09.09.2018 09:09 Чоп этиш версияси

10 сентябрь – Жаҳон ўз жонига қасд қилишларнинг олдини олиш куни

10 сентябрь – Жаҳон ўз жонига қасд қилишларнинг олдини олиш куни

Жаҳон Соғлиқни сақлаш ташкилоти берган баёнотга қараганда, ҳар йили 800 мингдан ортиқ киши ўз жонига қасд қилади. Яъни ҳар 40 дақиқада бир кишининг ўз жонига қасд қилишини англатади. Бу борадаги илк ҳисобот яқинда эълон қилинди.

Таҳлилчиларнинг сўзларига қараганда, асосан 15 ёшдан 29 ёшгача бўлган шахслар ўз жонига қасд қилар экан. Шунингдек, 70 дан ошган қариялар ҳам бу дунёдан ўз жонларига қасд қилган ҳолда кетишга мойил бўлишар экан. Эркаклар аёлларга нисбатан уч баробар кўп ўз жонига қасд қилишади. Ҳар тўртдан битта ўз жонига қасд қилиш ҳолати қашшоқ ва ривожланиш йўлига ўтган мамлакатлар ҳиссасига тўғри келади. Сўнгги 45 йилда ўз жонига қасд қилувчилар сони жаҳонда 60%га ошгани айтилади.

Ўз жонига қасд қилиш расмий тилда Суицид (лотинча. sui caedere — ўзини ўлдирмоқ) деб аталади. Мазкур муаммо жаҳон соғлиқни сақлаш тармоғи учун асосий глобал фожиа экани таъкидланади.

Ҳар йили 10 сентябрни Жаҳон Соғлиқни сақлаш ташкилоти Ўз жонига қасд қилиш ҳолатларининг олдини олиш Халқаро ассоциацияси (International Association for Suicide Prevention) билан ҳамкорликда Жаҳон ўз жонига қасд қилишларнинг олдини олиш куни (World Suicide Prevention Day) сифатида нишонлайди.

Бу сана 2003 йилдан бери нишонланиб келинмоқда. Шу куни жаҳонда ўз жонига қасд қилишларни бартараф этиш борасида амалга оширилаётган эзгу ишлар сарҳисоб қилинади. Таҳлилчиларнинг сўзларига қараганда, ҳозир замон шу қадар тез ривожланиб бораяптики, у ёки бу ҳолларда кишилар ўз ҳаётларига қарши жиноят қилишга, яъни жонларига қасд қилишга мажбур бўлмоқда. Статистик маълумотларга кўра, жаҳонда зўравонлик асосида юз берган ўлимларнинг тенг ярмини ўз жонига қасд қилиш ҳолати ташкил этади.

Таҳлилчилар Шарқий Европа мамлакатлари суицид бўйича биринчи ўринда эканини айтишади. Японияда ҳар йили 30 минг киши ўз жонига қасд қилади. Ўз жонига қасд қилувчилар Лотин Америкаси ва мусулмон давлатларида жуда ҳам озчиликни ташкил қилади. Сўнгги вақтларда Россияда ўз жонига қасд қилувчилар сони ёшлар орасида кўплаб учрамоқда.

Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти бир йилда суицидлар сони бир миллионга яқинлашиб қолаётганидан хавотирга тушмоқда. Агар вазият шу тариқа давом этадиган бўлса, 2020 йилга бориб ўз жонига қасд қилувчилар сони бир ярим баробар ошар экан. Шу сабабли ҳам ўз жонига қасд қилиш ҳолатларининг олдини олиш Халқаро ассоциацияси Жаҳон Соғлиқни сақлаш ташкилоти билан ҳамкорликда Жаҳон ўз жонига қасд қилишларнинг олдини олиш кунини ўтказар экан, дунё ҳукуматлари ва жамоатчиликка мурожаат қилиб, инсонларнинг ҳаётини сақлаб қолиш мақсадида масъулиятни ҳис қилишга чақирмоқда.

Жаҳон Соғлиқни сақлаш ташкилоти нафақат ўз жонига қасд қилиш ҳолатларини тўхтатишга, балки ҳаётдан тўйиб кетган кишиларни даволашга эътибор қаратиш лозимлигини айтиб келади.

Таҳлилчилар Европа ва Шимолий Америкадаги вазиятни ўрганиб чиққанларидан сўнг, мазкур минтақа мамлакатларида руҳан тушкунликка тушган ва спиртли ичимликлар ичиш натижасида одамлар ўз жонларига қасд қилишларини аниқладилар. Мутахассислар жаҳон мамлакатларида ўз жонига қасд қилиш ҳолатларини бартараф этиш мақсадида етарлича тарғибот-ташвиқот ишлари олиб борилмаётгани айтиб, нолишади.

Ўсмирлар асосан қашшоқлик, оила аъзолари ёки тенгдошларининг салбий муносабати, рад этилган севги, ўқишдаги ўзлаштириш пасайиши, бедаво касаллик, болаликдаги зўравонликлар асорати, гиёҳванд ва алкогол маҳсулотлар истеъмоли оқибатида ўз жонларига қасд қилади.

АҚШдаўз жонига қасд қилувчилар ўқ отар қуроллардан (52,1 фоиз), ўзларини осиш ва бўғиш (22,2 фоиз), заҳарланиш (17,6 фоиз) ва бошқа методлар (8,1фоиз)дан фойдаланишади.

Бугунги кунда бир қатор мамлакатларда ўз жонига қасд қилишга уринган шахслар жазога тортилади. Масалан, Ҳиндистонда ўзини ўлдиришга уринган шахс бир йил озодликдан маҳрум қилинади ёки жаримага тортилади. Сингапурда ҳам ўзини ўлдиришга уринган шахслар бир йил қамоқда ўтиришга мажбур.

Сўнгги сўз ўрнида таъкидлаш керакки, жаҳон динларининг барчасида ўз жонига қасд қилувчилар қаттиқ қораланади ва гуноҳ сифатида кўрилади. Айрим халқларда ўз жонига қасд қилувчилар қабристондан ташқарига кўмилади. Ислом динида эса ўз жонига қасд қилганларга жаноза ўқилмайди.

Шарофиддин Тўлаганов, ЎзА
3 449