Размер шрифта: A A A
Цвет сайта: A A A A

14.06.2018 18:40 Чоп этиш версияси

2,65 гектар ер 32 йилдан буён ҳужжатлардан тушиб қолган

2,65 гектар ер 32 йилдан буён ҳужжатлардан тушиб қолган Республика ишчи гуруҳи ўрганишлари чоғида Фарғона вилояти Қўштепа тумани “Қоракалтак” маҳалла фуқаролар йиғини ҳудудидаги “Маърифат” кўчасида 2,65 гектар ҳудудга эга бўлган, учта қурилиши тугалланмай қолган объект авария ҳолатида қаровсиз ва ташландиқ ҳолда ётганига гувоҳ бўлди.

Бино атрофлари очиқ-сочиқ. Ўнг томондаги икки қаватли ичи бўш, ғиштлари кўчиб тушаётган объектда маҳалланинг шўхроқ сигирлари иссиқдан ўзини пана қилувчи салқин гўша сифатида фойдаланмоқда. Ўртадаги томлари кўчиб тушиб, девор устунлари нураб, ғиштлари увадаланиб, қўрқинчли кўриниш ҳосил қилган. Бу ер адашиб келиб қолган одам учун Иккинчи жаҳон урушидаги оғир отишмалардан омон қолган манзарадай таассурот уйғотади. Учинчи бино ниҳоятда узун бўлиб, бетон плиталар ва зинапоялар ғишт деворлар устида омонатгина осилиб қолган. Агар қаттиқроқ шамол бўлса, бутунлай ағдарилиб тушса керак. Гектарлаб ерлар эндиликда ажриқзорларга, ён-атрофдаги одамлар ахлатларини ташлайдиган чиқиндихонага айланган.

DSC_2720.JPG

Агар кам таъминланган оилалар учун 4 сотихли ёки 2 сотихли турар-жойлар қурилганида ҳам 2,65 гектар ер нечта одамга етар эди? Ёки маҳсулот ва бозоргир моллар ишлаб чиқарувчиларга берилса, ўтган йиллар ичида қанча-қанча маблағ келиб тушар эди? “Қоракалтак” МФЙ ҳудудидаги 1 сотихли ер учун 95 минг сўмдан ер солиғи тўланмоқда. 2,65 гектар ернинг бир йиллик солиқ пули 25 миллион сўмдан ортади. 32 йилда жами тўланмай қолган солиқлар миқдори 800 миллион сўмдан ошмоқда. Бу маблағларни ким ҳавога учирди? Давлат солиқ идораси нега шу чоққача унинг тагини кўтармаган?

Бу ердаги 19-уйда яшовчи Йўлчивой Мирзаевнинг айтишича, мактаб учун ажратилган ерда 1987 йилда қурилиш ишлари бошланган. Аммо бир йилдан кейин чала қолиб кетган. Бу ердаги кўримсиз ва хунук манзара уларнинг кўнглига ғашлик солиб келади. Бу “Қоракалтагимиз” учун қора доғ бўлиб ётибди.

18-уйда истиқомат қилувчи Рустам Турдиалиев эса бу ҳудудда болалар учун спорт комплекси қурилишини истамоқда. Чунки фарзандлар учун спорт билан шуғулланишга ҳеч қандай шароит мавжуд эмас.

“Қоракалтак” МФЙ раиси Шамсиддин Тожиматов эса маҳалла ҳудудидаги мазкур объектлардан унумли фойдаланиш бўйича бир неча тадбиркорлар мурожаат қилганини, унинг ўзи ҳам тегишли муассасаларга таклиф киритганини, бироқ кутилган натижа бўлмаганини айтиб ўтди.

Ўзбекистон Президенти қаерда бўлмасин, бўш турган бинолардан самарали фойдаланиш ҳақида жон куйдирмоқда. 2018 йил 11 июнда Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг “Аҳолининг ижтимоий заиф қатлами бандлигини таъминлашни рағбатлантиришнинг ташкилий чора-тадбирлари тўғрисида" қарори қабул қилинган эди. Эътибор қилинг, Раҳбар жараёнлардан ўзиб кетиб, ҳатто заиф қатламлар ҳақида ҳам бош қотираётган бир пайтда юзлаб ишчи ўринлари яратилиши мумкин бўлган майдонлар ҳуввиллаб ётибди.

Мамлакатда тадбиркорлик фаолияти билан шуғулланиш истаги бўлган паст даромадли оилаларни давлат томонидан фаол қўллаб-қувватлаш бўйича амалий чоралар кўрилаётгани Қўштепа раҳбариятини парвойига ҳам келмаяпти. Нима учун тадбиркорлик субъектларини жалб этиш имкониятларидан 32 йил давомида лоақал бирор маротаба фойдаланилмаган?

Нега орадан 32 йил вақт ўтса-да инвестицион ва ижтимоий мажбуриятларни қабул қилиш шарти билан давлат мулки объектлари “ноль” харид қийматида сотилмаган? Қўштепада тадбиркор ёки ерга қизиқувчилар йўқми? Уйма-уй кирилганида қанча-қанча фуқаролар бизнеси учун янги жойлар сўраб, умид билан қараб турибди-ку. 3-cектор раҳбари нега бу ишга совуққонлик билан қарамоқда?

Бино қурилишини қайси ташкилот бошлаб, шунча маблағ сарфлангач, ора йўлда чала қолдириб кетгани ўзи бир мавзу. Бироқ кутилмаганда бошқа шубҳали, жиноятнинг ҳиди келиб турган факт чиқиб қолди. Бино ишчи гуруҳи ташрифидан атиги бир ой олдин туман мутасаддилари назарига тушиб қолибди. Фақатгина 2018 йил 8 майга келибгина Қўштепа тумани ҳокими Баҳромжон Жумановнинг №829 сонли қарори билан қурилиши тугалланмаган иншоот туман ҳокимлиги захирасига олинади. Қарорнинг 4-бандида туман ҳокимлиги инвестициялар, инновациялар, хусусийлаштирилган корхоналарга кўмаклашиш, кичик саноат зоналари ҳамда туризмни ривожлантириш масалалари бўйича ўринбосари Н.Холтожиевга ер майдонлари ва иншоотларидан келажакда мақсадли фойдаланиш таклифи киритиб қўйилган холос. Ҳоким ўринбосари жўяли таклифни шу чоққача киритмагани бир масала. Аммо ҳоким жаноблари ҳокимлик захирасининг қайси ташкилот балансидан олиб қўяётгани қарорда акс этмаган. Туман кадастр бўлими эса бу ҳудуд туман халқ таълими бўлими ихтиёрида бўлганини айтади. Халқ таълими эса қурилмаган мактабни ўз балансига олмагани билдиргач, “кадастрчи”лар колхозлар тарқаб кетгач, инвентаризация қилинаётган вақтда ҳужжатларга киритилмай қолиб кетгани ҳақида айтмоқда. Қизиқ 2,65 гектар ер ҳужжатлардан тушиб қолиб йўқоладиган даражадаги майда-кўз илғамас нарсамидики, уни қайд этмасдан юриш мумкин бўлса...

Лазиз Раҳматов, журналист

ЎзА
4 089