганидан далолат беради.

Компания Navigators Insurance Company (АҚШ), Lancashire Insurance Company Limited (Буюк Британия), Tokio Marine & Nichido Fire Insurance Co. Ltd. (Япония), Allianz SE ва HDI Global Network AG (Германия), AXA (Франция), People Insurance Company of China (Хитой), Korean Reinsurance Company (Корея), «Ингосстрах», «Согаз» (Россия), Zurich Insurance Group (Швейцария) каби дунё суғурта компанияларининг биринчи ўнталигига кирувчи етакчи трансмиллий суғурта компаниялари билан фаол алоқа ўрнатгани бунинг ёрқин исботидир.

Жисмоний шахслар билан ишлаш бўйича ёндашувнинг тубдан яхшиланиши, суғуртанинг ихтиёрий ва мажбурий тизимига шаҳар ва қишлоқ аҳолисини фаол жалб қилиниши «Ўзбекинвест» компанияси суғурта фаолиятининг 2018 йилдаги асосий йўналишларидан бири бўлди. 

Бу борадиги тизимли ишлар натижасида 12,6 млрд. сўм ҳажмидаги ёки ўтган йилнинг шу даври билан таққослаганда 2,6 баробар кўп суғурта мукофоти йиғилди. Шу билан биргаликда, ҳудудларда, айниқса, чекка қишлоқларда суғурта фаолиятини тубдан ривожлантириш бўйича қатор чора-тадбирлар амалга оширилди.

Айтиш керакки, жорий йил биринчи ярмида компаниянинг 12 та янги ҳудудий суғурта бўлими очилди, ҳудудий филиаллар томонидан 34,3 млрд. сўм суғурта мукофотлари йиғилди. Туманлардаги суғурта бўлимлари томонидан йиғилган суғурта мукофолари ҳажми 193 фоизга ўсиб, 16,4 млрд. сўмни ташкил этди.

Қувонарлиси, мижозлар сони ошиши кузатилмоқда. Жумладан, жисмоний шахслар ҳисобланган мижозлар сони 231 фоизга ўсди. Юридик шахслар билан эса 23 754 та суғурта шартномаси тузилди.

Сир эмаски, давлат иқтисодиётининг юксалишида туризм соҳасининг таъсири беқиёсдир. Айни чоғда юртимизда замонавий туризимни ривожлантиришга улкан эътибори қаратилаётгани безиж эмас. Бу жараёнда “Ўзбекинвест” компанияси ҳам ўз улушини қўшишга интилаётганини таъкидламоқ жоиз. 

Компания давлатнинг туризмини тубдан ривожлантиришга қаратилган сиёсатида фаол иштирок этиб, бир нечта янги суғурта маҳсулотлари ишлаб чиқилди ва мижозларга тақдим қилинди.

Бундан ташқари, компания ўз мажбуриятларини қатъий бажариб, ҳисобот даврида суғурта ҳодисалари бўйича аҳолига ва юридик шахсларга 11,5 млрд сўм ҳажмида ёки ўтган йилнинг шу даврига нисбатан 132 фоизга кўп суғурта қопламаларини тўлаб берди.

Компаниянинг имижини ва суғурта хизматларини тарғиб қилиш ҳамда аҳолининг суғурта ҳақидаги хабардорлик даражасини ошириш мақсадида реклама-маркетинг фаолиятини фаоллаштириш бўйича тадбирларига ҳам диққат қаратилди. Хусусан, “Жаҳон футболи ишқибози” акцияси ўтказилиб, ғолибларга Россияда бўлиб ўтган Футбол бўйича жаҳон чемпионати марказий ўйинларига чипталар тақдим этилди. Кадрларни тайёрлаш ва қайта тайёрлаш бўйича комплекс чора-тадбирлар доирасида қатор семинарлар ўтказилди. Компаниянинг 14 нафар ходими республика ва хорижий ўқув марказларга ўқишга йўналтирилди.

Жорий йилнинг биринчи ярмида компаниянинг инвестицион портфели ўтган йилнинг шу даври билан таққослаганда 192 фоизга ошиб, 710,9 млрд. сўмни ташкил этди. Шундан 255 млрд. сўми депозит кўринишида тижорат банкларига жойлаштирилди, 439 млрд. сўми эса йирик ташкилотлар акцияларига жалб этилди. Таъкидлаш жоизки, «Ўзбекинвест» компанияси йирик тижорат банклари, суғурта компаниялари ва нефтгаз соҳасидаги корхоналарнинг акционери ҳисобланади.

Суғурта бозоридаги рақобатнинг кучайиб бораётганлиги, шунингдек, тақдим этилаётган суғурта хизматлари сифатига мижозлар талабининг ошиши муҳитида «Ўзбекинвест» компанияси бизнес юритишнинг инновацион ёндашувлари асосида самарали фаолиятини давом эттириш ва суғурталанувчиларнинг шахсий ва мулкий манфаатларига ишончли суғурта ҳимоясини тақдим этишни мақсад қилган.

Шавкат Тоҳиров, ЎзА
6 813