ЎзА Ўзбек

22.06.2018 13:12 Чоп этиш версияси

1941 йил 22 июнь…

1941 йил 22 июнь…
Ушбу сана инсониятни ларзага келтирган эди. Айнан шу куни “уруш бошланди”, деган совуқ ва даҳшатли хабар тарқалди. Шу тариқа иносоният тарихидаги энг мудҳиш одамкушлик даври бошланди. Халқимизни ҳам четлаб ўтмаган бу уруш ҳар бир хонаданда ўз изини қолдирди. Қайғу-алам, айрилиқ, жудолик ҳеч бир уйни четлаб ўтмади. “Уруш, номинг ўчсин жаҳонда!” дея ҳайқирмаган она, аёл қолмади.

Президентимиз Шавкат Мирзиёев 9 май – Хотира ва қадрлаш кунига бағишланган маросимдаги нутқида таъкидлаганидек, “Уруш арафасида Ўзбекистонда 6,5 миллион аҳоли яшаган бўлса, шундан 1 миллион 500 мингдан зиёди фронтга сафарбар этилган. Бу ўша пайтдаги халқимизнинг 22 фоизини, меҳнатга яроқли аҳолининг эса 40-42 фоизини ташкил этарди. Меҳрибон ота-онасини, азиз фарзандлари, табаррук она юрт тупроғини ҳимоя қилишга отланган бу ботир инсонлар кечаю кундуз қон кечиб, Москвадан то Берлингача бўлган оловли йўлларни қаҳрамонларча босиб ўтдилар. Урушда ўзбекистонлик жангчилардан 500 мингдан кўпроғи – фронтга сафарбар этилганларнинг ҳар учтасидан бири ҳалок бўлди, 60 мингдан ортиқ ҳамюртимиз ногирон бўлиб қайтди. Бу ёвуз уруш туфайли қанча-қанча оилалар ўз боқувчисидан ажралди, гўдаклар етим, аёллар бева бўлиб қолди. Ўз жигарбандидан жудо бўлган минг-минглаб оналар қалбидаги алам ва изтиробни ифода этишга сўз ожиз...” 

Кишилик тарихидаги энг қонли, энг катта йўқотиш ва мислсиз қурбонларга, эл-юртимиз ўртасида қанча-қанча мусибат ва офатлар, ғам-аламларга, бева-бечоралар ва етимларнинг пайдо бўлишига сабаб бўлган бешафқат уруш ҳеч қачон қайтарилмаслиги учун бундай фожиа ва балоларнинг олдини олиш, доимо огоҳ ва ҳушёр бўлиш зарур. Афсуски, бугунги кунда дунёнинг турли ҳудуд ва минтақаларида, олис ва яқин атрофимизда қарама-қаршилик ва зиддиятлар тобора кучайиб бораётганини кўрмоқдамиз. Айрим жойларда қон тўкилаётгани, низо ва адоватлар авж олаётгани, миллатчилик, шовинизм каби ҳавфли офатлар майдонга чиқаётгани, бир сўз билан айтганда, вазият тобора кескинлашиб, хавф-хатарлар ортиб бораётгани барчамизни ташвишга солмасдан қўймайди. 

Олимларнинг фикрича, инсониятнинг беш минг йиллик тарихи давомида ер юзида 14 минг 500 та уруш бўлиб ўтган экан. Бу урушлар оқибатида 3,5 миллиард киши ҳалок бўлган. 

Бир пайтлари табиий офатларга қарши жамоа бўлиб курашган одам болалари эндиликда табиат ва жамият инқирозига сабаб бўлмоқда. Ядро қуроли яратилиши билан инсоният олдида тинчлик муаммоси пайдо бўлди. Журналистлардан бири А.Эйнштейнга учинчи жаҳон уруши хақида савол берганида у “учинчи жаҳон урушида қандай қуроллар билан жанг қилишларини билмайман-у, аммо тўртинчи жаҳон уруши таёқлар билан бўлишига ишонаман” деган экан. Бугунги кундаги қуролланиш, давом этаётган қирғин-баротлар буюк олимнинг фикрларини исботламоқда. Таҳлилчиларнинг сўзларига қараганда, бугун дунё мамлакатлари эга бўлган ядро қуролларининг атиги беш фоизи ишлатилса ҳам ер шари ўз ўқидан чиқиб кетар экан.

