ЎзА Ўзбек

16.04.2019 11:40 Чоп этиш версияси

14 килограммдан ортиқ гиёҳванд моддаси аниқланди

14 килограммдан ортиқ гиёҳванд моддаси аниқланди

Фарғонада 14 килограммдан ортиқ гиёҳвандлик моддасини уйида сақлаган шахс қўлга олинди.

Ҳозирда инсоният бошига турли балоларни солиб, оилаларни ва жамиятни таназзулга олиб борадиган иллатлардан бири гиёҳвандликдир. Мамлакатимизда ҳам ушбу иллатга қарши курашиш юзасидан кескин чоралар кўрилаётгани ҳеч кимга сир эмас. Фарғона вилоятида ҳам ҳуқуқни муҳофаза қилувчи идоралар томонидан гиёҳвандлик билан боғлиқ жиноятларнинг олдини олиш борасида тадбирлар ўтказилмоқда.

Толибжон Акрамов ҳам гиёҳвандликка муккасидан берилган. У ўзи ишлайдиган Ўзбекистон туманидаги “Қўрғонча файз” фермер хўжалиги ҳудудида ўсиб турган наша гиёҳвандлик ўсимлигини аниқлаб, уни баргларидан териб олиб, яшаш уйига олиб келган. Кўп миқдордаги “марихуана” гиёҳвандлик воситасини қонунга хилоф равишда жорий йилнинг 6 январь кунига қадар яшаш хонадонида сақлаб келган.

Вилоят ИИБ транспортда жамоат хавфсизлигини таъминлаш бўлими ходимлари томонидан ўтказилган тадбир давомида “Қушқўноқ” маҳалла фуқаролар йиғинида яшовчи фуқаро Т.Акрамовнинг яшаш хонадони кўздан кечирилганда, уйдаги тандир тагидан бир дона 3 литр сиғимдаги шиша банкага солинган 109 грамм, бир дона қора рангли полиэтилен пакетга солинган 247 грамм, уйнинг том қисмидан уч дона оқ рангли полиэтилен қопларга солинган 14,485 грамм, жами 14 килограмм 841 грамм кўп миқдордаги яшил рангли, ўткир ҳидли, қуруқ ҳолдаги “марихуана” гиёҳвандлик моддасига ўхшаш моддалар холислар иштирокида далилий ашё тариқасида олинган.

Экспертиза хулосаларига кўра, топилган ўсимлик моддаси “марихуана” деб аталувчи гиёҳванд воситаси туркумига кириши аниқланди. Вилоят 2-сонли суд наркологик экспертизасининг далолатномасида Т.Акрамов каннабиноидга тобелик 2-босқичи касаллиги билан касалланганлиги, Ўзбекистон Республикаси Жиноят Кодексининг 96-моддасини қўллаб, тиббий йўсиндаги мажбурий даволаниш чорасига муҳтожлиги кўрсатилган.

Жиноят ишлари бўйича Қўқон шаҳар суди томонидан Т. Акрамовга нисбатан жиноят иши кўриб чиқилиб, унга тўрт йил муддатга озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланди.

– Бугунги кунда ички ишлар органлари ва маҳалла фуқаролар йиғинлари янада ҳамкорликни мустаҳкамлаб, жиноятларнинг келиб чиқиш сабабларини ва унинг содир этилишига имкон берган шарт-шароитларни чуқур таҳлил қилишлари лозим, – дейди Жиноят ишлари бўйича Қўқон шаҳар суди судьяси Элёржон Ҳакимов. – Мазкур жиноят ҳам ҳудудда етарли тарғибот ишларининг йўлга қўйилмаганлиги ҳамда оилалар билан иш олиб борилмаганлиги натижасида содир этилганлиги маълум бўлди. Суд ана шуларни ҳисобга олиб, Ўзбекистон туманидаги “Қушқўноқ” маҳалла фуқаролар йиғинига хусусий ажрим чиқарди.

М.Сулаймонов, ЎзА
2 160