Размер шрифта: A A A
Цвет сайта: A A A A

02.02.2018 18:18 Чоп этиш версияси

10 кунда 6 мингдан зиёд муаммо аниқланди

Фарғона вилоятининг Риштон туманида маҳаллалар ва оилалардаги ижтимоий-маънавий муҳитни ўрганиш ва аниқланган камчиликларни бартараф этишга кўмаклашувчи Республика ишчи гуруҳи томонидан аҳоли билан мулоқотлар ўтказилди.

Мамлакатимизда инсон манфаатлари устуворлигини таъминлаш, аҳолининг турмуш даражасини юксалтириш, уларни қийнаётган муаммоларни ҳал этиш, оғирини енгил қилишга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Қўшни давлат билан чегарадош бўлган Риштон туманида ҳам ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш дастури ишлаб чиқилиб, ижросини таъминлашга устувор аҳамият қаратилаётир. Тўрт сектор раҳбари томонидан ўзларига бириктирилган ҳудудлар бўйича ишлаб чиқилган “йўл харитаси” асосида муайян ишлар амалга оширилмоқда. Шундай бўлса-да, туманда кўплаб соҳаларда ўз ечимини кутаётган муаммолар бор экан.

Республика ишчи гуруҳи томонидан 68 маҳалла фуқаролар йиғини ўрганилиб, 11 минг 946 хонадонга уйма-уй кириб чиқилди. Ўрганиш жараёнида оилалардаги ижтимоий-маънавий муҳит, электр энергия, суюлтирилган газ, ичимлик суви таъминоти, йўлларни таъмирлаш, бандлик, халқ таълими каби йўналишларда 6 мингдан зиёд муаммо аниқланди ва уларнинг баъзилари жойида ҳал этилди. Қолганларига ҳам ечим топиш юзасидан аниқ чора-тадбирлар дастури ишлаб чиқилмоқда.

Мурожаатлар билан ишлаш, халқ билан мулоқот қилиш ҳам доимий эътиборда. Туман Халқ қабулхонаси томонидан вилоят ҳокими Ш.Ғаниевнинг мутасадди раҳбарлар билан биргаликда ҳудуддаги энг чекка маҳаллаларда доимий равишда сайёр қабули ташкил этилмоқда. Ўтган йили ўтказилган 191 сайёр қабулга 610 мурожаат келиб тушган бўлиб, шундан 497 таси қаноатлантирилган. Айни пайтда бу ишлар изчил давом эттирилмоқда.

Республика ишчи гуруҳи иштирокида ўн кун давомида туман маҳаллаларидаги 33 трансформатор таъмирланди. Қиш мавсуми учун ижтимоий соҳага қўшимча 3 минг 500 тонна, туман аҳолисига 4 минг 533 тоннадан зиёд кўмир етказиб берилди. Табиий газ таъминоти қониқарсиз бўлган ҳудудлардаги кам таъминланган ва кўп оилали хонадонларга 14 мингдан ортиқ маиший газ баллонлари етказиб берилди. “Гумбаз” маҳалла фуқаролар йиғинининг Шодлик кўчасига асфальт ётқизиш, 500 метр масофага тоза ичимлик суви келтириш масаласи ҳал этилди.

Юқори Авазбой маҳалласида 7 мингдан ортиқ аҳоли истиқомат қилади. Туманнинг айрим ҳудудларида бўлгани каби бу ерда ҳам тоза ичимлик сувига эҳтиёж жиддий муаммолардан биридир.

– Мутасаддилар томонидан мазкур масала ўз ечимини топди, – дейди "Юқори Авазбой" маҳалла фуқаролар йиғини раиси Мусожон Турсунов. –Жумладан, Наврўз, Юқори пичоқчи, Ёшлик кўчаларида ичимлик суви тармоғини тортиш ишлари якунига етказилди. Ҳудудда ишга туширилган қудуқнинг суви лаборатория назоратида ичишга яроқли деб топилди. Анча йиллардан бери аҳолини қийнаб келаётган муаммо амалий ҳал этилганидан барча миннатдор.

Аҳолининг ижтимоий ҳимоясини кучайтириш, ногиронларга кўмак бериш, моддий-маънавий қўллаб-қувватлаш борасида ҳам бир қатор ишлар олиб борилди. Учариқ маҳалласида 5 нафар имконияти чекланган фуқарога ногиронлик аравачаси берилди. 15 нафарига озиқ-овқат ва дори-дармонлар жамланмаси топширилди. Ҳудуддаги 546 оиланинг моддий-маънавий аҳволи юзасидан тегишли тадбирлар ишлаб чиқилди.

Туманда тадбиркорликни ривожлантириш, аҳоли бандлиги, тиббиёт, таълим ва бошқа йўналишларда ҳам кўплаб ишлар қилинди.

Инсон манфаатлари ҳамма нарсадан улуғ, деган ғоя асосида амалга оширилаётган бу каби эзгу ишлар юртдошларимизда эртанги кунга ишонч туйғусини янада мустаҳкамламоқда. Буни риштонликлар мисолида ҳам яққол кўриш мумкин. Президентимизга билдирилаётган миннатдорлик сўзларининг ўзи ҳам халқ билан мулоқот қилишнинг амалий самараси эмасми аслида.

Маъсуджон Сулаймонов, ЎзА
11 533