Размер шрифта: A A A
Цвет сайта: A A A A

01.06.2018 17:24 Чоп этиш версияси

200 нафар қорақалпоғистонлик бола Тошкент вилоятидаги “Сумча” оромгоҳида ёзни ўтказади

Қорақалпоғистон Республикасида 2018 йилнинг ёз мавсумида фаолият юритадиган 27 оромгоҳда 11 минг 280 бола ҳордиқ чиқаради.

Қорақалпоғистон Республикаси шаҳар ва туманларидаги кам таъминланган, боқувчисини йўқотган оилаларнинг 200 нафар фарзандлари ёзги таътилни Тошкент вилоятидаги “Сумча” болалар ёзги дам олиш оромгоҳида ўтказади.

– Ҳар йили ёз мавсумида Тошкент шаҳри, Тошкент, Қашқадарё, Жиззах вилоятларидаги дам олиш оромгоҳларида 7 ёшдан 14 ёшгача бўлган қорақалпоғистонлик Меҳрибонлик уйи тарбияланувчилари, ижтимоий ҳимояга муҳтож, боқувчисини йўқотган оилалар фарзандлари, жами 3 минг бола соғломлаштирилади, – дейди Қорақалпоғистон Республикаси Халқ таълими вазирлиги мутахассиси Р.Тангирбергенов. – Бугун ҳам ана шундай оилаларнинг 200 нафар фарзанди Тошкент вилоятига жўнаб кетди. Умуман, 2018 йилнинг ёз мавсумида болаларни оромгоҳларга жалб этиш ва соғломлаштиришга жиддий тайёргарлик кўрилди. Қорақалпоғистон Республикасидаги оромгоҳлар 5 июндан болаларни бағрига чорлайди.

Қорақалпоғистон Республикасида 2018 йилнинг ёз мавсумида фаолият юритадиган 27 оромгоҳда 11 минг 280 бола ҳордиқ чиқаради. Шундан Элликқалъа туманидаги “Орол болалари”, Тўрткўл туманидаги “Лочин”, Тахиатош туманидаги “Ойдин йўл”, Нукус шаҳридаги “Ёш авлод”, “Орол” стационар дам олиш марказларида 3 минг 395 бола, 22 кундузги оромгоҳда 7 минг 885 бола соғломлаштирилади.

Барча оромгоҳларда ёнғин хавфсизлиги таъминланган, тиббий хоналар янгидан ташкил қилинган. Болаларнинг китобхонлик маданиятини, уларнинг билимини ошириш учун бадиий, ижтимоий ва илмий китобларга эга кутубхоналар фаолият юритади.

Дам олиш мавсумини мазмунли ўтказиш мақсадида маданий-маърифий тадбирлар ташкил қилинади, таниқли фан ва санъат арбоблари билан учрашувлар ўтказилади. Инглиз тили тўгараклари фаолияти йўлга қўйилади.

Е.Қаноатов, ЎзА
4 066