ЎзА Ўзбек

20.12.2017 20:56 Чоп этиш версияси

16 август куни туғилган фарзандини 1000 АҚШ долларига сотаётган вақтда қўлга олинди

2017 йил 22 август. Соат тахминан 15:30. Тошкент шаҳар Олмазор тумани Фаробий кўчасида жойлашган ошхона олдидаги автотураргоҳда Ш.С. қизи З.Ж. билан тил бириктириб, З.Ж.нинг жорий йил 16 август куни туғилган фарзандини 1 минг АҚШ долларига сотаётган вақтда ички ишлар идоралари ходимлари томонидан қўлга олинди.

Аниқланишича, З.Ж. 2014 йил Бухоро вилояти Fиждувон туманидан Тошкент шаҳрига келиб, ишга жойлашади. 2016 йил октябрь ойида таниш йигитдан ҳомиладор бўлиб қолади. Қариндош-уруғ, маҳалла-кўй олдида номусга қолишдан қўрқиб, бола туғилгач, онаси Ш.С. билан ўзаро келишган ҳолда уни сотишга ҳаракат қилади.

Жиноят ишлари бўйича Олмазор тумани судида ўтказилган очиқ суд мажлисида мазкур жиноий иш кўриб чиқилди.

Судланувчи З.Ж. айбига тўлиқ иқрор бўлди. Адашганини, қилган ишидан пушаймонлигини билдирди. Фарзандини унга қайтариб беришни илтимос қилди, ўзи тарбиялаб, вояга етказишини айтди.

Суд ҳукмига биноан судланувчилар З.Ж. ва Ш.С. Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг тегишли моддасига асосан икки йил синов муддати билан озодликка чиқарилди.

Ҳадемай қоракўз гўдак вояга етади, ақлини танийди. Ўшанда ўз жигаргўшасини сотмоқчи бўлган она унинг кўзига қандай қараркин?!

Гиёҳвандлик воситалари ва психотроп моддаларнинг қонунга хилоф равишда муомалада бўлиши ва уларни истеъмол қилиш бугунги кунда инсониятга таҳдид солаётган энг катта хавфлардан биридир.

Суд мажлисида мана шундай жиноят кўчасига кириб қолган икки фуқаро иши ҳам кўриб чиқилди.

2017 йил 6 август куни соат 23:00 да Олмазор тумани ички ишлар бошқармаси ҳамда “Минерал сувлар” ЙППХ ходимлари томонидан ўтказилган тезкор тадбир вақтида Ю.С. томонидан бошқариб келинган “Спарк” русумли автомашина тўхтатиб, текширилади. Машина ўриндиғидаги ҳамёнда оқ қоғозга ўралган ўткир ҳидли яшил рангли модда борлиги аниқланиб, тегишли тартибда расмийлаштирилади.

Суд-кимёвий экспертизасининг хулосасига кўра, фуқаро Ю.С.га тегишли модда 2,47 грамм марихуана бўлиб чиқди.

Ушбу автомашинадаги йўловчи фуқаро М.Т. текширилганда унинг чўнтагида 3 дона алоҳида қоғоз бўлакларига ўралган ўткир ҳидли модда бор экан. Суд-кимёвий экспертизаси М.Т.дан олинган модда ҳам оғирлиги 19,26 грамм қуритилмаган ҳолдаги марихуана эканини аниқлади.

Судланувчилар суд мажлисида айбига тўлиқ иқрорлик билдирди. Суд давлат айбловчисининг хулосасини, ҳимоячиларнинг фикри, гувоҳларнинг кўрсатмалари, жиноят иши ҳужжатларини ўрганиб чиқиб, ҳукм чиқарди.

М.Т. гиёҳвандликдан мажбурий даволанишга муҳтож экани инобатга олиниб, унга нисбатан мажбурий даволаниш ва Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг тегишли моддаларига асосан 3 йил муддатга мажбурий жамоат ишларига жалб этиш, судланувчи Ю.С.га ҳам 3 йил муддатга мажбурий жамоат ишларига жалб этиш чораси тайинланди.  

Нурилло Насриев, ЎзА
6 487