Размер шрифта: A A A
Цвет сайта: A A A A

12.05.2018 08:00 Чоп этиш версияси

12 МАЙ – ХАЛҚАРО ҲАМШИРАЛАР КУНИ. Тиббиёт ходими меҳнати билан лавозимига лойиқлигини исботлаши шарт

Шифохонадаги илк таассурот инсоннинг тиббиёт муассасасига ишончи ва эътиборини кучайтиришгина эмас, унинг соғлиғини асраш ва мустаҳкамлашнинг ҳам муҳим омилидир. Демак, аҳолига малакали тиббий ёрдамни ташкил этиш учун, аввало, ҳамшираларнинг ўз ишига масъулиятини кучайтириш муҳим.

09.jpg
Алишер ШОДМОНОВ, 
Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазири.

05.jpgМалакали тиббий хизматдан фойдаланиш ҳар бир инсоннинг кафолатланган ҳуқуқидир. Бош Қомусимиз билан мустаҳкамлаб қўйилган мазкур ҳуқуқий нормани ҳаётга татбиқ этиш, халқимизнинг тиббий хизматдан розилигини таъминлаш, ҳаётий эҳтиёжларини қондириш мақсадида бирламчи, ихтисослашган, шошилинч тиббий ёрдам кўрсатиш ишлари янги босқичга кўтарилмоқда. Бу жараёнда ҳар бир инсоннинг ҳуқуқ ва манфаатларини тўлиқ таъминлаш устувор вазифа этиб белгилангани зиммамиздаги бурч ва масъулият нақадар катта эканлигини кўрсатади. 

Шубҳасиз, кейинги икки йилнинг ўзида бу борада ҳуқуқий, ташкилий, илмий-амалий жиҳатдан салмоқли ишлар амалга оширилди. Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг соғлиқни сақлаш тизимини ислоҳ этишга йўналтирилган фармон ва қарорлари қабул қилинди. Жадаллик билан олиб борилаётган ушбу тиббий-ижтимоий тадбирлар жараёнида соҳанинг ҳар бир бўғини, жумладан, ҳамширалик ишини такомиллаштиришга ҳам устувор аҳамият қаратилмоқда.

Бугун замонавий ҳамшира ҳақида сўз кетар экан, тиббиётнинг турли соҳаларида кунни тунга улаб ишлаётган фидойи, билимдон, моҳир, чаққон, эпчил, зукко, ўрта тиббиёт ходимларининг қиёфаси кўз ўнгимизда жонланади. Юртимизда уч юз мингдан зиёд шундай ўрта бўғин мутахассислар эл соғлиғини асраш йўлида шифокорлар билан бир сафда иш олиб боряпти. Ўттиз икки миллионлик халқимиз орасида уларнинг беминнат хизматига иши тушмаган одамни топиш мушкул бўлса керак. Зеро, ҳамширалар ҳамиша тиббиётнинг энг олдинги бўғинларида иш олиб борувчи мутахассислардир. Тиббий-илмий марказлардан тортиб қишлоқ оилавий поликлиникалари, қишлоқ врачлик пунктларигача бўлган бўғинда тиббий маслаҳат ёки кўмак сўраб келган инсонга, энг аввало, улар пешвоз чиқади.

Шу нуқтаи назардан қараганда, ҳамшираларнинг малакаси, муомала маданияти тиббий хизматнинг ҳолати ҳақида дастлабки тасаввурни шакллантиради. Табиийки, шифохонадаги илк таассурот инсоннинг тиббиёт муассасасига ишончи ва эътиборини кучайтиришгина эмас, унинг соғлиғини асраш ва мустаҳкамлашнинг ҳам муҳим омилидир. Демак, аҳолига малакали тиббий ёрдамни ташкил этиш учун, аввало, ҳамшираларнинг билими, малакасини ошириш, касбий маҳоратини юксалтириш, ўз ишига масъулиятини кучайтириш ниҳоятда муҳим аҳамият касб этади. Ушбу вазифаларни тизимли асосда бажариш учун, даставвал, кадрлар тайёрлаш тизимини такомиллаштириш, амалиётда ишлаётган мутахассисларга ўз салоҳиятини тўла намоён этиши учун муносиб шароит яратиш масаласи бугун долзарбдир. Ушбу вазифалардан келиб чиқиб, кейинги йилларда тиббий таълим тизимини такомиллаштириш, малакали кадрлар тайёрлаш ва уларнинг малакасини ошириш масалаларига устувор аҳамият қаратилмоқда.

