ЎзА Ўзбек

11.08.2018 11:30 Чоп этиш версияси

11 киши чет элга чиқишга қўйилган тақиқининг бекор қилинишини сўраган

11 киши чет элга чиқишга қўйилган тақиқининг бекор қилинишини сўраган

Ўзбекистон Республикаси Президенти раислигида 2018 йил 27 июлда ҳуқуқбузарликлар профилактикаси ва жиноятчиликка қарши курашиш масалалари юзасидан ўтказилган кенгайтирилган видеоселектор йиғилишида белгилаб берилган вазифалар ижросини таъминлаш бўйича Жиззах вилояти ИИБ фуқароликни расмийлаштириш ва миграция бошқармаси томонидан вилоятнинг барча ҳудудларида аҳоли билан учрашувлар ўтказилмоқда. 

Хусусан, Бахмал туманида ҳуқуқ тартибот идоралари, ҳокимлик ҳамда кенг жамоатчилик вакиллари иштирокида ана шундай тадбирлардан бири ташкил этилди. Тадбирда фуқаролик паспортини ўз вақтида расмийлаштириш, рўйхатдан ўтиш тартиб қоидаларига амал қилиш, хорижга чиқиш ва кириш меъёрларини бузмаслик каби ҳолатлар юзасидан фикр юритилди. 

Вилоят ички ишлар бошқармаси ахборот хизмати хабарига кўра, жорий йилнинг ўтган етти ойи давомида фуқаролар томонидан вилоят ИИБ фуқароликни расмийлаштириш ва миграция бошқармасига 391 мурожаат келиб тушган. Шундан 125 киши Ўзбекистон Республикаси фуқаролигини олиш, 13 киши фуқароликдан чиқиш, 21 киши доимий рўйхатдан ўтиш, 9 нафар фуқаро вақтинчалик рўйхатдан ўтиш юзасидан мурожаат этишган. Бундан ташқари, 17 киши доимий рўйхатдан ўтиб яшаш гувоҳномаларини расмийлаштириш, 59 киши биопаспорт олишни тезлаштириш, 19 киши чет элга чиқиш ёзувини олиш бўйича, 11 киши чет элга чиқишга қўйилган тақиқини бекор қилиш, 18 киши алимент ундириш, 34 киши жарима миқдорини камайтириш юзасидан ариза ёзган. 

Тадбирда аҳоли томонидан бир қатор ижтимоий-иқтисодий масалалар муҳокамаси ўртага ташланди. Чунончи, тадбиркорликни ривожлантириш учун кредит ажратиш, иш билан таъминлаш, йўл қурилиши, коммунал хизмат сифатини яхшилаш юзасидан талаб ва таклифлар билдирилди.

Йиғилиш давомида аниқланган камчиликларни бартараф этиш бўйича тегишли идоралар вакилларига топшириқлар берилди.

И. Аввалбоев, ЎзА
5 972