ЎзА Ўзбек

18.05.2018 11:21 Чоп этиш версияси

18 май – Халқаро музейлар куни. Тарих ўз ўрнида сабоқдир

Пойтахтимиздаги Ўзбекистон Республикаси Қуролли Кучлари давлат музейи ёшларда миллий армиямиз тарихи ва бугуни ҳақида кўплаб маълумотларни берадиган севимли масканлардан.

Музейлар бу аждодларимиздан бизга мерос бўлган бойликни келажак авлодга етказиб берадиган илмий, маънавий-маърифий хазина бўлиб, у йиллар давомида бойиб, тўлиб боради.

Пойтахтимиздаги Ўзбекистон Республикаси Қуролли Кучлари давлат музейи ёшларда миллий армиямиз тарихи ва бугуни ҳақида кўплаб маълумотларни берадиган севимли масканлардан.

photo5472149679748786530.jpg

Музей 1965 йилда ташкил топган. Музей экспозицияси Қуролли Кучлар тарихи, Марказий Осиё халқлари ҳарбий санъати, шу билан бирга Ўзбекистон Республикаси Қуролли кучлари ривожланишининг ҳозирги давр ҳақида сўзлайди. Шунингдек, музейда буюк саркарда Амир Темурга бағишланган алоҳида “Амир Темур ва темурийлар давридаги ҳарбий ишлар” экспозицияси ҳам мавжуд.

photo5472149679748786531.jpg

Бу ерда ҳарбий юришлар хариталари, аскарлар сафланишининг схемалари, қурол-аслаҳалар, нишонлар ва Темурийлар даврининг бошқа экспонатлари ўрин олган. Ўзбекистон халқининг Иккинчи жаҳон урушида иштирокига бағишланган экспозиция ҳам мавжуд. "Мустақил Ўзбекистонни қўриқлаш" экспозициясида қўшин турлари, ҳарбийлар ҳаёти, уларнинг жанговар ва ҳарбий-сиёсий тайёргарлиги ҳақида маълумотлар олиш мумкин.

Музей биноси ва ҳудуди 2009-2010 йилларда реконструкция қилиниб, кўркам ва замонавий қиёфа касб этган. Уч қаватдан иборат бу ҳарбий салоҳиятдан сўзловчи бинога кираверишингизда, тарих ва бугунги ҳаёт аксини кўрасиз, иккинчи ва учинчи қаватларида Ўзбекистон ҳудудида ҳарбий санъатнинг қадимги тарихидан бошлаб бугунги кунимизгача бўлган даврини қамраб олган икки ярим мингдан ортиқ экспозиция эътиборингизни тортади.

Мазкур музей директори ўринбосари Фароғат Аҳмедованинг айтишича, ўн икки мингдан ортиқ экспозиция фондига эга бўлган музей зиёратчиларни мамлакатимиздаги тинчликнинг нақадар азиз неъмат эканини чуқур англашга ва бу бебаҳо неъматни асраб-авайлашдек улкан мақсадларга даъват этади.

Музейнинг иккинчи қаватидаги кўргазма зали кўпчиликнинг эътиборини тортади. Бу ердаги мустақиллик йилларида соҳада эришилган янгилик ва ютуқлар акс этган экспозиция намуналари келувчиларда доим катта қизиқиш уйғотади. Бу ердаги мингга яқин экспозицияда миллий армиямизнинг ташкил этилиши, шаклланиши ва унинг шу кунга қадар босиб ўтган йўли ифода этилган.

Музей экспозицияси мунтазам бойитиб борилмоқда.

Музей ҳовлисида бунёд этилган “Ватанга қасамёд” монументи зиёратчиларни янада кўпроқ жалб этишда муҳим аҳамиятга эга. 

photo5472149679748786529.jpg

Ушбу обиданинг бу ерда ўрнатилишида ҳам ўзига хос маъно бор. У Ватанимиз ҳимоячиларининг халқига, юртига, ота-онасига, Президентига бераётган ваъдасининг рамзидир.

Мазкур музей ёшларни қадимги ноёб ёдгорликлар билан таништириш, ватанпарварлик руҳида тарбиялашда ўз ўрнига эга маскандир.

Мадинабону Насриева
9 985