8.jpg

Мамлакатимизнинг барча ҳудудларидаги тиббиёт коллежлари фаолияти ана шу талаб ва мезонлардан келиб чиқиб такомиллаштирилмоқда. Ушбу таълим муассасаларининг моддий-техника салоҳиятини юксалтириш, таълим сифатини ошириш, битирувчиларнинг бандлигини таъминлаш бўйича узлуксиз чора-тадбирлар амалга ошириляпти. Бу йил ҳам тиббиёт коллежларини эллик икки минг нафар ўқувчи битириб, ишга йўлланма олади. Уларнинг бандлигини таъминлаш мақсадида коллеж – корхона лойиҳаси яхши самара бермоқда.
Ривожланган давлатлар тажрибасидан келиб чиқиб олий маълумотли ҳамширалар тайёрлаш тизими йўлга қўйилгани аҳолига ҳамширалик ёрдамини сифатли кўрсатиш, бу йўналишда жаҳон тиббиётининг энг илғор услубларини амалиётга жорий этишда муҳим омил бўлмоқда. Бугунги кунгача Тошкент тиббиёт Академияси ва тиббиёт институтларининг “Олий ҳамширалик иши” бўлимларида анестезиология ва реанимация, хирургия, акушерлик ва менежмент йўналишлари бўйича тўрт ярим минг олий маълумотли бакалавр ҳамширалар тайёрланди, юзга яқин ҳамширалар магистр даражасига эга. Улар даволаш-профилактика муассасаларида бош, катта ва етакчи ҳамшира ҳамда тиббиёт институти ва коллежларида ўқитувчи сифатида фаолият юритмоқда. 

Яқин-яқингача олий маълумотли ҳамширалар ҳам Республика ўрта тиббиёт ва доришунос ходимлар малакасини ошириш ва ихтисослаштириш марказида малака оширар эди. Бироқ, тажрибалар бу мезон ўзини у қадар оқламаслигини кўрсатди. Зеро, олий маълумотли ҳамшира нафақат ҳамширалик ишини юритади, балки соҳага доир тажрибаларни бойитиш бўйича илмий-амалий тажрибалар ўтказиш салоҳиятига эга малакали кадр ҳисобланади.

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2017 йил 4 апрелда қабул қилинган “Тиббиёт ходимларининг малакасини ошириш ва уларни қайта тайёрлаш тизимини такомиллаштиришга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарори бу борадаги муаммоларни бартараф этишда муҳим ҳуқуқий асос бўлди. Ушбу ҳужжатга мувофиқ, 2017/2018 ўқув йилидан бошлаб олий маълумотли ҳамширалар Тошкент врачлар малакасини ошириш институтида малака оширмоқда. 

03 (1).jpg

Шунингдек, ўрта тиббиёт ходимларининг малака ошириш жараёнида очиқлик-ошкоралик, адолат принципларига қатъий риоя қилиш, тингловчилар ўқиши, яшаши, муносиб билим эгаллаши, тажриба ошириши учун барча шароитларни яратишга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Республика ўрта тиббиёт ва доришунос ходимлар малакасини ошириш ва ихтисослаштириш маркази бу борада бир қатор янгиликларни жорий этди. Ҳозирда янги лойиҳа ва таклифлар устида ишламоқда. Жумладан, ҳужжатларни электрон қабул қилиш тизими жорий этилди, таълим ва услубий ишлар замон талабидан келиб чиқиб такомиллашяпти. 

