ЎзА Ўзбек

18.08.2018 22:21 Чоп этиш версияси

18 август куни сиртқи таълим шаклига кириш тест синовлари давом эттирилди

18 август куни сиртқи таълим шаклига кириш тест синовлари давом эттирилди Бош вазир ўринбосари Азиз Абдуҳакимовнинг Фейсбукдаги саҳифасида маълумот берилишича, Олий таълим муассасаларининг сиртқи таълим шаклига кириш тест синовларининг иккинчи кунида 24 та олий таълим муассасаларининг 52 та таълим йўналишида 39 минг 665 нафар абитуриент иштирок этди, турли сабабларга кўра 2 569 нафар абитуриент тест синовларига келмади.

Шаффофликни таъминлашга қаратилган қатор чора тадбирларни амалга оширилаётганига қарамай айрим абитуриентлар қоидаларни бузишда давом этишяпти. Маълумотда келтирилишича, 18 август куни тест синовлари тартиб-қоидаларини бузганлиги сабабли 110 нафар абитуриент, шундан 35 нафари ҳудудга кириш жойида уяли телефон, шпаргалкалар олиб киришга ва ўзгани ўрнига киришга уринганлиги учун, 75 нафари бино ичида шпаргалкадан фойдаланишга ва бошқа абитуриентларга ёрдам беришга уринганлиги учун тест синовларидан четлаштирилди.

Тест натижалари Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳридан Фельдегерлик хизмати томонидан махфийлиги ва дахлсизлигини таъминлаган ҳолда Давлат тест марказига 18.30 дан қайтариш бошланди. Сўнгги материаллар Фарғона водийсидан кечаси 2:00да етиб келади.

Иккинчи кунги тест синовлари натижалари 19 август куннинг иккинчи ярмида Давлат тест марказининг dtm.uz сайтида эълон қилинади.

Эслатиб ўтамиз, республикада олий таълим муассасаларининг сиртқи таълим шаклига тест синовлари 20 августга қадар ўтиши режалаштирилган.

ЎзА
5 247