ЎзА Ўзбек

05.06.2018 10:08 Чоп этиш версияси

104 ёшли онахон улуғ ёшда ҳам қадди тиклигининг сирини айтди

Шарофат момо Ражабова бугун 104 баҳорни қарши олган бўлса-да, ҳалиям руҳи тетик, қадди тик. Онахоннинг юз кўзларида шукроналик ҳисси мужассам. 

photo5228752461450291365.jpgИккинчи жаҳон уруши йиллари. Бугун 104 ёшни қарши олаётган Шарофат момо ўша бўҳронли йилларни хотирларкан, қишнинг қирчиллама кунларида уйи яқинидаги тут дарахти тагидан 5-6 ёшлардаги болани топиб олганлигини айтади. Унга Ултой деб ном берадилар. Ултой 18 ёшга етганида, қўшни қишлоқдаги қариндошларини излаб йўлга тушади. Шу кетганича, орадан йиллар ўтиб, 60 ёшга кирган Ултой, момонинг ёнига яна қайтиб келади. Хотиралар яна уйғонади... 

Биз бу воқеани нега келтирдик? Балки, даврлар, йиллар сурони олдида 5-6 ёшдан 18 ёшгача бўлган умр унчалик аҳамият касб этмасдир. Аммо ўша йилларнинг изтироб ва заҳмати бўлакча эди.

Маълумотларга кўра, Иккинчи жаҳон уруши арафасида мамлакатимизда 6,5 миллионга яқин аҳоли яшаган бўлса, шундан бир ярим миллиони урушда бевосита иштирок этган. Яъни ёш гўдак ва болаларни, қариялар ва аёлларни ҳисобга олмаганда, халқимизнинг 40 фоиздан кўпроғи қўлига қурол олиб, жанг майдонларида қатнашган. Ва бу даҳшатли урушда қарийб 500 минг юртдошимиз, яъни урушда қатнашганларнинг 30 фоизи ҳалок бўлган. Шунча қурбон ва йўқотишларни халқимиз ватанини фашизм балосидан сақлаб қолиш учун берган эди. Машъум урушда халқимиз ғалабага тезроқ эришиш учун фронт ортида ҳам мардонавор меҳнат қилган. Совуқ уруш дилларни ларзага келтирган. Қайғу-алам, айрилиқ ва жудолик ҳеч бир хонадонни четлаб ўтмаган. Уруш – бу ўлим, очарчилик, вайронагарчилик, касаллик ва болалар кўз ёши демакдир... Шундай оғир шароитларда бегона бир болани асраб олиш ҳам бебаҳо жасорат эмасми?!

Бугун Самарқанд вилояти, Қўшработ тумани, Қийқим қишлоғидаги Бобобековлар оиласини ҳамқишлоқлар ибратли ва файзли хонадон дея тилга олишади. Шарофат момо Ражабова бугун 104 баҳорни қарши олмоқда. Момо ҳалиям қадди тик, руҳи тетик, юз кўзларида шукроналик ҳисси мужассам. Суҳбатини олган одамнинг баҳри-дили яйрайди. Момодан шу ёшда ҳам бардам-бақувватлигининг сирини сўраганимизда у шундай жавоб берди: 

– Ҳалол меҳнат, бировнинг ҳақига кўз олайтирмаслик, шукроналик инсонни комилликка етаклайди. Умр бўйи элим, юртим деб яшадим. Очарчиликни ҳам, қора кунларни ҳам кўрдим. Шунда ҳам ўтаётган кунимга шукр қилдим. Мана бугун шуларнинг ажрини кўриб ўтирибман. Иззат-икромда яшаяпман. Бу гапларни набираларимга кўп айтаман. Илоҳим, Яратган Эгам шу табаррук юртимизни ёмон кўзлардан асрасин!

Момонинг умр йўлдоши раҳматлик Бобобек Ражабов урушдан кейинги даврларда узумчилик, чорвачилик билан узоқ йиллар шуғулланди. Кўп йиллар давомида колхоз раиси бўлиб ишлади. Шарофат момо билан биргаликда саккиз нафар фарзандни вояга етказди. Уйли-жойли, олий маълумотли, эл-юрт корига ярайдиган инсонлар қилиб тарбиялади. Бугун момо кўплаб невара, чевара ва эвараларнинг ҳузурини кўриб яшамоқда.

Умид Сориев, 
журналист

6 576