ЎзА Ўзбек

02.04.2018 14:16 Чоп этиш версияси

10 сотих ердан уч марта ҳосил олиш сирлари ошкор этилди

"Томорқага экин экиш" ойлиги

Қашқадарё вилоятининг Қарши туманидаги Қозоқ қишлоғи аҳли 8-10 сотих томорқасидан миллионлаб даромад қилади. Хўш, улар бунга қандай эришмоқда?


– Фақат меҳнат орқали-да, – дейди "Шодлик" маҳалла фуқаролар йиғини раиси Муҳиддин Рустамов. – Одамлар ҳали қиш тугамай томорқада деҳқончилик ишларини бошлаб юборади. Асосан эртачи шолғом, бодринг, картошка каби экинлар етиштиради. Уларни йиғиштириб олгач, бўшаган ерларга помидор экишади. Кузда эса яна кечки шолғом билан сабзи. Хуллас, йил давомида томорқадан уч марта ҳосил олади. Шунинг ортидан болаларини ўқитади, уй-жой кўтаради, бу ёғи тўй-ҳашам, машина дегандай...

Маҳсулот қанча эрта етиштирилиб, бозорга олиб чиқилса, даромади ҳам шунга яраша бўлади. Қозоқ қишлоғидагилар январь ойининг учинчи ўн кунлигидан бошлаб ерга эртачи шолғом уруғини қадайди. Ҳали қиш ўртаси бўлишига қарамай, бу борада ҳам қозоқликларнинг ўзига хос синалган усули бор. Иссиқхонада ҳар учта пуштачага бир қатор целлофан ўрами ёйиб қопланади. Шамол кўтариб юбормаслиги учун атрофи тупроқ билан кўмилади. Бунда целлофан икки вазифани бажаради. Биринчидан, ерни қизитади. Иккинчидан, мавжуд намликни сақлаб туради. Шунингдек, уруғ танлаш ҳам муҳим. Келинг, яхшиси уларнинг ўзи бу ҳақда гапириб берсин.

– Томорқамизнинг 10 сотихига эртачи шолғом экканмиз, – дейди Рустам ака Боймуродов. – Аввало, шолғом экиладиган ер обдон ағдарилиб, йилига икки марта маҳаллий ўғит билан тўйинтирилади. Масалан, мен ҳар қадамига бир арава гўнг соламан. Шундай қилинса, минерал ўғитларга ҳожат қолмайди. Асосий иш иссиқ кунлар келиши билан плёнкани кўтаргандан кейин бошланади. Икки-уч марта ўтоқ қилиниб, сийраклаштирилади. Бунда оила аъзоларим асосий кўмакчи. Шолғом тез ривожланувчи экин. Апрелнинг бошида бозорга чиқади.

Маҳсулотни етиштиргач, пуллашни ҳам билиш керак. Акс ҳолда, меҳнатингизга куйиб қолишингиз ҳеч гап эмас. Қозоқликларнинг таъкидлашича, “шолғом” сўзининг маъноси ҳам “шоду ғам” дегани экан. Вақтида бозорга чиқариб, пуллай олсангиз, шод бўласиз, мабодо эплай олмасангиз, ғамга ботасиз. Оила бекаси Сайёра Даминованинг шолғом харидоргирлигини оширишда ўзи ишлаб чиққан жайдари усуллари бор. Саралаб олинган шолғом дастлаб бир-икки соат очиқ ҳавода, қуёш тегадиган жойга териб қўйилиши лозим. Шундай қилинмаса, хонадон соҳибасининг айтишича, ҳали хом бўлгани сабабли шолғомнинг қизил ранги учиб, бозори ўтмай қолар экан. Кейинги босқичда териб қўйилган шолғомнинг барглари чиройли қилиб кесиб чиқилади. Сўнгра ювилиб, уч-тўрт донадан қилиб боғланади ва қопга жойланади.

– Эртачи шолғом уруғ ҳам танлайди, – дея суҳбатимизга қўшилади тажрибали деҳқон Эркин ака Рўзиев. – Четдан уруғ олмаймиз. Кечки етиштирилган шолғомдан саралаб-саралаб олинган шолғомларни уруғлик учун алоҳида ўрада сақлаймиз ва эрта баҳорда экиб, ўстириб уруғини оламиз. Бу билан иш якунланмайди. Олинган уруғни бир йил сақлаб, кейин экилса, ҳосилдорлиги юқори бўлади.

– Мўл ҳосил олишда яна нималарга эътибор қаратиш лозим? – сўраймиз улардан:

– Шолғом сувсевар экин, – изоҳ беради Эркин ака. – Ҳосилнинг катта-каттасини орадан териб олиб, сув қуйиш керак. Бу ҳол ҳар уч-тўрт кунда такрорланаверади. Иложи борича оқова сув билан суғорган маъқул. Шунда ҳосил мўл бўлади. Териб олинган шолғом эса бозорга олиб чиқилади.

Дарвоқе, “Шодлик” маҳалла фуқаролар йиғинига қарашли Қозоқ, Говхона, Хушвақт, Чорвоқбойғунди, Қумбойғунди каби қишлоқларнинг томорқачиликдаги тажрибаси кўпчиликка ўрнак. Бу қишлоқлар аҳли бодринг, помидор, картошка етиштиришни ҳам яхши ўзлаштирган. Ҳозирда шолғом билан бирга картошка ҳам экиб бўлинган. Бодринг учун эса жойлар тайёр ҳолатга келтирилган. Шолғомни пуллаб бўлгач, картошкага навбат келади, сўнгра бодрингга... Хуллас, мазкур қишлоқлардаги ҳар бир хонадонда бу ҳол анъанага айланган.

Аммо, гуруч курмаксиз бўлмас, деганларидек, мўъжазгина томорқасини бўш қўйиб, эътиборсиз қолдираётганлар ҳам топилади. “Шодлик” маҳалла фуқаролар йиғинига қарашли Говхона қишлоғида яшовчи Зайниддин Сайфуллаев ҳам 8-10 сотихлик томорқасидан унумли фойдаланмайди. Баҳорнинг икки ойи ортда қолган бўлса-да, маҳалла фаолларининг қистови билангина томорқасидаги ерларни энди ағдармоқда. У ишсизлик туфайли турли жойларда ёлланма ишчи сифатида ишлагани, шу боис томорқасини бироз эътиборсиз қолдиргани ва энди бу хатони қайта такрорламаслигини таъкидлади.

Шу ўринда қишлоқда уйига халта кўтариб қайтаётган одамлар ҳақида бир мулоҳаза... Уларнинг аксарияти картошка, пиёз, сабзи, шолғом... Нега? Уларда томорқа йўқми? Бор. Фақат томорқага бироз эътиборсиз, бунинг устига ҳафсаласизлик, янаям аниқроқ айтганда, дангасалик.

Яна бир гап: вилоят бозорларида сотилаётган мева-сабзавот ва полиз маҳсулотларининг маълум қисми бошқа вилоятлардан келтирилмоқда. Демак, воҳа аҳолисининг бу маҳсулотларга бўлган эҳтиёжини қондиришда қўшни вилоятлар деҳқонларининг ҳам каттагина ҳиссаси бор. Ваҳоланки, вилоятда бу борада ушбу маҳсулотларни қўшни вилоятларга чиқариш, ҳатто экспорт қилиш имконияти ҳам мавжуд.

Ўлмас Баротов, ЎзА
9 779