ЎзА Ўзбек

26.11.2018 12:09:50 Чоп этиш версияси

1000 дан ортиқ тадбиркор кредит билан таъминланди


Тошкент шаҳридаги Турин политехника университетида Тадбиркорлар ва ишбилармонлар ҳаракати – Ўзбекистон Либерал-демократик партияси сиёсий кенгашининг XI йиғилиши бўлиб ўтди. Унда партиянинг ўтган даврдаги фаолияти сарҳисоби, йўл қўйилган камчиликлар муҳокама қилиниб, келгусидаги вазифалар белгилаб олинди.

Тадбирда таъкидланганидек, мамлакатимиз ижтимоий-сиёсий ҳаётида мутлақо янги саҳифани очиб берган сўнгги икки йилда амалга оширилган ислоҳотлар шиддати OʻzLiDePдан ҳам замон билан ҳамнафас бўлиш, фаолиятини тубдан такомиллаштиришга замин яратди. Партия зиммасига тамомила янги вазифаларни юклаб, халқчил фаолият йўналишларини белгилаб берди. 

Жумладан, ўтган давр мобайнида партия ҳамда унинг фракцияси ушбу муҳим ҳужжатнинг барча йўналишида кўзланган вазифаларни амалга оширишда фаол иштирок этди. Хусусан, OʻzLiDeP фракцияси томонидан 28 қонунчилик ташаббуси илгари сурилди. Улар суд-ҳуқуқ тизимини янада либераллаштириш, парламент назоратининг қонуний асосларини такомиллаштириш, қонунлар, давлат дастурларини ишлаб чиқиш ва ижросини таъминлашда парламентнинг ролини кучайтириш, сиёсий партияларнинг жамиятдаги ролини юксалтириш, тадбиркорларга кенг имкониятлар яратиб бериш, давлат бошқаруви ва ҳокимияти органларининг очиқлигини таъминлаш каби муҳим масалаларнинг самарали ҳал этилишига қаратилган. 

DSC_0114.JPG

Партия фаолиятини янги сифат даражасига олиб чиқишда давлатимиз раҳбарининг 2017 йил 12 июлдаги Олий Мажлис палаталари, сиёсий партиялар ҳамда Ўзбекистон Экологик ҳаракати вакиллари билан видеоселектор йиғилишидаги маърузасида илгари сурилган фикрлар алоҳида ўрин эгаллади. Хусусан, Президентимиз томонидан белгилаб берилган муҳим вазифалардан бири – OʻzLiDeP томонидан Ўзбекистон Республикаси Иқтисодиёт ва Молия вазирликлари, Ўзбекистон Республикаси Инвестициялар бўйича давлат қўмитаси фаолияти устидан самарали парламент ва депутатлик назоратини олиб боришдан иборат эди. 

Маълумотларга кўра, жорий йилнинг август-сентябрь ойларида халқ билан очиқ мулоқот қилиш ва аҳоли муаммоларига ечим топиш мақсадида партия сиёсий кенгаши ижроия қўмитаси қарори билан ишчи гуруҳлар тузилди. Ишчи гуруҳлар жойларда “Ҳар бир оила – тадбиркор”, “Yoshlar – kelajagimiz”, “Обод қишлоқ”, “Обод маҳалла” каби ўта муҳим дастурлар ижросини ўрганиш юзасидан электорат вакиллари ва аҳоли билан юзма-юз мулоқотлар олиб борди. 

Мулоқотлар натижасида 650 га яқин фуқарога ўз томорқасида тадбиркорлик қилиши учун, 1000 дан ортиқ тадбиркорга эса фаолиятини кенгайтириш учун кредитлар олиб беришда кўмаклашилди. Жойларда ташкил этилаётган сайёр қабуллар ҳам партия электорати манфаатларини ишончли ҳимоя қилиш ва аҳоли муаммоларини бартараф этишга хизмат қилаяпти. Ҳисобот даврида партия масъул ходимлари, фаоллар, маҳаллий Кенгашлардаги OʻzLiDeP депутатлик гуруҳлари, маҳаллий ижро ҳокимияти вакиллари ва тегишли мутасадди ташкилотларни жалб этган ҳолда 228 маротаба сайёр қабул ташкил этилиб, уларда 10 мингдан ортиқ аҳоли иштирок этди. 

OʻzLiDePнинг олий таълим муассасалари билан ҳамкорликдаги “Янги авлод кадрлари” лойиҳаси ҳам ана шу вазифаларнинг рўёбига хизмат қилмоқда. Ҳисобот даврида лойиҳа доирасида 21 олий таълим муассасасида партия фаолиятига оид 49 тақдимот ўтказилди. 658 талаба OʻzLiDeP кадрлар захирасига олиниб, уларнинг 37 нафари ҳудудий партия ташкилотларида амалиёт ўтамоқда. 

Шунингдек, йиғилишда партиянинг “Аёллар қаноти” ва “Ёшлар қаноти” томонидан ҳам амалга оширилган ишлар сарҳисоб қилиниб, ёшлар, хотин-қизлар масалаларига қаратилган ишларини янада такомиллаштириш лозимлиги алоҳида таъкидланди. 

Йиғилиш давомида “Тадбиркорлар ва ишбилармонлар ҳаракати – Ўзбекистон Либерал-демократик партияси – 15 йил халқ хизматида!” деб номланган китоб тақдимоти ҳам бўлиб ўтди. 

Йиғилишда партия томонидан эришилган ютуқлар билан бир қаторда йўл қўйилган камчиликлар ҳам муҳокама қилиниб, бу борада тегишли вазифалар белгилаб берилди.