ЎзА Ўзбек

09.11.2019 Чоп этиш версияси

10 ноябрь – Тиббиёт ходимлари куни

10 ноябрь – Тиббиёт ходимлари куни

2006 йил 12 сентябрда қабул қилинган “Ўзбекистон Республикаси тиббиёт ходимлари кунини белгилаш тўғрисида” қонунга мувофиқ мамлакатимизда ноябрь ойининг иккинчи якшанбаси шифокорларнинг касб байрами куни сифатида ҳар йили тантанали нишонланиб келинади.

Урганч шаҳар ҳокимлигида ҳам ушбу кун муносабати билан байрам тадбири ўтказилди.

Тадбирда Президентимизнинг 2018 йил 7 декабрдаги Фармони билан тасдиқланган 2019 – 2025 йилларда Ўзбекистон Республикаси соғлиқни сақлаш тизимини ривожлантириш концепцияси ҳамда 2019–2021 йилларда Ўзбекистон Республикаси соғлиқни сақлаш тизимини ривожлантириш концепциясини амалга ошириш чора-тадбирлари дастури соҳа ривожида янги даврни бошлаб бергани таъкидлаб ўтилди.

Яна бир муҳим жиҳат, соҳа вакилларининг моддий манфаатдорлигини ошириш, самарали ишлаши учун муносиб шарт-шароитлар яратишга ҳам алоҳида эътибор қаратилмоқда. Хусусан, Президентимизнинг 2018 йил 7 ноябрдаги “Давлат тиббиёт муассасалари ва соғлиқни сақлашни бошқариш органлари ходимларини моддий рағбатлантиришни кучайтириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорига мувофиқ, соҳа ходимларининг меҳнатига ҳақ тўлаш миқдорлари оширилганлиги ана шу эътибор самарасидир.

Ҳозирда Урганч шаҳри аҳолисига 5 та тиббиёт муассасаларида 320 нафар шифокор, 845 нафар ўрта тиббиёт ходимлари малакали тиббий хизмат кўрсатиб келмоқда.

Соҳада амалга оширилаётган ислоҳотлар натижасида, эндиликда тиббий хизматнинг асосий вазифаси касалликларни даволаш эмас, балки уларнинг олдини олишга, аҳолининг саломатлик кўрсаткичларини яхшилашга, узоқ умр кўришига ҳисса қўшишга йўналтирилганлиги билан аҳамиятлидир.

Тадбирда инсон саломатлиги учун масъул, ҳаётимиз мазмунли ва бардавом бўлиши учун жон куйдираётган, ўзини қўйиб, бошқаларга ҳаёт бахшида қилишга қасам ичган ва фидойи бир гуруҳ тиббиёт ходимлари Урганч шаҳар ҳокимлиги томонидан муносиб рағбатлантирилди.

2 594
ЎзА