Размер шрифта: A A A
Цвет сайта: A A A A

05.10.2017 17:12 Чоп этиш версияси

130 нафар масъул шахс жаримага тортилди

Сирдарё вилояти Сирдарё туманида Президентимизнинг 2017 йил 23 майдаги “Ички ишлар органлари ёнғин хавфсизлиги бўлинмалари фаолиятини тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори ижроси доирасида кенг кўламли ишлар амалга оширилмоқда.

Ҳар ҳафта чоршанба кунлари ўтказилаётган ёнғин профилактикаси тадбирлари муассасалар, корхона-ташкилотлар ва аҳоли хонадонларида ёнғин хавфсизлигини таъминлаш, бу борада фуқаролар ҳушёрлигини янада оширишга хизмат қилмоқда.

Сирдарё тумани ёнғин хавфсизлиги бўлими томонидан ҳокимлик, фавқулодда вазиятлар бўлими вакиллари билан ҳамкорликда маҳаллалар, таълим муассасалари, ташкилот ва корхоналарда ёнғин профилактикаси тадбирлари ўтказилаётир.

– Ёнғин профилактикаси тадбирлари самарасини ўтган йилгига нисбатан туманда ёнғинлар сони 47,5 фоизга камайганида ҳам кўриш мумкин, – дейди Сирдарё тумани ёнғин хавфсизлиги бўлими бошлиғи, майор А.Рустамов. – Деҳқонларимиз томонидан етиштирилган ҳосилнинг хавфсиз ҳолда сақланишини таъминлаш, ҳар қандай ёнғинларнинг олдини олишга қаратилган профилактика тадбирлари тумандаги пахтани қайта ишлаш заводи ва икки пахта қабул қилиш пунктида уюшқоқлик билан ўтказилди. Аниқланган камчилик ва муаммоларни бартараф этиш чоралари кўрилди.

Жорий йилнинг ўтган даврида тумандаги 38 маҳалла фуқаролар йиғини, 22 минг 95 аҳоли хонадони, 148 давлат ташкилоти ва 1 минг 517 тадбиркорлик субъектининг ёнғин хавфсизлиги бўйича ҳолати ўрганилди. Қиш мавсумига пухта тайёргарлик кўриш, турли ёнғинларнинг олдини олиш мақсадида ўтказилаётган тадбирлар давомида ёнғин хавфсизлиги бўйича уй эгалари ҳамда масъул шахсларга зарур тавсия ва кўрсатмалар берилмоқда. Аниқланган камчиликларни мутасадди раҳбарлар билан бирга имкон қадар жойида бартараф этиш чоралари кўрилмоқда.

Ёнғин профилактикаси тадбирларида хавфсизлик қоидаларини бузган 4 минг 651 хонадонда камчиликлар аниқланиб, уларнинг 3 минг 442 таси жойида бартараф этилди. Эътиборсизлик оқибатида ёнғин хавфсизлиги қоидаларини бузган 130 нафар масъул шахсга нисбатан 10 миллион 918 минг сўмдан зиёд жарима чоралари қўлланилди. Ёнғинга олиб келиши мумкин бўлган муаммоли ҳолатдаги 38 бинонинг иш фаолияти вақтинча тўхтатилди. 531 носоз газ ва электр ускунасидан фойдаланиш тақиқланди.

Абдужалол Қаюмов, ЎзА
1 556






Все о погоде - Pogoda.uz