XIX асргача урушлар мамлакатларнинг иқтисодиётига деярли таъсир қилмаган. Аммо XIX асрнинг иккинчи ярми ва XX асрдан бошлаб урушлар нафақат мамлакат иқтисодиёти, балки кенг омманинг турмуш тарзида акс эта бошлади. Эндиликда ҳарбий ҳаракатларда бир-икки давлат эмас, балки кўплаб мамлакатлар иштирок этмоқда. Биринчи жаҳон урушида 70 миллиондан ортиқ киши қатнашган бўлса, Иккинчи жахон урушида 110 миллионга яқин киши иштирок этди. Европа мамлакатларида бўлиб ўтган урушлар тахлил қилинар экан, XVII асрда – 3,3 миллион киши, XVIII асрда – 5,4 миллион киши, XIX аср ва XX аср бошларида (Биринчи жахон урушига қадар) – 5,7 миллион киши, Биринчи Жаҳон уруши (1914 йилнинг 28 июл – 1918 йилнинг 11 ноябри)да – 9 миллиондан ортиқ киши, Иккинчи Жаҳон уруши (1939 йилнинг 1 сентябр – 1945 йилнинг 2 сентябри)да эса 50 миллиондан ортиқ кишининг ҳалок бўлгани айтилади. 1945 йилдан 1990 йилгача бўлган даврнинг 2340 ҳафтасидан атиги уч хафтасидагина ер юзида тинчлик бўлган экан. ХХ асрнинг 90-йилларида ер юзида 100 дан ортиқ ҳарбий ҳаракатлар қайд қилинган. 90 дан ортиқ давлат иштирок этган бу урушларда 9 миллионга яқин киши халок бўлди. Биргина 1990 йилнинг ўзида ер юзида 31 та қуролли тўқнашув кузатилди. 

Қуролланиш пойгасини тўхтатиш, ҳарбий харажатларни камайтириш орқали маблағларни мамлакатлар иқтисодиётининг бошқа тармоқларига йўналтириш мумкин. Ҳарбий харажатлар ўндан бир қисмига камайтирилган тақдирда ҳам ривожланаётган мамлакатларнинг иқтисодиётини яхшилаш, бу мамлакатлар ахолисининг турмуш шароитини тубдан ўзгартириш мумкин бўлар экан. 

Урушлар туфайли шаҳарлар, тарихий обидалар вайрон бўлаётганидан асло кўз юмиб бўлмайди. Жангарилар Мосулдаги марказий кутубхонани портлатиб юбориши ва ўт қўйганларидан сўнг жаҳондаги энг қадимий деб айтилаётган кутубхона ҳовлисида китоб ва қўлёзмаларни ёқиб, гулхан ясашди. Умумий ҳисобда маданият, фалсафа ва тарихга оид 10 минг том китоб йўқ қилинди. Улар орасида юзлаб манускриптлар бор эди. Жангарилар Мосул музейидаги дурдоналар – минглаб йиллар давомида кўзни қувонтириб турган бебаҳо санъат асарларини бир неча дақиқа ичида ер билан яксон қилди. Террорчилар булдозерлар ёрдамида Юнус пайғамбарнинг қабри ва масжидини ҳам бузиб ташлашди. Шу ўринда Афғонистоннинг Бомиён вилоятида Толиблар томонидан қадимий улкан Будда ҳайкалларининг вайрон этилганини ҳам эслатиб ўтиш керак. Тоғ бағрига эрамизнинг 3-7 асрларида ўйиб ишланган ҳайкаллар портловчи моддалар ёрдамида портлатилганди. Малидаги вазият ҳам кишини ташвишлантиради. Жанггарилар Тимбукту шаҳридаги ноёб архивга ўт қўйди. Бу ердаги қадимий омборхона ва янги Тадқиқот Марказида жаҳон мероси саналмиш 12- 13- асрларда яратилган биология, астрономия, тарих, математика, мусиқа ва бошқа фанларга оид юз мингдан ортиқ қўлёзмалар, манускриптлар сақланарди. Террорчилар шаҳарнинг маданий қадриятларини, жумладан қадимий Жингуеребер масжиди ва сўфийларнинг қадамжолари ҳамда мақбараларини таҳқирлашди, бузиб ташлашди. Террорчиларнинг кўр-кўрона хатти-ҳаракатлари оқибатида инсоният ўзининг тарихий ва маънавий бойлигидан маҳрум бўлмоқда. 

Агар халқаро жараёнларни таҳлил қиладиган бўлсак, инсоният олдида пайдо бўлаётган муаммо ва зиддиятлар дунёда ҳамжиҳатликнинг йўқлиги, бир-бирини эшитмаслик, ўз кучига ортиқча баҳо бериш, ўзгаларга беписанд қараш натижасида юзага келаётганига гувоҳ бўлиш мумкин. Айниқса, давлатлараро муносабатларда ўзаро ишончнинг сусайиши ва ишончсизлик кайфиятининг ўсиб бораётгани глобал муаммоларни тинч йўл билан, музокаралар воситасида ҳал этишга салбий таъсир кўрсатмоқда.

Урушлар жамиятда ижтимоий бош-бошдоқликларни келтириб чиқаради. Урушга қарши энг самарали кураш бу урушлардан воз кечишдир.

Ҳеч қайси халқ урушни хоҳламайди. Бизнинг халқимизга тинчлик ва омонлик керак. Фақат тинчлик ва осойишталик бўлган, меҳр-оқибат, ўзаро ҳурмат ҳукм сураётган давлатда, жамиятда фаровон ва бахтли ҳаёт қуриш мумкин, энг эзгу орзу-мақсадларга етишиш мумкин. Бугун биз қурбонлар хотираси олдида таъзим қиламиз. 

Шарофиддин Тўлаганов, ЎзА
5 449