Мамлакатимизда патронаж ҳамшира фаолияти йўлга қўйилганига анча йиллар бўлди. Бироқ, бу соҳада ишларнинг ҳуқуқий-ташкилий асослари замон талабига тўла жавоб бермагани учун аҳоли патронаж хизматидан қониқиш ҳосил қилмади. Кейинги йилларда бу муаммоларни бартараф этиш, патронаж хизматини янги босқичга кўтариш бўйича кенг қамровли чора-тадбирлар амалга оширилди. Хусусан, аҳоли репродуктив саломатлигини муҳофаза қилиш, тиббий маданиятини ошириш, соғлом турмуш тарзини кенг тарғиб этиш ва бирламчи профилактика ишларига бешта ташкилот масъул этиб белгиланди. Яъни ушбу вазифалар Қорақалпоғистон Республикаси соғлиқни сақлаш вазирлиги, вилоятлар Соғлиқни сақлаш бошқармалари ва Тошкент шаҳар Соғлиқни сақлаш бош бошқармаси Фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари фаолиятини мувофиқлаштириш бўйича ҳудудий бўлимлари, ҳудудий халқ таълими бошқармалари ва мактабгача таълим бошқармалари билан ҳамкорликда бажарилмоқда. Шунингдек, ушбу ташкилотлар аҳолини мақсадли патронаж билан қамраб олиш, уларда тиббий маданиятни шакллантириш ҳамда оила ва таълим муассасаларида соғлом турмуш тарзини тарғиб этиш мақсадида ҳар бир маҳаллада жамоатчилик асосида “Саломатлик мактаблари” ташкил этиб, улар фаолиятини тизимли олиб бормоқда.

7.jpg
Бугунги кунда юртимиздаги бирламчи тиббий-санитария муассасаларида умумий амалиёт врачлари, тор мутахассислар билан бир қаторда бир юз икки минг нафардан кўпроқ патронаж ҳамширалар халқимизга тиббий ёрдам кўрсатмоқда. Уларга ўз зиммаларига юкланган вазифаларни самарали адо этишлари учун барча шароитларни яратиш доимий эътиборимизда. 
2017 йил 13 сентябрда қабул қилинган Вазирлар Маҳкамасининг “Бирламчи тиббий-санитария ёрдами муассасаларида тиббий хизматлар сифатини яхшилашга, ўтказилаётган профилактика тадбирларининг самарадорлиги учун масъулиятни оширишга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарорининг қабул қилиниши соҳа ривожи учун яна бир имконият бўлди. Ушбу қарорга мувофиқ, бирламчи тиббий-санитария тизимида ишлаётган врачлар қаторида аҳолини патронаж билан тўлиқ қамраб олиш, оналар, болалар ўлими, ногиронликнинг олдини олиш, касалликка чалиниш кўрсаткичларини пасайтиришга эришаётган патронаж ҳамширалар ҳам моддий рағбатлантириладиган бўлди.

Албатта, буларнинг барчаси тиббиёт тизимида эришилаётган натижаларнинг маълум бир қисми, холос. Ҳали олдимизда ўз ечимини кутаётган вазифалар талайгина. Биз қишлоқ жойларда патронаж қамрови сифатини янада яхшилаш, диспанцеризация ишларини замон талаблари даражасида ташкил этиш, аҳолининг барча қатламига ҳамширалик ёрдамини самарали кўрсатиш, тиббий маданиятни юксалтириш каби ишларимизни янгича мезон ва таъсирчан усулларда олиб боришимиз лозим. 

Ҳар бир ҳамшира бу борада тиббиёт тизимида олиб борилаётган ислоҳотларга ўзини дахлдор деб ҳисоблаб, унга ўз ҳиссасини қўшишга интилса, ўйлайманки, албатта, бу меҳнатининг мевасини тотади. Халқимизнинг тиббиёт тизимига, жумладан, патронаж хизматига ишончи кучаяди, оилада, жамиятда тиббий дунёқараш юксалади. Бу натижалар тиббиёт тараққиёти, инсон саломатлиги, халқимизнинг турмуш фаровонлигини юксалтиришда муҳим пойдевор бўлади.

10 307