ЎзА Ўзбек

19.07.2020 Чоп этиш версияси

100 йилдан ошган гужум дарахтлари давлат назоратига олинди

100 йилдан ошган гужум дарахтлари давлат назоратига олинди
Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2019 йил 17 январдаги «Давлат ўрмон фондига кирмайдиган ерларда дарахтлар ва буталардан фойдаланишни тартибга солиш ва улардан фойдаланиш соҳасида рухсат бериш тартибини янада такомиллаштириш тўғрисида»ги қарори ижросини таъминлаш мақсадида Қорақалпоғистон Республикаси Экология қўмитасининг инспекторлари томонидан кўп йиллик дарахт турлари ўрганилмоқда.

Мазкур қўмита Ахборот хизматининг маълум қилишича, ўрганиш жараёнида Чимбой туманидаги «Гужум», «Бахтли», «Қўстерак» овул фуқаролар йиғинлари ҳудудида жами 8 туп 100 йилдан ошган гужум дарахти аниқланди.

Гужум дарахти ўта чидамли бўлиб, юз йилдан ортиқ умр кўради. Мутахасcисларнинг таъкидлашича, қайрағочлар оиласига мансуб ушбу наботот намунаси жой танламайди. Худди янтоққа ўхшаб чуқур илдиз отиб, қурғоқчил, шўрланган ерларда ҳам ўсаверади. Барглари тукчалар билан қоплангани боис қуёш иссиқлигини ўтказмайди. Ҳаводаги намликни сўриб олиши туфайли буғлантириш хусусияти кам. Шу боис иҳотазорлар барпо этишда, асосан, гужумдан фойдаланилади.

Дарҳақиқат, гужум қум кўчкиларининг олдини олиш, шамол йўлини тўсиш, тупроқни эрозиядан асрашдан ташқари, иқлимни мўътадил сақлашда қўл келади. Айниқса, ёзнинг жазирамасида қуюқ соя бериб, офтобнинг тангадек нурини ҳам ўтказмайди. У карбонат ангидрид газини ютиб, кўп миқдорда кислород ишлаб чиқаради, ноорганик чангларни тутиб, ҳавони тозалайди. Бу — ҳар қандай иссиқ, хусусан, воҳанинг кескин континентал иқлим шароитида ҳам инсоннинг ҳордиқ чиқариши учун қулай шароит яратади, деганидир. 

Гужум дарахти илдизи ва уруғидан кўпаяди. У садақайрағоч, яъни қорамон дарахтига пайванд қилинса, сизот сувларига чидамлилиги янада мустаҳкамланади, умри эса узаяди.

Чимбой тумани ҳокимининг жорий йил 10 июлдаги қарори билан 100 йилдан ошган 8 туп гужум дарахти «Миллий табиат эсдалиги» деб эълон қилинди ва муҳофаза қилинадиган ҳудудлар давлат кадастрига киритилди.

3 552
Довуд АБИБУЛЛАЕВ, ЎзА