1990-2000 йиллар журналистикаси: Цензура расман йўқ, аммо амалда бор замонлар эди
1990-2000 йиллар журналистикасини ким қандай эслайди?
Турсунали АКБАРОВ — “Йилнинг энг фаол журналисти – 2020” республика танловида мамлакатда инсон ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилиш, суд-ҳуқуқ тизимини янада такомиллаштириш борасида ислоҳотлар кенг ёритилган материаллари учун ғолиб деб эълон қилинди.
1990-2000 йиллар журналистикасини ким қандай эслайди?
Xabar.uz ахборот-таҳлилий портали ҳуқуқ ва мурожаатлар бўлими муҳаррири Турсунали Акбаров ҳали фельетон жанри матбуот юзини тарк этмаган ва цензура «тиғи» ўткир бўлган даврлар ҳақидаги мулоҳазалари билан бўлишди.
— Ўша вақтларда Конституцияда цензурага йўл қўйилмаслиги расман, келтириб ўтилган бўлса-да, цензура бор эди. «Матбуотчилар уйи»нинг учинчи қаватида «ЛИД», деб аталган бўлим бўлган. Бу расман давлат сирларини сақлаш инспекцияси эди. Аммо, амалда цензура вазифасини ўтаган, – дея хотирлайди журналист Турсунали Акбаров. – Ана шу идоранинг муҳри босилмаса, нашриётлар газетани қабул қилмаган. Журналистлар бир мақола ёзишдан аввал, «буни цензура ўтказармикан», деган хавотир билан кун ўтказишган. Журналистлар цензуранинг чиғириғидан ўтавериб, ўз фикрини айтиш учун турли услублардан фойдаланган. Бу нарса хоҳлайсизми, йўқми журналистларнинг қаламини чархлаган. Мисол учун, ўша вақтдаги «Адабиёт ва санъат» газетаси маданият ва санъатга ихтисослашган нашр бўлишига қарамай анча жиддий ижтимоий мавзуларни ҳам кўтариб чиққан эди. Ҳозир эса, журналистларимиз матни анча саёз.
Журналистнинг айтишича, 1990 — 2000 йилларда журналистлар ҳимояси анча суст бўлган. Журналистларга туҳмат қилиш, машиналарга наркотик ташлаб қўйиш, билан қўрқитилган. Ўша вақтларда туман ҳокимини ҳам танқид қилиш катта жасорат бўлган. Аммо, танқид қилинган амалдорга нисбатан албатта, чора кўрилган экан.
Ўзбекистон мустақиллигининг илк ўн йиллигида ўзбек журналистикаси ўзига хос даврни босиб ўтди. Унда қалами чархланган, ҳар бир сўзнинг катта масъулиятини ҳис эта олган журналистлар мактаби вужудга келди. Биз Турсунали Акбаров билан журналистикада бугун йўқолиб улгурган жанрлар, маҳорат мактаблари, цензура ва туҳматга қолган журналистлар ҳамда 1990 — 1999 йиллардаги танқиднинг кучи ҳақида суҳбатлашдик.
Турсунали Акбаров мустақил Ўзбекистоннинг биринчи мустақил газетаси «Ҳуррият»нинг илк даврларида фаолият олиб борган журналистлардан. У бизга «Ҳуррият»нинг дастлабки қадамлари ҳақида ҳам сўзлаб берди.
Қуйида видео суҳбатни тўлиқ томоша қилишингиз мумкин.